Қайднома

Қидирув

Функционерлар: Агар хўжайин яхши бўлса...

Функционерлар: Агар хўжайин яхши бўлса...

  10.11.2021 11:11
  0
  332
Функционерлар: Агар хўжайин яхши бўлса...

The Atletic нашри шу йилнинг май ойида АПЛ клублари мухлислари ўртасида ўзига хос сўров ўтказди. Унда иштирокчилар ҳукмига «Жамоа натижаларидан қониқяпсизми?» ва «Амалдаги мураббий ўз лавозимида қолишини истайсизми?» каби анъанавий саволлар ҳавола этилди, шунингдек, улардан клуб хўжайини фаолиятини баҳолаш ҳам сўралди. Диққат қилинг, сўровнинг учинчи бўғини бўйича «Лестер» соҳиби 1-ўринни эгаллади: жамоанинг сўровда қатнашган 98,63 фоиз мухлиси унинг ишидан мамнунлигини билдирди. Сўровда кейинги ўринларни  «Лидс» (97,92 фоиз) ва «Манчестер Сити» (97,90 фоизи) раҳбарияти банд этди.

***

«Лестер» 12 йилдан буён таиландлик Шриваданапрабхалар оиласи тасарруфида. «Тулкилар» шу давр ичида Чемпионшипдан элитага кўтарилдилар, шов-шувли тарзда АПЛ чемпионлигини қўлга киритдилар, ЧЛ чорак финалига қадар етиб бордилар ва совринлар коллекциясини Англия кубоги ҳамда суперкубоги билан бойитдилар. «Кинг Пауэр»­даги юксак парвозга шахсан Вичай Шриваданапрабха бошчилик қилди. Шу маънода айтсак, 2018 йилнинг октябрида юз берган авиаҳалокат клуб учун  даҳшатли йўқотишни олиб келди - таиландлик корчалон соҳиб ёруғ олам билан хайрлашди. Эндиликда «Лес­тер»ни Вичайнинг ўғли - Айаватт назорат қилмоқда. Футболчилар ва мухлислар билан раҳбарият ўртасидаги муносабатлар аввалгидек дўстона, самимий. Бундай чиройли алоқалар Англия, умуман, футбол оламида жуда кам учрайди. Таиландлик миллиардер Бангкок аэропортлари ҳудудидаги Duty-Free дўконлари ортидан бойиган. Айтиш жоиз, хитойлик тайлар оиласида дунёга келган Вичай 2013 йилга қадар оддийроқ фамилия билан юрган - Раксриаксорн. У Хитой Тайпейи ва АҚШда таҳсил олганидан кейин, яъни 1989 йили Таи­ланд пойтахтида жойлашган Mahatun Plaza бизнес-марказида мўъжазгина дўкон очади. 1995 йилга келиб, Вичай тасарруфидаги King Power компанияси Банг­кокнинг ўша пайтдаги бош аэропорти ҳудудида Duty-Free дўконлар тармоғини очиш учун ягона рухсатномани қўлга киритади. Вичай яна 2 йилдан кейин Халқаро савдо марказида божсиз бизнес бошқарувини назорат қила бошлайди. Асосийси, уста тадбиркор Қироллик оиласи билан тиғиз бизнес алоқаларни йўлга қўяди ва шунинг эвазига 2016 йили Таиланд­нинг энг йирик аэропортларида савдо тармоқлари монополияси тузиш ҳуқуқига эга бўлади. 2009 йили унинг компанияси Таиланд қироли ордени билан тақдирланади. Мамлакат раҳнамоси 2013 йилга келиб, Вичай ва унинг ворисларини қироллик фахрий мақоми - Шриваданапрабха шарифи билан мукофотлайди. Бу ибора «узоқ муддатли муваффақиятга лойиқ муқаддас оила» маъносини англатади. 2018 йилнинг кузида Forbes Вичайнинг бойлигини 4,9 млрд. долларга баҳолаган ва у Таиланднинг энг бадавлат кишилари орасида 5-ўринга кўтарилганди.

***

Вичай Шриваданапрабха «Лестер»ни клубнинг расмий ранги туфайли ёқтириб қолган. Умуман олганда, таиландлик миллиардер «тулкилар»га 1997 йилиёқ меҳр берган экан. «Лестер» ўша вақт Чемпионшипда ўйнарди. Айтишларича, муҳаббат жамоа Анг­лия Лига кубоги финалида «Мидл­сбро»ни енгган пайт бошланган. Бу - Вичай ва унинг ўғли Айаватт туманли ўлкада бевосита стадионда томоша қилишган дастлабки учрашув. Хуллас, таиландлик меҳмонларга «тулкилар» либосининг ранги ёқиб қолганди. Гап шундаки, Вичай компаниясининг расмий ранги ҳам - кўк. Умуман олганда, анчадан буён футбол клуби харид қилишни мўлжаллаб юрган Шриваданапрабха дарҳол Чемпионшип вакилини ўз қаноти остига олишга жазм этади. Ваҳоланки, «Лестер»нинг бўлажак соҳиби бир неча йил олдин «Стэмфорд Бриж»дан элит ложа сотиб олган ва унинг компанияси «Челси» ҳомийлари қаторида эди. Айтишларича, Вичай учун АПЛ жамоасини сотиб олиш «етарли даражада мураккаб ва қизиқарсиз лойиҳа»дек туюлган. Хуллас, Шриваданапрабха 2010 йили «Лес­тер» назорат пакети учун  америкалик серб Милан Мандаричга 40 миллион доллар тўлайди. Асосийси, «тулкилар»нинг янги соҳиби фурсатни бой бермай, дарҳол ишга киришади ва Чемпионшип мезонига кўра, сезиларли харажатга қўл уриб, бош мураббий лавозимига швециялик Свен-Ёран Эрикссонни таклиф этади. Шу тариқа жамоа муваффақият сари қадам ташлайди. «Лестер» мавсум-2003|2014да АПЛ йўлланмасини қўлга киритганида, Вичай ғалаба шарафига жамоа вакилларини Лондондаги энг нуфузли ресторанга тўплаб, катта зиёфат беради. Бундан ҳайратини яширолмаган ҳимоячи Роберт Хут хўжайин эътиборини алоҳида эътироф этганди: «Тўғриси, бутун фаолиятимда бу даражада қўллаб-қувватланишни ҳис қилган эмасдим. Умуман, ҳеч қачон клуб ва унинг соҳибидан шунчалик катта ёрдам олмаганман».

***

Роҳиблар футболчиларни дуо қилиб, учрашувлар вақти 90 дақиқа давомида ибодатда бўлишарди. Эътиқодли диндор саналган Вичай муваффақият ва омадсизликларни Яратгандан кўрар, «Кинг Пауэр» ва машғулот базасига ҳамиша роҳибларни таклиф қиларди. Улар учун стадионда алоҳида хона ҳам ажратилганди. Хуллас, роҳиблар бутун ўйин давомида ибодатда бўлиб, футболчиларга дуо ўқишарди. «Уларнинг ибодатлари жамоамизга ёрдам берса, қарши эмасмиз. Бу анъана ёқади. Вичай келгач, «Лестер» тобора кучга тўлмоқда, унинг қарорларини тўла қўллаб-қувватлаймиз», - деганди ярим ҳимоячи Энди Кинг. Вичайнинг ўзи ҳам ҳар бир учрашув арафасида роҳиблар билан бирга ибодат қиларди. Бордию, улар Англияга келолмасалар, 90 дақиқалик ибодатни Бангкокда амалга оширишарди. Футболчиларнинг айтишларича, клуб соҳиби уларга омад келтирувчи туморларни ҳам тортиқ этган, стадион деворлари ва трибунаости биноларига ибодат учун мўлжалланган байроқлар илиб қўйилган. Қарангки, нафақат «тулкилар», балки уларнинг соҳибига ҳам омад кулиб боқди. Вичай 2016 йилги чемпионликни нишонлаш чоғи казинода 2,5 млн. фунт ютиб олди ва маблағни футболчиларга сов­ға-салом улашишга сарфлади. Шу тариқа ҳар бир ўйинчи баҳоси 100 минг фунтга тенг BMW соҳибига айланди.

***

Вичай нафақат клуб, балки шаҳарнинг қадрдон одами бўлиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилди. «Кинг Пауэр»га ташриф буюрган мухлислар айниқса, Boxing Day ва клуб соҳибининг туғилган кунига тўғри келган учрашувларда қандайдир совғалар билан қайтишарди. Таиландлик миллиардер Лестердаги хайрия муассасига 2 млн. фунт ажратиш орқали 2та шифохона бирлашувидан йирик болалар госпитали шаклланишини таъминлаган қиймати 30 миллионга тенг лойиҳага катта ҳисса қўшди. «Ҳаётингизда омадли воқеалар юз берганида, жамоатчиликка ниманидир эҳсон қилишингиз лозим. Бу биз амалга ошираётган ишларнинг бир қисми, албатта. Шриваданапрабхалар оиласи Лестер шаҳрига ўз миннатдорчилигини шу тариқа изҳор этади. Бизни очиқ чеҳра билан қабул қилишларининг ўзи ҳам - улкан шараф», - дейди «тулкилар» клуби ижрочи-директори Сюзан Уилан. Марҳум Вичай шунингдек, Лестер университети тадқиқот лойиҳалари ва госпитали учун 1 млн. фунт ажратди. 2017 йили эса шифохона ускуналари харидига футболчилар ажратган 600 минг фунтга ўз ҳисобидан 1 млн. қўшиб қўйди.

***

2018 йилнинг 27 октябри - «Лес­тер» тарихидаги энг даҳшатли кун. «Кинг Пауэр»да «Вест Хэм»­га қарши кечган учрашувдан кейин Вичай ўз одатига кўра, стадионни шахсий вертолётида тарк этди. У кетиш арафасида кийиниш хонасига кириб, футболчилар билан бироз чақчақлашди. Бу пайт вертолёт соҳибни марказий доирада кутиб турарди. Вичай вертолётда аэропортга бориш ва Таиландга парвоз қилишни режалаштирганди. Аслида у Англияда кўпроқ бўлишни истасада, бизнес ишлари бунга имкон бермасди. Ўша машъум шанба оқшоми вертолёт ҳар галгидек стадиондан осмонга кўтарилди, лекин 1 дақиқадан кейин бошқарувни йўқотиб, 130 метр баландликдан автомобиллар тўхташ жойига қулади. Натижада соҳибдан ташқари, яна 4 нафар киши ҳаётдан кўз юмди: компания ходимлари Нурсара Сукнамаи ва Кавепорн Пунпаре, учувчилар Эрик Шваффер ва Изабела Роза Леховиц. Юз берган фожиа Лестерни бир неча ҳафталик мотамга буркади. Мухлислар ҳар куни стадионга гуллар, эсдалик шарфлари ва футболкаларни олиб келишарди. Жамоа тўлиқ таркиб билан Таиланддаги дафн маросимида иштирок этди, фожиадан кейинги дастлабки учрашувни кўз ёшларисиз томоша қилишнинг иложи бўлмади. Авиаҳалокатнинг 1 йиллиги муносабати билан «Кинг Пауэр» ёнида ҳалок бўлганлар хотирасига хиёбон ташкил этилди. Кейинчалик Вичайнинг King Power ва клубдаги ўрнини унинг кенжа ўғли Айаватт эгаллади. «Лестер» футболчилари ва мухлислар уни «Топ» ибораси билан мақташади. Марҳумнинг 4 нафар фарзанди бўлсада, у айнан «Топ» билан яхши муносабатда  эди: учрашувларга доимо бирга келишарди. 36 ёшли Айаватт айниқса, дарвозабон Каспер Шмейхель ва ҳужумчи Жейми Варди билан эски қадрдонлардек суҳбатлашарди. «Топ»нинг авиаҳалокатдан четда қолгани - бахтли тасодиф. У бизнес ишлари туфайли ўша куни Англияга келолмаганди. Айни пайт «тулкилар» жамоаси акцияларидан 55 фоизи «Топ», 15 фоизи унинг бева онаси Аймон, қолган 30 фоизи бизнесменнинг 3 нафар фарзанд (қизлари - Ворамас ва Аронроонг, ўғли - Апи­чет)га тегишли. Айаватт жамоанинг муҳим учрашувларига етиб келишга интилади ва элит ложада отасига шарафига бўш қолдириладиган кресло ёнида ўтиради. «Лестер» шу йил май ойида Англия кубогини қўлга киритди ва совринлар коллекцияси тўлиқ бўлишини таъминлади. «Топ» ўша оқшом стадионда эди, албатта. Бироқ тақдирлаш маросимида камтарлик билан майдон четида турди. Буни кўриб қолган Шмейхель «Топ»ни футболчилар сафига тортди. Кейин ўйинчилар кубокни соҳибга топширишди, уни қучоқлаб, шампань шаробига чўмилтиришди, «Уэмбли» бўйлаб, шодон югуришди. Энг асосийси, жамоа совринни «Топ» ихтиёрида қолдирди. 2 кундан ке­йин матбуот анжуманида қатнашган бош мураббий Брендан Рожерс тун бўйи кубокни қучоқлаб ухлаган соҳиб соврин дийдорига тўйганидан кейин уни қайтариб беришидан умидворлигини яширмади.

***

Айаватт клуб раҳбарияти билан ҳамкорликда отасининг режаларини секин-аста амалга оширмоқда. Дейлик, ёзда «Лестер» ихтиёрига қиймати 100 млн. фунтга тенг янги машғулотлар базаси топширилди. Энди навбат стадионни кенгайтириш ва унинг атрофида шаҳар иқтисодига сезиларли турт­ки берадиган бизнес-маркази бун­ёд этишга келди. «Тулкилар»нинг ҳар бир уй учрашуви битта қўшиқ билан бошланади ва ниҳоясига етади. Унинг мазмуни: «Вичайнинг орзуси бу, у Таи­ланд­дан келиб, жамоамизни харид қилди ва ўз одамимизга айланди. Биз ҳимоядан ўйнаймиз, қарши ҳужум уюштирамиз. Англия чемпионларимиз. Уни қўшиқ қилиб куйлашимизга ўзи шароит яратди».«Лестер» вакиллари яхши биладилар: кимки Шриваданапрабха оиласи каби қатъий ишонч билан олға интилса, барча орзулари рўёбга чиқади! Шундай соҳиби бор клубга нафақат Англия, балки бошқа мамлакатларда ҳам ҳавас билан боқишлари турган гап.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz