Қайднома

Қидирув

Эътироф: «Милан» ўзига ўхшамоқда

Эътироф: «Милан» ўзига ўхшамоқда

  09.11.2021 05:45
  0
  256
Эътироф: «Милан» ўзига ўхшамоқда

Ўтган якшанба куни «Милан» «Рома» майдонида ғалаба қозониб (2:1), 31 очко тўплаган ҳолда, «Наполи» билан пешқадамликни бўлишиб турибди. 3-ўриндаги жамоа билан орадаги фарқ 7тага тенг. «Россонерилар» бундай ажойиб стартни Сильвио Берлускони даврида ҳам намойиш этишмаганди - 10 ўйинда 9 ғалаба. Сўнг­ги бор жамоа бундан деярли 70 аввал - мавсум-1954|55ни шундай қойилмақом тарзда бошлаганди. Албатта, Стефано Пиоли шогирдлари шу билан кифояланиб қолмасликларини тахмин қилишга асослар етарли.

56 ёшли мутахассис «Сан-Сиро»га 2019 йилнинг октябрида келганди. «Милан» ўша пайт 7 тур ўйинини ўтказиб (3 ғалаба, 4 мағлубият), 9 очко жамғарган ҳолда 14-ўринни эгаллаб турганди. Якунда эса кучли олтиликка кирди. Кейинги йили жамоа стартдаёқ яхши тезлик олди. Худди жорий мавсумдагидек - дастлабки 10 турда 8 ғалаба ва 2 дуранг.

Ўшанда кўпчилик буни сенсация сифатида қабул қилган, мағлубиятсиз серия 16-тур доирасидаги «Ювентус»га қарши баҳс­гача давом этишини ҳеч ким кутмаганди. «Милан» ўзаги «қария» Златан Ибрагимович мададидан роҳатланган ёшлар ҳисобига шакл­ланганди, шу боис, совринлар масаласига жиддий қаралмаган. Антонио Конте бошчилигидаги «Интер» қўшниларини осонгина ортда қолдириб, финишга 12 очколи фарқ билан биринчи ўринда етиб келди.

 

МОЛИЯВИЙ СОҒАЙИШ

Бу қимматли тажриба бўлди. Нафақат мураббий ва футболчилар, балки клуб менежменти учун ҳам. «Торино» билан ўйин бошланишига бир неча соатлар қолганда, акционерлар йиғилиши ўтган мавсумнинг молиявий ҳисоботини чиқарди - аввалги йил билан солиштирганда, даромад 17 млн. еврогача ўсди, зиён эса (-96 млн.) икки мартага камайди. Бу стадиондан умуман фойда олинмаган пандемия даврига тўғри келди. «Россонерилар»нинг молиявий ҳолати яхшиланмоқда ва бу Elliott инвестиция компанияси хўжайинларини қувонтирмай қолмайди.

Иқтисодий ютуқлар замирида клуб президенти Паоло Скарони ҳамда бош директор Иван Газидиснинг алоҳида хизматлари ётибди, аммо улар шу билан чекланиб қолмоқчи эмаслар. Скаронининг айтишича, яқин келажакда инфратузилмани яхшилаш, биринчи навбатда, стадион қуриш асосий вазифа сифатида белгиланган. Унинг сўзларига кўра, клуб шаҳар мэри Жузеппе Сала билан дастлабки келишувга ҳам эришган. «Милан» яқин орада афсонавий «Сан-Сиро»дан бошқа ерга кўчиб ўтишни режалаштирмоқда. Табиийки, бунинг учун аввало, янги аренани қуриш керак, лекин ҳар ҳолда, иш олдинга юрмоқда.

Иккинчи масала - спортдаги натижалар: «Молиявий баланс ижобий кўрсаткичлар билан узвий боғлиқ, шу боис, ютуқлар муҳим роль ўйнайди. Чемпионлар Лигасидаги иштирок кейинги уч йил мобайнида молиявий йўқотишларни қисқартириш, балки йўқотиш имконини бериши мумкин».

Шу билан бирга, Скалони Суперлига лойиҳасини ҳам унутмаяпти: «Лойиҳа кейинроққа қолдирилди, аммо у билан боғлиқ муаммолар ҳали бартараф этилмаган. ФИФА ва УЕФА ҳар тарафлама, жумладан, тижорий соҳада ҳам назорат қилувчи орган ҳисобланади, демакки, Европа суди Суперлига антимонопол қонунчилигига зид эмаслигини аниқлаши лозим. Муҳокамалар Люксембургдан қарор келгунча тўхтаб турибди».

 

ТАРКИБ МАСАЛАСИДАГИ ҚИЙИНЧИЛИКЛАР

Агар клуб иқтисодий мақсадларини амалга оширишни уддаласа, Жанлуижи Доннарумма сингари муҳим футболчиларини йўқотмайди, бироқ ўйинчиларнинг ўта юқори талабларини бажариш осон эмаслигини тушуниш лозим. «COVID-19 туфайли клублар иқтисодий томондан эҳтиёткорликка эътибор қаратмоқда, лекин футболчи ва агентлар ўзларини пандемия бўлмагандек тутишмоқда. Музокаралар қийинлашмоқда, чунки керакли натижаларга эришиш учун жамоани текинга тўплашга тўғри келмоқда. Биз қарорларни клубнинг молиявий аҳволидан келиб чиққан ҳолда чиқаришда давом этамиз», - деди Газидис.

Юқори савияли футболчиларни текинга қўлга киритиш осонмас. Ўтган ёзда миланликлар трансфер бозорида 73,6 млн. сарфлашди, фақат Диего Лаксальтни «Динамо»га сотиш орқали 3,5 млн. ишлашди. Ўз навбатида, бир мавсум учун қарийб 10 млн. евродан олган етакчилар - Доннарумма («ПСЖ») ҳамда Ҳоқон Чалханоглуни қўйиб юбориш эвазига маошлар «ведомост»ини қисқартиришга эришишди.

Таркибга келгусида яхшигина даромад келтириши мумкин бўлган ёшлар жалб этилди. Фикайо Томори (23 ёш) ҳамда Сандро Тонали (21) бир йиллик ижарадан сўнг сотиб олинди, Мик Меньян эса Франциянинг амалдаги чемпиони «Лилл»дан олинди. Уларнинг барчаси асосий таркибдан жой олишди. Браим Диас («Реал»), Тьемуэ Бакайоко («Челси») ва Алессандро Флоренци («Рома») каби футболчилар эса ижара асосида «Милан» шарафини ҳимоя қиладиган бўлишди. Бу ўйинчиларнинг ҳаммаси ҳам бошланғич таркибга кирмаяпти, бироқ Пиолига ротация масаласида кенг имкониятларни тақдим этишмоқда. Мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар учун жамоани шакллантиришга масъул бўлган Паоло Мальдини ҳамда Фредерик Массарага раҳмат айтса арзийди.

 

ЖИРУ БАЛОТЕЛЛИНИНГ НАТИЖАСИНИ ТАКРОРЛАДИ

Оливье Жиру номини ҳам алоҳида тилга олиш даркор. Француз «Челси»да ишончсизликдан қийналди, аммо гоҳида майдонга тушганда, фойдали эканлигини исботлади. Шунга қарамай, у Фрэнк Лэмпардга ҳам, Томас Тухелга ҳам керак бўлмади. Лондонликлар «Интер»дан Ромелу Лукакуни трансфер қилишни ўйлай бошлаганларида эса...

«Милан» Жируни рамзий сумма эвазига қўлга киритди - 1 млн. Коронавирусга мусбат тест топширгани сабаб 10 кун уйида қамалиб ўтирди, чемпионатда эса 7та ўйин ўтказиб, 4та гол урди - «Верона» (3:2) ва «Торино» (1:0) билан баҳсларда биттадан тўп киритган бўлса, «Кальяри»га қарши баҳсда (4:1) «дубль» расмийлаштирди. Дарвоқе, «Верона» билан ўйинда француз гол уришидан аввал «россонерилар» 59-дақиқагача 0:2 ҳисобида ютқазишаётганди.

Ваҳоланки, 35 ёшли футболчи учун карантин даврида яхши жисмоний ҳолатни сақлаб туриш осонмас. Шунга қарамай, Жиру «Сан-Сиро»даги дастлабки учта ўйинда гол уришга эришди, бунақаси сўнг­ги бор 2013 йили Марио Балотеллига насиб қилганди. Умуман, Филиппо Инзаги мухлислари хотиржам ухлашлари мумкин - 9-рақамли футболка ишончли қўлларда.

Пиолининг ихтиёрида Жирудан ташқари Златан ҳам борлигини унутмаслик керак. Швециялик ҳужумчи сўнгги турда «Рома» дарвозасини ишғол қилиб, чемпионатлардаги 400-голини нишонлади. У Швеция, Нидерландия, Италия, Испания, Франция, Англия ва АҚШ биринчиликларида рақиблар дарвозасини ишғол қилган. Қирол!

 

ПИОЛИ УЧУН  ВАРИАНТЛАР

Алоҳида ижрочилардан ташқари, раҳбарият ташкил этиб берган узун захира ўриндиғининг аҳамиятини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Бу нарса «Милан» учун сўнгги 10 кун ичида 4-ўйин бўлган «Торино» билан баҳсда ҳам яққол кўринди. Футболчиларнинг бир қисми ҳордиқ чиқаришга эҳтиёж сезишди ва «лазарет» тўлиб ётганига қарамай (бу мавсум жамоага қарғиш теккан кўринади - бир футболчи тузалса, унинг ўрнига икки киши жароҳатланмоқда), Пиолининг ихтиёрида ўйинчилар етарли эди.

«Жароҳатланганларнинг йўқлиги? Хайриятки, клуб кучли жамоа тўплади, бу эса менга кўплаб вариантларни тақдим этмоқда», - деди Пиоли ўйиндан сўнг. «Торино»га қарши баҳсда дарвозабон Миньян, ҳимоячилар Фоде Балло-Туре ва Флоренци, ярим ҳимоячилар Браим Диас ва Хуниор Мессиас, вингерлар Анте Ребич ва Саму Кастильехо қатнаша олмадилар. Шунингдек, карантиндан чиқишга шайланаётган Тео Эрнандес ҳамда ҳали тайёр бўлиб улгурмаган Ибра ҳам.

Лекин шундай оғир вазиятда ҳам Пиоли нафақат жанговар таркиб тузди, балки барча бешта ўйин алмаштириш имкониятидан ҳам фойдаланди. Дарвозани Чиприан Тэтэрушану (чемпионатдаги учинчи ўйин) қўриқлади, мудофаанинг чап қаноти Пьер Калюлюга («А» серияда 267 дақиқа) ишониб топширилди, ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида эса Раде Крунич (ягона голда Жируга ассистентлик қилди) ўйнади.

Ростини айтганда, «Милан» бу ўйиндан роҳатланмади. 90 дақиқа давомида майдон эгалари тузукроқ вазият яратишмади, лекин стандарт вазиятдан урилган тезкор гол ҳисобдан келиб чиқиб тўп суриш имконини берди. Иккинчи бўлимда «қизил-қоралар» ортга қайтиб, финал ҳуштаги чалинишини кутишди. Умуман, айни мураккаб тақвимда жамоадан бундан кўпроғи кутилмаганди - гол ўтказмаслик, уч очко олиш ва чўққига қайтиш. У ерда эса скудеттони орзу қилиш мумкин.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz