Қайднома

Қидирув

Таиландда Мирзаевга эътибор катта ёхуд ТАИЛАНД ФУТБОЛИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Таиландда Мирзаевга эътибор катта ёхуд ТАИЛАНД ФУТБОЛИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

  12.11.2021 07:47
  0
  271
Таиландда Мирзаевга эътибор катта ёхуд ТАИЛАНД ФУТБОЛИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Газетамизнинг аввалги сонида Осиё мамлакатлари миллий чемпионатлари билан таништириш мақсадида туркум маълумотнома-мақолалар беришни бошлаган ва Бангладеш лигасига нигоҳ ташлаган эдик. Бугун эса эътиборингизга Осиёда анча тез ривожланаётган Таиланд футболига дахлдор баъзи маълумотларни тақдим этамиз. Хабарингиз бордир, ҳамюртимиз Сардор Мирзаев яқинда маҳаллий «Муангтонг Юнайтед» клуби билан шартномаси муддатини 2023 йилнинг ёзига қадар узайтирди. Қолаверса, Артём Филипосян ҳам фаолиятини айнан тайлар ўлкасида давом эттирмоқда.

МИЛЛИЙ ЛИГА

Таиланд футбол федерацияси ўтган йили ички чемпионат элит лигаси иштирокчилари сонини 18тадан 16тага туширишга қарор қилди. Аниқроқ айтсак, аввалги мавсумдан эътиборан Тай-1 лигасида 16та клуб кураш олиб бормоқда. Регламентга мувофиқ, якунда охирги уч ўринда қолган клублар элита билан хайрлашади. Таиланд чемпиони ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олса, 2-ўрин эгаси турнирнинг саралаш босқичида ўз омадини синаб кўради. Умуман олганда, Таиландда футболга эътибор анча баланд. Дейлик, элит лигада 16та жамоа бўлса, Тай-2 лигада 18та, кейинги икки дивизионда эса 20тадан иштирокчи бор. Демакки, профессионал клублар сафи анча кенг. «Бурирам Юнайтед», «Бангкок Юнайтед», «Муангтонг Юнайтед» ва «Порт» клублари Таиландда етакчи ўринларда бормоқда. Алоҳида айтиш керак, мамлакатда мухлисларнинг стадионларга ташрифи чакки эмас (хусусан, Тай-1 лигаси Осиёда етакчи ўринларда). Бундан ташқари, маркетинг ишлари ҳам юқори даражада йўлга қўйилган.

       

СТАДИОНЛАР ҲОЛАТИ

Стадионларга мухлислар ташрифи чакки эмаслигини таъкидладик. «Бурирам Юнайтед» рақибларини «Чанг Арена» стадионида қабул қилади. Бу арена 32600 мухлисга мўлжалланган. «Бангкок Юнайтед» эса сиғими 25 мингга тенг «Тхаммасат Стэдиум» эгасидир. Шунингдек, «Чиангмай Юнайтед» стадиони - «700 Анниверсари Стэдиум» ҳам кичик эмас - ўз бағрига 25 минг томошабинни олиши мумкин. Умуман, Тай-2 лигасида ҳам 10 мингдан кўп мухлисни сиғдирадиган стадионлар етарлича топилади. Мисол тариқасида айтсак, ҳамюртимиз Артём Филипосяннинг клуби - «Муангкан Юнайтед» 13 мингдан кўп мухлисга мўлжалланган аренада ўйнайди.

                   

ЛЕГИОНЕРЛАРГА ЭЪТИБОР 

Таиландда футболга биринчи рақамли спорт тури сифатида қаралади. Бу ўлкада миллионлар ўйини, айниқса, элит лига савиясини кўтариш учун хорижлик мураббий ҳамда футболчиларга эътибор катта. Миллий лигада легионерлар лимити мавжуд - ҳар бир жамоа 6 нафаргача хорижлик билан шартнома тузиши мумкин. 6 нафар легионердан бири ОФКга аъзо мамлакатлардан бўлиши шарт. Таиланд клублари одатда фаолияти давомида ўз юрти миллий термаси ёки кучли клубларда катта тажриба тўплаган фахрий легионерлар билан шартнома тузади. Умуман олганда, Таиланд клублари хўжайинлари ҳам легионер танлаш бобида ўзига хос мезонларга амал қилишади. Тушунарлики, турнир фаворитлари саналган жамоалар хорижликларга катта маош беради. «БГ Патхум Юнайтед», «Бангкок Юнайтед», «Порт», «Муангтонг Юнайтед», «Бурирам Юнайтед» - шу клублар бой ҳомийлар қаноти остида. Айнан шу жамоаларда хорижлик футболчиларнинг ойлик маоши 40 минг долларгача. Энг ками - 5 минг доллар. Жумладан, «БГ Патхум Юнайтед»нинг бразилиялик ҳужумчиси Диого Луис Сантос истисно тариқасида энг катта маошга эга - унинг йиллик иш ҳақи салкам 1 миллион долларни ташкил қилмоқда. «Чианграй Юнайтед» ва «Чонбури» каби жамоаларда эса футболчиларнинг ойлик маоши 5-20 минг доллар атрофида. Тўғри, Таиланд чемпионати иштирокчилари ҳам пандемия туфайли жиддий зарар кўришди. Дейлик, таркибида ҳамюртимиз Cардор Мирзаев тўп сураётган «Муангтонг Юнайтед» молиявий томондан қийин ҳолатга тушди (буни футболчимиз газетамизга берган интервьюсида ҳам маълум қилганди). Шунга қарамай, клуб футболчиларга ойига чамаси 30 минг доллар миқдорида маош тўлайди. Дарвоқе, жамоа вақтида Вьетнам терма жамоаси дарвозабони трансферига 500 минг доллар сарфлаб, Таиланд футболи рекордини ўрнатганди.

 

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ФУТБОЛЧИЛАР

Олдинги йилларда Таиланд чемпионатида ўзбекистонлик бир қатор футболчилар тўп суришган. Хусусан, Асқар Жадигеров ва Анвар Ражабов ҳам шу юртда фаолият юритишди. Кейинчалик Жавлон Гусейнов «Чайнат Хонбилл» сафида Тай-2 лигасида тўп сурди. Орадан маълум муддат ўтиб, Артём Филипосян «Прачуап» билан шартнома тузди. У мазкур жамоа билан мамлакат кубогида зафар ҳам қучди. Артём ҳозирда ўз олдига улкан мақсадлар қўйган қуйи лига вакили «Муангкан Юнайтед» шарафини ҳимоя қилмоқда. «Нефтчи» ва «Локомотив» клубларида ўйнаб, мухлислар қалбидан жой олган Сардор Мирзаев эса «Муангтонг Юнайтед»ни танлади. Айниқса, ўтган мавсум Сардор учун омадли кечди. У 10тадан ортиқ гол муаллифига айланди. Дарвоқе, «Металлург» сардори Акбар Исматуллаев ҳам «Бурирам Юнай­тед»дан тушган таклифни қабул қилди ва қисқа вақт шу жамоада ўйнади. Бироқ Исматуллаевнинг Таиланд футболидаги ишлари унча юришмадими, у ортга қайтди. Мирзаев аксинча, Тай юртидаги юришини давом эттиради - у яқинда 2023 йилнинг ёзигача мўлжалланган янги шартнома остига имзо чекди.
***
P.S.  Сардор Мирзаевнинг жамоаси - «Муангтонг Юнайтед» Таиланд чемпионати 11-турида «Супханбури»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Диққатга сазовор томони, «Муангтонг»нинг ҳар икки голи айнан Сардор Мирзаев ҳисобига ёзилди. Ҳамюртимиз 5 ва 54-дақиқаларда рақиб дарвозасини нишонга олиб, учрашувнинг бош қаҳрамонига айланди. «Муангтонг Юнайтед» ушбу ғалабадан кейин очколари сонини 18тага етказиб, турнир жадвалида 5-ўринга кўтарилди.  Мирзаев жамоаси нав­батдаги ўйинни 10 ноябрь куни (кеча) сафарда «Самут Пракан»га қарши ўтказди.

ИЗЗАТБЕК


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz