Қайднома

Қидирув

Жанжалкаш қувғинди ёки яна Маттео Гендузи ҳақида...

Жанжалкаш қувғинди ёки яна Маттео Гендузи ҳақида...

  28.10.2021 03:03
  0
  184
Жанжалкаш қувғинди ёки яна Маттео Гендузи ҳақида...

Ўтган йилнинг 20 июнь оқшомида бўлиб ўтган «Брайтон»га қарши учрашув Маттео Гендузи учун Лондоннинг «Арсенал» клуби либосидаги сўнгги ўйин бўлиб қолди: 1:2 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин бош мураббий Микель Артета франциялик иқтидорли футболчини ҳатто захира ўриндиғига ҳам лойиқ кўрмади. «Чағалайлар»га қарши баҳс жараёнида Гендузи Нил Мопе ва яна икки нафар рақиб ўйинчиларига АПЛда энг оз маош олишларини айтиб, уларни калака қилганди. Бундан дарғазаб бўлган Мопе 95-дақиқада «Арсенал» дарвозасига ғалаба тўпини киритиб, Маттеодан ўчини олди.

«У «Брайтон» футболчиларини ношуд лапашанглар сифатида масхара қилиб, ўзи улар ҳеч қачон эриша олмайдиган маош олишини айтиб, мақтанган. Бу қилиғини Гендузи бошқа учрашувларда ҳам намойиш этган. «Арсенал» - нуфузли клуб, у ердагилар бунақа феъл-атворли футболчиларга тоқат қилолмайдилар», - деб ёзганди Daily Mail ишончли манбаларга асосланган ҳолда.

Ана шу факт Гендузини жамоадан четлатиш учун Артетага етарли бўлди. Ҳатто иқтидорли навқирон ярим ҳимоячини Дидье Дешам Франция терма жамоасига таклиф этгани ҳам испаниялик мураббийни фикридан қайтара олмади. Бундан ташқари, ўзининг юксак салоҳиятини Маттео АПЛда намойиш этишга улгурганди. Жумладан, 2019 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган «Тоттенхэм»га қарши белашувда (2:2) Обамеянгга ассистентлик қилиб, «тўпчилар»ни мағлубиятдан қутқариб қолганди.

«Менда футбол ассоциациясига нисбатан муаммолар ҳам, дисквалификациялар ҳам йўқ эди. Фақат ғалаба иштиёқида тўп сурардим. Сизга бир мисол келтираман: «Челси» билан бўлган беллашувда Обамеянг ажойиб узатмани голга айлантира олмади. Табиийки, мен ғазабдан қўлларим билан чимни муштладим. Кейин Пьер-Эмерик буни видеода томоша қилиб, мириқиб кулганди. Мен яшил майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам 100 фоиз фидойиман. Доимо нималарнидир гапираман, жим тура олмайман. Мен шунақа йигитман», - деганди Маттео «Брайтон» билан кечган, ўзи ва «Арсенал» учун омадсиз бўлган ўша ўйиндан кейин.

Бироқ Артета унинг келажак тақдирини узил-кесил ҳал этиб бўлганди: 2020 йилнинг кузида Гендузи Берлиннинг «Герта»сига «сургун» қилинди.

Афсуски, Германияда ҳам Англиядаги ҳолат такрорланди: орадан ярим йил ўтмасдан, «Герта» бош мураббийи Пал Дардаи франциялик футболчининг феъл-атворидан қониқмаганлигини очиқ-ойдин ошкор этди. Немисларнинг йирик нашри Bild Гендузини «инжиқ» ва маслаҳатларга қулоқ солмайдиган «ўжар» ўйинчи эканлиги ҳақидаги мақолани чоп этди. Берлинликлар бош мураббийи шундан кейин ҳам тинч тура олмади: «У худди жинсий балоғат даврини бошдан кечираётган йигитчага ўхшайди. Қайсидир маънода - исёнчи. Уни худди жонивордек ишлатиш ва тарбиялаш лозим».

Табиийки, «Герта» ҳам Маттео учун торлик қилди ва у 2021 йилнинг июлида навбатдаги ижарага - бу сафар Марселнинг «Олимпик»ига йўл олди. Хайриятки, марселликлар устози Хорхе Сампаоли билан Гендузи ўртасида ҳозирча муаммолар йўқ. Эҳтимол, бу 61 ёшли аргентиналик мутахассис жанжалкашлик ва «даҳанаки» жанг бобида Маттеодан қолишмаслиги учундир.

Ҳатто Лига 1 доирасидаги сўнг­ги учрашувда («Лилль», 0:2) Сампаоли 22 ёшли Гендузига сардорлик боғичини ишониб топширди. Демак, мураббий дебютант шогирдининг табиатидан норози эмас. Лекин «Марсел»даги бошқа футболчиларнинг муносабатлари яхши эмас. Машғулотлар базасида жанубликлар жамоасини кузатган франциялик касбдошимиз Ромен Канутининг фикрлари қуйидагича: «Марсел»да бир қатор футболчилар Гендузи билан тил топиша олмаяптилар. Машғулот жараёнида у доимо жамоадошларини нима биландир айблайди, кимдир тўпни талаб даражасида тўхтата олмаса, балога қолади - Маттео тиззалаб оладида, Худога нола қилади. Бу қилиғи ҳамманинг нафратини қўзғайди. Шунга ўхшаш серҳиссиёт ўйинчиларга марселликлар кўникиб қолишган. Лекин легионерларга хуш келмайди. Жамоада ҳаммага бирдек тош отаверадиган футболчи ҳеч қачон яхши муносабатга сазовор бўлмайди».

Бир пайтлари «Арсенал» мухлислари Аршавинни ҳуштакбозлик билан кутиб олганларида, Арсен Венгер «У Россия терма жамоасининг сардори» дейиш билан ўзини оқлаганди. Агар «Марсел»даги кескин вазият давом этадиган бўлса, тез орада жиддий можаро юз бериши аниқ. Ҳозирча, Гендузи рақиблари билан жанжаллашишни тўхтатгани йўқ: Европа Лигаси доирасидаги «Галатасарой» билан бўлган баҳс­да (0:0) унга Патрик ван Анхольт «Твиттер» орқали ғазабини сочганди. Маттеонинг пенальти ишлаш мақсадида амалга оширган симуляцияси нидерландиялик мутахассисни шундай қилишга мажбур этганди: «VAR сенинг ноҳақ эканлигингни исботлаганидан кейин, ҳатто оғиз очишга ҳам ҳаққинг йўқ эди. Эсингни йиғиб ол, миттивой. Акс ҳолда, бошингдаги парикни юлиб оламан. Яшасин менинг шерларим! Улар сафарда очко олишни уддаладилар».

Ўзини қўлга олиб, жанжалкашликка барҳам бериши ва эҳтимол, «Арсенал»да ўзини кўрсатиш учун сўнгги имкониятига эга бўлиши учун Гендузи ихтиёрида бир мавсум қолди, холос. Унинг «Марсель» билан имзолаган шартномаси янги йилнинг 30 июнида ниҳоясига етади. Лондонликлар билан тузилган шартнома эса 2023 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Жорий мавсум якунида Артета истеъфога чиқарилиши мумкин - унинг раҳбарлигида «Арсенал» ўртамиёналар сафидан кўтарила олмаяпти. Демакки, Маттео шу ягона имкониятдан умидвор бўлиши мумкин. Бироқ бунинг учун у аввало, эс-ҳушини йиғиб, нималарга қодир эканлигини Лига 1 учрашувларида намойиш этиши ва келиши тахмин қилинаётган «тўпчилар»нинг янги бош мураббийини қониқтира оладиган мақомга эга бўлиши лозим.

Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам йўқ эмас: ўзининг исёнкор ва жанжалкаш табиатидан Маттео воз кеча оладими? Унга ўхшаган ўжар табиат соҳиблари умрининг охиригача шундай қолишлари эҳтимоли кўпроқ: ҳатто ўлим тўшагида ётганида унга сув келтираётган эварасини ҳам секин юрганлиги учун дакки бераётганини тасаввур қилиш осонроқ. Бундай бўлмаслигига умид қилган ҳолда, Гендузининг тўғри йўлни топиб олишига тилакдошмиз.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz