Қайднома

Қидирув

Ракурс: 42 соатда 8300 км. парвоз, икки ўйин

Ракурс: 42 соатда 8300 км. парвоз, икки ўйин

  30.10.2021 02:52
  0
  187
Ракурс: 42 соатда 8300 км. парвоз, икки ўйин

Октябрь ойидаги ФИФА кунлари «Лион» вакили Лукас Пакетанинг атиги 42 соат ичида 8300 километр­лик парвозни амалга оширишига тўғри келди. У бу оралиқда 2та расмий ўйинда майдонга ҳам тушди. «Тўқувчилар» 16 октябрь куни Лига 1 10-тури доирасида «Монако»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бу учрашувнинг асосий лавҳаси 67-дақиқада кузатилди - Райан Шерки ўрнига Лукас Пакета тушган бўлса, Тони Кадевере ўз жойини Жердан Шакирига бўшатиб берди. «Лион» мураббийлар штаби ўйин давомида захира футболчиларига бошқа мурожаат қилгани йўқ. Кейин, 75-дақиқада Карл Токо-Экамби пенальтидан фойдаланиб, ҳисобни очди. Якунда Жейсон Денайер ўз голи билан барчасига нуқта қўйди - 2:0. «Лион»нинг иккинчи голида Лукас Пакета бевосита иштирок этди. Аниқроғи, голдан олдинги узатмага айнан бразилиялик футболчи муаллифлик қилди.

«Лион» - «Монако» учрашуви 16 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 23:55да бошланди. Пакета бунга қадар, яъни Францияга қайтишидан олдин бошқа қитъада, бошқа даражадаги ўйинда майдонга тушганди. Аниқроқ айтсак, у Манаус шаҳрида Бразилия ва Уругвай миллий жамоалари ўртасида кечган ЖЧ-2022 саралаш учрашувида қатнашиб, «сариқ девлар»нинг 4:1 ҳисобида устун келишларига ҳисса қўшди. Тўлиқроқ маълумот берсак, Лукас ўйинда 61-дақиқагача ҳаракатланди ва бразилияликлар бу вақтда 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишди. Ўйин санасига келсак, у Тошкент вақти билан 15 октябрь куни соат 05:30да бошланди. Хуллас, Бразилия ва Франциядаги икки учрашувнинг бошланғич вақти ўртасида атиги 42,5 соат ўтди. Манаус ва Лион ўртасидаги масофа эса тахминан 8300 километрга тенг. Қарангки, Пакета Бразилия - Уругвай ўйинидан кейин дарҳол Лионга парвоз қилиб, Лига 1 доирасидаги ўйинга тайёр бўлишга улгурди. Айтганча, Аргентина термаси ва «ПСЖ» клуби етакчиси Лионель Месси ҳам худди шундай ҳолатга тушди. Фақат Лео ихтиёрида янада камроқ вақт қолганди, шунинг учунми, Маурисио Почеттино «Анже»га қарши баҳсда унинг хизматидан фойдаланмасликка қарор қилди. Яъни Месси Парижга вақтида қайтди, аммо ўйин пайти трибунада ўтирди.

Табиийки, ўйиндан сўнг «Лион»нинг барча футболчилари ва мураббийлари Пакетани алоҳида олқишлашди, ундан ҳайратда қолишганини яширишмади. Жумладан, биринчи гол муаллифи Карл Токо-Экамби бразилияликни Франция чемпионатининг энг яхши футболчиларидан бири сифатида мақтади: «Шубҳасиз, Пакета - Лига-1даги энг кучли ўйинчилар қаторида. У буни ҳар дам олиш кунлари амалда исботламоқда. Лукас - толмас аскар. Мана, Бразилиядан анча кеч қайтганига қарамай, майдонга тушиб, ҳаммага намуна бўлди». Ҳимоячи Денайернинг айтишича эса, Пакета ҳар доим ўйинда ижобий ўзгариш қилишга қодир ва бу буюк ижрочиларга хос.

«Лион» футболчиларининг айтишларича, «Монако» билан ўйин­дан олдин Пакетанинг ўзи мураббийлар штабига мурожаат этиб, ўзини қайдномага киритишни сўраган экан. «Тўқувчилар» бош мураббийи Питер Бош финал ҳуштаги чалинганидан кейин ҳам у ҳақда қандайдир қўрқув билан гапирди: «Тушунаман, катта таваккалга қўл урдим. Оддий шароит бўлганида, Лукас ўйнай олмасди. Ахир 42 соат олдин майдонга тушди, 1 соатча Бразилияда туриб, кейин самолётга ўтирди. Очиғи, футболчини бундай ҳолатда майдонга ташламаслигим керак, бироқ ўйиннинг равиши шундай йўл тутишимни тақозо этди». Бош барчасини «Лион»да жароҳатлар билан боғлиқ катта муаммо борлиги билан тушунтирди. Дарвоқе, «Монако»га қарши ўйиндан олдин барча футболчилар меҳмонхонада жамоавий йиғилишда қатнашган бўлсалар, Пакета нидерландиялик мураббий қарори билан ўз хонасида дам олган.

Лукас Пакета - «Лион»нинг асосий футболчиларидан бири. У ўтган мавсум Лига-1 доирасидаги 30та ўйинда 9та гол уриб, яна 5тасига ҳаммуаллифлик қилди. Бразилиялик жорий мавсум 10та учрашувда қатнашди (ҳар бирида ўртача 63 дақиқа тўп сурди) ва уларнинг 4тасида 4та гол урди. «Лион» эса бу учрашувларда 7 очко олди. Франция клуби уни «Милан»дан 20 миллион еврога сотиб олганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz