Қайднома

Қидирув

Евротур: Тиғизлик таъсири

Евротур: Тиғизлик таъсири

  11.11.2021 06:36
  0
  296
Евротур: Тиғизлик таъсири

Аввалги ҳафтадаги қўшалоқ турлар ва кубок беллашувлари топ-чемпионатлар вакилларини бироз толиқтириб қўйган кўринади. Ҳар ҳолда, бу турда етакчи бешлик аъзоларига 30тадан кўпроқ гол уриш насиб этмади.

Англия. Дастлабки ғалаба ва мағлубият

АПЛнинг 11-турида турнир жадвалининг юқори қисмида ўзгаришлар юз берди. Пешқадам «Стэмфорд Бриж»да «Бёрнли» билан муроса кўчасини танлаб (1:1), ягона очко билан кифояланди. Тўғри, ўйин асосан майдон эгаларининг устунликлари остида ўтди. Лекин «қора» гуруҳни тарк этишдан умидини узмаган меҳмонлар ҳам вақти-вақти билан Мендининг ҳушёрлигини синаб туришди. Қолаверса, ҳимояда жонбозлик кўрсатишди. Айниқса, дарвозабон ишончли ўйнади. Натижада мезбонлар 25та зарбадан атиги биттасини голга айлантира олишди - Жеймс­нинг қанотдан узатган тўпини Хаверц бош билан дарвозага йўллади.

Танаффусдан кейин ҳам ташаббус мезбонлар томонида бўлди, улар кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Лекин голни тиришқоқлик билан ҳимояланаётган меҳмонлар уришди. Уларнинг тезкор қарши ҳужумлари пайтида «Челси» ҳимоячилари сунъий «офсайд»ни юзага келтиришда хатога йўл қўйдилар - жарима майдончасида Менди қаршисида пайдо бўлган Родригес Вествуд узатган тўпни Видрага оширди, Матей эса дарвозани қийинчиликсиз ишғол этди. Қолган вақт ичида «Челси» ғалаба голини уришга улгурмади.

Етакчининг очко йўқотиши табиийки, таъқибчилар учун айни муддао бўлди. Жумладан, Лондонда «Вест Хэм» билан куч синашиши лозим бўлган «Ливерпуль» етакчига максимал яқинлашиб олиш имкониятига эга бўлганди. Бироқ шу пайтгача мағлубиятга учрамай келаётган Юрген Клопп жамоаси мавсумда илк бор майдонни бош эгиб тарк этди. Боз устига, беллашув меҳмонлар учун ўта омадсиз бошланди - Форнальснинг бурчакдан йўллаган тўпини рақиблари қуршовида қолган Алиссон қайтариш ўрнига, дарвозага киритди. Тезкор голдан руҳланган «болғачилар» фаолликни ошириб, Салоҳ, Мане ва Жотага ўйин беришмади. Оқибатда, «қизиллар» танаффус арафасида стандарт вазиятдан унумли фойдаланиш эвазига мувозанатни тикладилар.

Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар тўп назоратини меҳмонларга берган ҳолда, асосий эътиборни рақиб хатосидан унумли фойдаланишга қаратдилар. Натижада Форнальснинг қарши ҳужумдаги аниқ зарбаси эвазига яна олдинга ўтиб олдилар. Тез орада Зума ҳисобни ошириб, «Ливерпул»ни мағлубиятга яқинлаштириб қўйди. Ориги фарқни қисқартирган бўлсада, мағлубиятдан қутулиб қолишнинг иложи бўлмади. Шу тариқа Мойес шогирдлари «қизиллар»дан ўзиб, «Манчес­тер Сити»га етиб олишди.

Гвардиола жамоаси эса Манчестер дербисида худди ўз майдонидагидек хотиржам тўп сурди ва танаффусга қадар икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олди. Майдон эгалари эса Роналдунинг хавфли зарбасидан бошқа бирорта голга тортадиган вазиятни ярата олмадилар. Эҳтимол, Ба­йининг автоголи уларнинг руҳиятига салбий таъсир этгандир. Лекин нима бўлганда ҳам, агар дарвозада Де Хеа бўлмаганида, ҳисоб янада йирикроқ кўриниш олиши ҳеч гап эмасди.

Ниҳоят, сўнгги поғонада келаётган «Норвич» дастлабки ғалабасини расмийлаштирди. Қизиғи, жамоа мавсумни ўта муваффақиятли бошлаган бошқа бир дебютант - «Брентфорд» майдонида ғалабасиз серияга нуқта қўйди. Яна бир эътиборли жиҳат шуки, Фарке шогирдлари шу ўйинда биринчи марта 2та гол уришди. Аввалига Норманн тезкор (6) гол муаллифига айланди, Пукки эса пенальтидан унумли фойдаланди. Қолган дақиқалар мезбонлар устунлигида ўтди. Улар Крул дарвозасини 19 марта нишонга олишди, аммо фақат 1 марта уни ишғол этишди.

 

Испания. «Реал»ларга кулиб боққан омадли оқшом

Ҳисобот турида «Барселона» ҳамда «Атлетико» томонидан намойиш этилган тенги йўқ томоша ТВ орқали қулай вақтларда кўрсатилгани ва матбуотда кенг ёритилгани боис, тўхталиб ўтишни лозим топмадик. Етакчи учлик вакиллари бу турда навбатдаги ғалабаларини расмийлаштирдилар. Яъни, энг яқин таъ­қибчи - «Атлетико»дан сал бўлсада узоқлашиб олдилар.

Сан-Себастьяннинг «Реали» Памплонада маҳаллий «Осасуна» дарвозасига 2та жавобсиз гол уриб, ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. Тўғри, танаффусга қадар учрашув тенг курашлар остида, ҳатто мезбонлар устунлигида ўтди. Бироқ майдон эгалари старт­дагидек ишончли ўйин кўрсата олмаяптилар. Иккинчи бўлимда меҳмонлар фаолликни ошириб, Эррерани икки марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этдилар.

Мадриднинг «Реали» «Сантьяго Бернабеу»да «Райо Вальекано»га қарши баҳсни фаоллик билан бошлаб, тез орада буни таблода ифодалади. Аввалига Кроос, кейин Бензема меҳмонлар дарвозасини ишғол этишди. Иккинчи бўлимда «қироллик клуби 3- ва 4-голларини уриши ҳам мумкин эди. Бироқ Винисиус бўш қолган дарвозани забт этолмади, Асенсио эса Дмитриевскини «дуэл»да енга олмади.

Ираола Фалькаони жангга ташлагач, ташаббус меҳмонлар томонига ўтди. Таажжубки, Радамелнинг икки марта боши билан тўпга тегиниши жавоб голига олиб келди. Аввалига у тўпни чап қанотдаги Альваро Гарсияга ошириб, ўзи ўнг қанотга ўтди. Кейин жамоадоши узатган тўпни Куртуанинг қўли остидан дарвозага йўллади. Майдон эгалари бахтига, уругвайлик ҳужумчи сўнгги дақиқагача ўйнай олмади - тез орада жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Қўшимча вақтда меҳмонлар мувозанатни тиклашлари ҳам мумкин эди. Лекин Баллиунинг зарбасини Камавинга, Паласон зарбасини Куртуа бартараф этди.

«Бетис» ва «Севилья» ўртасидаги дерби номинал меҳмонлар фойдасига (0:2) ҳал бўлди. Таъкидлаш жоизки, танаффусга қадар икки марта сариқ карточка олган Родригес майдондан четлатилгач, «Бетис» ўйиннинг иккинчи ярмини озчилик билан ўтказишга мажбур бўлди.

 

Германия. «Лейпциг» кўтарилмоқда

Етакчи бешликдаги бошқа чемпионатлар каби, Бундеслига вакиллари ҳам бу турда сермаҳсулликка эриша олмадилар. 9 учрашувнинг 5таси томонларнинг минимал (1:0, 2:1) устунлиги, 3таси дуранг (1:1, 1:1, 2:2) ва биттаси ғолибнинг 2:0 ҳисобидаги зафари билан якунланди.

Жумладан, «Бавария» ҳар бўлимда «Фрайбург» дарвозасига биттадан гол уриб, сўнгги дақиқада ўзи тўп ўтказиб юборди.

Лейпцигдан шундай ҳисобдаги мағлубият билан қайтган «Боруссия Дортмунд» энди пешқадамдан 4 очкога ортда қолмоқда. Майдон эгалари эса аста-секин ўзига хос бўлган юқори поғонага интилмоқдалар. 5-ўрин бу жамоани қониқтирмайди, деб ўйлаймиз.

Ўз майдонида «Аугсбург»ни ягона гол эвазига маҳв этган «Вольфсбург» яна етакчи учликка яқинлашиб олди.

 

Италия. Рим грандлари квартетдан четда

Ҳисобот турида «А» серия етакчилари худди келишиб олгандек, ўз рақиблари билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекишди. Қизиғи, «Наполи» «Верона»дан, «Милан» эса «Интер»дан аввал гол қабул қилиб, кейин ҳисобни тенглаштиришди. Шу тариқа турнир жадвалининг дастлабки 3 поғонаси ўзгаришсиз қолди. Венециядан 2:3 ҳисобидаги мағлубият билан қайтган «Рома» ўрнини Кальярида зафар қучган (2:1) «Аталанта» эгаллади.

Пойтахтда «Салернитана» дарвозасига 3та жавобсиз тўп йўллаган «Лацио» «Рома»нинг ён қўшниси бўлиб олди.

 

Франция. «Ницца»дан шов-шувли мағлубият

13-турдан кейин «ПСЖ» билан «Ницца» ўртасидаги очколар фар­қи 10тага етди. Бордога йўл олган пешқадам навбатдаги ғалабани расмийлаштиришига Мессининг майдонга тушмагани ҳам халал бермади. Неймарнинг «дубли» ва Мбаппенинг голи эвазига олдинга чиқиб олган меҳмонлар танаффусдан кейин бироз хотиржамликка берилиб, мезбонлардан 2та жавоб голини қабул қилишди. Лекин ғалабани ушлаб қолишди.

«Ланс» ўз майдонида «Труа» устидан 4:0 ҳисобида зафар қучди. «Марсель» эса сўнгги поғонада келаётган «Мец» дарвозасига йўл топа олмади - 0:0. «Ницца» ўз майдонида «Монпелье»га 3 очкони бой берди, «Ренн» эса «Лион»ни йирик (4:1) ҳисобда таслим этди. Натижада «Ланс» «Марсел»дан ўзиб, «Ницца»га тенглашиб олди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz