Қайднома

Қидирув

Жавоҳир СОҲИБОВ: «Суперлигада қолиш вазифасини уддалаймиз»

Жавоҳир СОҲИБОВ: «Суперлигада қолиш вазифасини уддалаймиз»

  05.11.2021 07:37
  0
  375
Жавоҳир СОҲИБОВ: «Суперлигада қолиш вазифасини уддалаймиз»

Термизнинг «Сурхон» жамоаси мавсум якунида муҳим очколарни қўлга киритган ҳолда, Суперлигада қолиш имкониятини бироз яхшилаб олди. Ўзбекистон кубогида ҳам чорак финал босқичигача етиб борди. Айтиш керакки, «Сурхон» таркибида муаммолар етарли бўлса-да, Баҳром Ҳайдаров имкониятдан келиб чиққан ҳолда, футболчиларни ўйинларга тайёрламоқда. «Бунёдкор»га қарши ўтказилган Ўзбекистон кубоги чорак финали ҳамда чемпионатнинг қолган баҳслари борасида «Сурхон» етакчиси Жавоҳир Соҳибов билан суҳбатлашдик.

- «Бунёдкор»га қарши ўйиндан кейинги таассуротларингиз қандай?

- Ёмон ўйнамадик. Рақибга эртароқ босим уюштирганимизда, дарвозамизда иккита тўп олиб чиқмаган бўлардик. Гол уриб олганимиздан сўнг устунлик биз томонга ўтди. Фақат, иккинчи тўпни киритишимиз учун вақт етмади. Гарчи ютқазган бўлсак-да, ўйин томонлама улардан асло қолишмадик.

- Жамоанинг Суперлигада қолиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Умид қиламанки, бу вазифани уддалаймиз. Олдимизда тўрт­та учрашув қолди. Шундан иккитасини ўз майдонимизда - «Машъал» ва «Насаф»га қарши ўтказамиз. Қолган икки ўйинимиз меҳмонда - «Пахтакор» ва «Бунёдкор» билан кечади. Ўйлайманки, мазкур учрашувларда ўзимизни қониқтирадиган натижаларга эриша оламиз. Ҳозирда жамоанинг ички ҳолати жуда яхши, «Сурхон»ни Суперлигада олиб қолиш учун охиригача курашамиз.

- Жамоага иккинчи даврада келиб қўшилдингиз. Ҳозирги ҳолатингиздан қониқиш ҳосил қиляпсизми?

- Ҳаммаси ҳозирча қониқарли. Қолган ўйинларда ҳам жамоамиз муваффақиятларига ҳисса қўшишни истайман.

- «Сурхон» Суперлигада қолса, жамоадаги фаолиятингиз давом этадими ёки?..

- Тўғриси, бу ҳақда ўйламаяпман. Чунки бор эътиборим жамоани Суперлигада сақлаб қолишга қаратилган. Агар вазифани бажарсак, кейинчалик раҳбарият билан келажагим борасида гаплашиб оламиз. Шартномам муддати декабрь ойида якунланади.

- Охирги вақтларда тез-тез жамоа алмаштираётганингиз сабаби нимада?

- «Локомотив»да жароҳатим борлиги сабабли ўйнай олмадим. «Турон»да эса бироз келишмовчилик бўлди. Лекин ўйин томонлама ҳеч қандай муаммо юзага келгани йўқ. «Сурхон»да ҳозир барчаси мени қониқтирмоқда. Ўзим ҳам тез-тез жамоа алмаштиришни ёқтирмайман. Имкон қадар бир жойда узоқ вақт тўп суриб, жамоага фойда келтиришни истайман.

- Жиддий жароҳат олиб, узоқ вақт майдон ташқарида бўлдингиз. Ҳозирга келиб ушбу жароҳат яна безовта қилмаяптими?

- Аллоҳга шукрки, ҳаммаси жойида, барчаси ортда қолди. Янада кўпроқ ўйнаб, аввалги даражага чиқишни режалаштирганман. Бунинг учун машғулотларга катта эътибор қаратганман. Жароҳат ҳар қандай спортчининг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Фақатгина, бунга тўғри қараш ва сабр қилган ҳолда, ортга чекинмаслиик керак.

- «Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон терма жамоасида тўп сурган вақтингизда сизга хориж жамоаларидан таклифлар тушганми?

- Албатта. У вақтлари хориждан таклифлар етарлича бўлган. Бироқ «Пахтакор» билан амалда шартномам мавжудлиги туфайли барчасини рад этганман. У вақтлари «Пахтакор»ни тарк этиш осон бўлмаган.

- Аввалроқ Украина клуби кўригида бўлганингиздан хабаримиз бор. Ўшанда қандайдир келишмовчилик сабабли жамоа ихтиёрини тарк этганмидингиз?

- «Верес» клубида қандайдир тушунмовчиликлар бўлган. Бу ҳақда аввалги интервьюларимда батафсил гапирганман, уларни яна эслашни истамайман.

- Сречко Катанецнинг Ўзбекистон миллий термаси бош мураббийи этиб тайинланиши сизда ҳам бош жамоага қайтиш имконияти пайдо бўлганини анг­латадими?

- Суперлигада тўп сураётган ҳар бир футболчи Ўзбекистон миллий термаси либосида майдонга чиқишни орзу қилади. Жумладан, мен ҳам яна бош жамоада ўйнаш ниятидаман. Албатта, бунинг учун аввало, юқори даражадаги спорт формамни тиклаб олишим даркор. Ишонаманки, Катанец Суперлигадаги ҳамма жамоалар иштирокидаги ўйинларни кузата туриб, муносиб номзодларни ўқув-йиғин машғулотларига жалб қилади. Мен ҳам «Сурхон»даги иштироким орқали Катанецнинг назарига тушишни истайман.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz