Қайднома

Қидирув

Салоҳнинг диетаси қандай?

Салоҳнинг диетаси қандай?

  10.11.2021 09:29
  0
  320
Салоҳнинг диетаси қандай?

«Ливерпул»нинг мисрлик голеадори Муҳаммад Салоҳ вақти-вақти билан пицца тановул қилиб, кун тартиби, аниқроғи, таомномасидан четга чиқсада, муваффақиятларида ўз танасини мунтазам чиниқтириб бориши муҳим аҳамият касб этишини жуда яхши билади. У шунинг учун ҳам ҳар куни режа асосида шуғулланади. Бунда барчаси қатъий тартибда белгилаб қўйилган.

Муҳаммад Салоҳ яқинда CNN канали меҳмони бўлиб, ўз диетаси (парҳези) ва кун тартиби ҳақида гапириб берди. Мисрлик ҳужумчи жумладан, таомномасига алоҳида тўхталди: «Қандай таомланиш жуда муҳим, бу спортчи учун бутун тайёргарлик жараёнининг ажралмас қисмидир. Бинобарин, тўғри овқатланиш, сифатли маҳсулотларни истеъмол қилиш тикланишга катта ёрдам беради. Тартибли таомнома яна мизғиб ухлашда ҳам муҳим. Яхши уйқу эса тезроқ тикланиш гарови ҳисобланади. Шахсий диетологимнинг айтишича, танамда ортиқча ёғ йўқ, шунинг учун кўнглим тусаган таомни тановул қилишим мумкин. Асосийси, спиртли ичимликлардан мутлақо йироқман, демакки, менда ҳаммаси жойида».

Тушунарлики, оч қорин билан яшаб бўлмайди, жисмоний машқ­ларни бажариш ҳақида-ку гапириш ҳам ортиқча. Салоҳнинг айтишича, у нонуштада кўпинча бир стакан сут ва паратха (ҳиндча нон) истеъмол қилади. Агар бу етарли бўлмаса, қандайдир мева қўшиши мумкин. Тушликка келсак, «Ливерпуль» футболчиси имкон қадар кўпроқ калория тўплашни хоҳлайди. Яъни асосан ясмиқ, сабзавот, нон ва товуқ гўштини танлайди, ҳаммасини катта стаканда йогурт ичиш билан ёпади. Салоҳнинг энг севимли егулиги - гуруч, макарон ва ясмиқдан тайёрланадиган, помидор, нўхат ҳамда пиёз қўшиладиган кушари таоми (Миср миллий таоми). Кечки таомнома эса одатда анча енгил бўлади - шўрва, салат ва сабзавотлар. Футболчи якунда шакарсиз бир стакан мева шарбати ичади.

Яна бир томони, Салоҳ спорт залида қаттиқ ишлайди. У ҳаттоки, жамоа машғулотларидан қайтиб ҳам, тренажёр залида қўшимча юкламалар олади. Жумладан, асосан тана вазнини меъёрида ушлаб туришга мўлжалланган машқларни бажаради. Булар - плиометрика ва йога элементлари, сузиш, мушакларга қаратилган машқлар. «Одатда уйқудан анча эрта тураман. Индивидуал машғулотларни эса вазиятга қараб, эрталаб ёки тушликдан кейин бошлайман. Кейин деярли 2 соатни тикланишга сарфлайман. Ҳар қандай жароҳат ёки танадаги турли оғриқлардан қутулиш учун терапия муолажаси ва махсус массаж жуда муҳим. Тикланиш жараёнидан сўнг «Ливерпул»нинг спорт залига бораман, бу футболчилар учун ихтиёрий. Умуман, ҳар бир жамоавий машғулотлардан кейин якка тартибда чиниқиш-тикланиш билан шуғулланаман. Якунда клуб ёки уйимдаги бассейнда сузиш машқларини бажараман. Агар уйда бўлсам, қизим Макка билан бирга. Хуллас, чамаси соат 19 ёки 20да кунлик машғулотларни тугатаман», - деди Муҳаммад Салоҳ бу борада.

Салоҳ айни пайт «Ливерпуль» раҳбарияти билан ўртадаги шарт­нома муддатини узайтириш масаласида музокара олиб бормоқда. Мерсисайдликлар мисрликни «Ливерпуль» тарихидаги энг кўп маош олувчи футболчи бўлишига хайрихоҳлар. Тўғри, томонлар якуний сумма бўйича ҳали келишолмадилар - Салоҳнинг агенти ҳафтасига 400 минг фунтдан кўпроқ сўрамоқда. Мисрлик голеадорнинг ўзи эса Sky Sports наш­ри мухбирлари билан суҳбатда шартнома масаласида гапириш баробарида футболдаги ўрни хусусида ҳам фикр билдирди: «Агар мендан сўрашса, фаолиятимнинг охиригача «Ливерпул»да қолишни истайман. Лекин ҳозир бундан ортиқ ҳеч гап айтолмайман - ҳаммаси ўзимгагина боғлиқ эмас. Клуб хоҳишини ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳақиқат шуки, айни ҳолатда ўзимни «Ливерпул»га қарши ўйнайдиган футболчи сифатида тасаввур ҳам қилолмайман.

Йўқ, ер юзида энг кучли футболчи эканлигимни тасдиқлолмайман: кимдир фикримга қўшилади, бошқа биров қўшилмайди. Шунчаки, ҳамон футбол ичида юрганимдан бахтиёрман. Яширмайман, ҳамиша жаҳон бўйича энг яхши мақомини олиш иштиёқи бор, албатта. Мени шу амбиция тараққиётга етаклайди. Тўғриси, ўз миямдаги хулосага кўра, жаҳонда энг кучлисиман. Фақат бу фикрни ичимда сақлайман, бу менга ишонч бағишлайди. Хулосамга қўшилиш-қўшилмасликлари эса муҳим эмас».

Муҳаммад Салоҳнинг жорий мавсум чиндан ҳам, зўр ўйнаётганини кўрсатувчи фактлар

 

***  2003 йилдан буён «Олд Траффорд»да «хет-трик»ка эришган биринчи футболчи бўлди (бунақаси охирги марта бразилиялик Роналдога насиб этганди). Умуман, АПЛ тарихида ҳеч ким «Юнайтед» стадионида 3та гол урган эмасди.

*** «Ливерпуль» тарихида «Олд Траффорд»даги кетма-кет 3та ўйин­да гол урган биринчи футболчи бўлди.

*** 2021 йили «МЮ»нинг уй аренасида 3 марта майдонга тушиб, 6та гол урди.

*** «Ливерпуль» тарихида кетма-кет 10та ўйинда гол урган биринчи футболчи бўлди.

*** АПЛ тарихида энг кўп гол урган африкалик футболчи бўлди (107та). Салоҳ бу борада Дидье Дрогба (104та гол)дан ўзиб кетди.

Эътироф

- Қани, менга Муҳаммад Салоҳдан яхшироғини кўрсатингчи! У айни пайт энг зўри, шубҳасиз. Ҳа, Месси ва Роналдунинг узоқ йиллик ҳукмронлигини яхши биламиз, бироқ ҳозирда Салоҳга етадигани йўқ. Бу гапни уни ҳар куни кузатиб бораётган мураббий сифатида айт­япман. Юрген Клопп («Ливерпуль» бош мураббийи, октябрь ойи).

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz