Қайднома

Қидирув

Саад ал ШЕҲРИ: “Болалар – футболнинг эртаси”

Саад ал ШЕҲРИ: “Болалар – футболнинг эртаси”

  07.11.2021 11:00
  0
  261
Саад ал ШЕҲРИ: “Болалар – футболнинг эртаси”

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони (U-23) жамоалари ўртасидаги ўйиндан сўнг, «саҳро лочинлари» устози - Саад ал Шеҳри шошилиб турганига қарамай, Sports.uz журналистлари учун вақт ажратиб, интервью берди.

- Саудия Арабистони футболидаги ўсиш нима билан боғлиқ?

- Аслида, бу жуда катта мавзу. Саволингизга жавоб беришим учун соатлаб фикр билдиришимга тўғри келади. Шунга қарамай, соддароқ тушунтиришга уриниб кўраман. Биз биринчи бўлиб футбол академияларига эътибор қаратганмиз. У ерда ёшлар куннинг 24 соатини қандай ўтказишини тўлиқ мураббийлар белгилаб беради. Ҳар бир машғулотдан тортиб, кунлик таомномасигача профессионаллар кузатувида. Болалар - футболнинг эртаси. Бизда деярли барча ёш тоифасида лигалар бор ва бу жуда кичик ёшдан бошланади. Мисол сифатида 6 ёшли футболчилар чемпионатини келтириб ўтишим мумкин. Бу ёш тоифасида чемпионат ташкил этилгач, иқтидорли болаларни ажратиб олиш янада осонлашади. Умуман олганда, бугунги Саудия Арабистони термасининг қудрати болалар футболида олиб борилаётган ислоҳот билан чамбарчас боғлиқ.

- Футболни ривожлантириш учун катта маблағ бўлиши шарт­ми?

- Албатта! Пул - бу жуда муҳим омил. Нафақат спорт, исталган соҳада ривожланиш учун катта маблағ зарур. Агар пулингиз бўлмаса, ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Тўғри, катта пуллар ҳамма нарсани ҳал этмайди. Уни тўғри сарфлашни ҳам билиш керак, бироқ пул бўлмаса, катта ишларни амалга оширишнинг имкони йўқ. Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳар қандай соҳада ривожланиш учун улкан капитал бўлиши ва уни тўғри йўналтиришни биладиган профессионаллар керак. Бошқачасига, пулдан наф чиқариб бўлмайди.

- Сизнингча, Осиёнинг айни пайтдаги энг кучли 5 жамоаси қайсилар?

- Миллий терма жамоалар миқ­ёсида олсак, Саудия Арабистони қитъанинг энг кучли жамоаси деб ҳисоблайман. Сўзларим эриш туюлмасин. Жаҳон чемпионати саралашида ўз юришини давом эттираётган жамоалар ҳақида гапиряпман. Ҳар ҳолда, термалар кучини шу мезонда ўлчаш адолатдан бўлади. Қитъамиздаги барча кучли жамоалар ҳозир мундиал йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Саудияга айни дамда тенг келадиган рақиб йўқ! Агар қитъанинг бошқа грандлари ҳақида сўз борса, биринчи навбатда, Жанубий Корея, Япония, Авс­тралияни алоҳида эътироф этаман. Кучли бешликни катта эҳтимол билан Эрон термаси якунлаб беради. Бу мамлакатлар термаси ҳозир Осиё қитъасидаги бошқа термалардан анча замонавийроқ футбол намойиш этмоқда.

- Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг бугунги учрашувдаги кучли ва кучсиз томонлари нимада бўлди?

- Ўйин ҳақида ортиқча тўхталиб ўтирмайман. Бу баҳсда икки томон ҳам бор кучини кўрсатгани йўқ. Биз Ўзбекистон Осиё чемпионати йўлланмасини ҳал этиб қўйгани учун ортиқча куч сарфламаслигини билардик. Шу боис, таркибимиздаги асосий футболчиларни уларга қарши ўйинда «беркитдик». Жамоа ҳақида тўлиқ фикр билдиришим бироз ноўрин бўлади. Ҳар ҳолда, кучлар майдондаги ўйиндан сўнг ўлчанади. Шунга қарамай, таркибингизда бир қанча яхши даражадаги футболчилар бор эканлигини тан олиш лозим. Ўйлашимча, жамоа­нинг келажаги порлоқ. Бу йигитлар келажакда терма жамоа даражасига кўтарилишига умид қиламан.

- Қайси ўзбек футболчиларини танийсиз?

- Биринчи навбатда, Жалолиддин Машарипов кўз олдимизга келади. У бизнинг «Ал-Наср» клубимизда тўп суради. Техникаси кучли, майдонни яхши кўра олади. У ҳақида бошқа футболчиларингиздан кўра кўпроқ маълумотга эгаман. Шунингдек, олимпия термаси аъзоси Жасур Жалолиддинов ҳам менда илиқ таассурот қолдирди, биз билан ўйинда ҳам қолганлардан яққол ажралиб турди. Умид қиламанки, у ўсишдан тўхтаб қолмайди. Қолган ўзбек футболчиларини кузатмаганим учун фикр билдиролмайман.

Жавоҳир АЗИМОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz