Қайднома

Қидирув

Акбар Усмонов: «Пахтакор» билан молиявий масалада келишолмадик»

Акбар Усмонов: «Пахтакор» билан молиявий масалада келишолмадик»

  15.11.2021 03:30
  0
  280
Акбар Усмонов: «Пахтакор» билан молиявий масалада келишолмадик»

Футзал бўйича Олий лиганинг 2-тур олтинчи кунги баҳслари якунига кўра, Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси 18 очко жамғарган ҳолда, пешқадамга айланиб олди. «Навбаҳор»га қарши кечган сўнгги баҳсда (7:5) «темирйўлчилар» аъзоси Акбар Усмонов рақиб дарвозасини 5 марта ишғол қилди. Мавсум бошида «Пахтакор»дан таклиф этилган ушбу футзалчи билан уюштирилган суҳбатда ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

- Акбар, аввало, «Пахтакор»дан «Локомотив»га ўтишингиз қай тариқа амалга ошгани хусусида гапириб берсангиз.

- «Локомотив»га ўтиш жараёни қизғин кечди. Бунга қадар 2-3та жамоалардан таклиф бўлганди, мен эса жаҳон чемпионатидан кейин бир қарорга келишимни айтдим. Трансфер ойнаси якунланишига бир кун қолганида «Локомотив» билан келишувга эришдим ва шартнома имзоладим.

- «Пахтакор»ни тарк этиш осон кечмагандир?

- Албатта. Бу клубда тўп суришни ва чемпион бўлишни орзу қилардим. Ўтган йилда бунга эришдик. «Пахтакор»да яна қолишни истагандим, лекин раҳбарият билан молиявий масалада келиша олмадик.

- «Локомотив» жорий мавсум ўз олдига қандай мақсад қўйган?

- Чемпионликни. Тушунарлики, жамоа мавсум аввалида таркибни кучайтиришга катта эътибор берди. «Локомотив» бош совринга эга чиқишни, келгуси йилда халқаро майдонда иштирок этишни режалаштирган.

- Чемпионлик учун кимларни рақобатчи сифатида айта оласиз?

- Назаримда, бош совринга 3-4та жамоа ўзаро курашади. Кимнидир алоҳида кўрсата олмайман. «Локомотив» ўз олдига чемпионликни қўлга киритишни истаган бўлса, ҳар бир рақибга қарши жиддий курашиши керак. Зеро, футзалда кучсиз дейилган рақиб ҳам жиддий қаршилик кўрсатиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ғалабали сериямизни сақлаб қолиш учун курашамиз.

- «Пахтакор» билан чемпион бўлдингиз. Буни «Локо» билан такрорлашни истаяпсизми?

- Албатта. Бизда юқори савияли футзалчилар тўпланишган. Бироқ мен олдиндан башорат қилишни ёқтирмайман. Мақсад - чемпионлик. Бунга эришиш йўлида машаққатлар бўлади. Биз бунга тайёр туришимиз ва ўзимизни ҳар бир ўйинга ҳар томонлама пухта тайёрлаб боришимиз керак.

- Сизга «Huaxin-Жиззах» клубидан таклиф бўлганди. Келишувнинг амалга ошишига нимадир тўсиқ бўлдими?

- Дарҳақиқат, менга жамоа бош мураббийи Баҳодир Аҳмедовдан таклиф бўлди. Хабарингиз бор, жиззахликлар сафида бугунги кунда терма жамоанинг салкам 70 фоиз ўйинчилари тўпланишган. Кейинчалик таклиф юзасидан «Huaxin-Жиззах» раҳбарияти билан ҳам музокара ўтказилди. Бироқ улар таклиф қилган молиявий таклиф менга, менинг талабим эса уларга маъқул келмади. Қисқаси, келишувга эришолмадик. Натижада, «Локомотив»га ўтишга қарор қилдим.

- Легионер сифатида тўп суриш имконияти бўлганми?

- Ҳозирча таклиф бўлмади. Сабаб сифатида бизда футзал бўйича агентлар йўқлигини кўрсатишим мумкин. Куни келиб легионер сифатида тўп суриш орзуим ҳам амалга ошади. Нафақат мен, балки бошқа йигитлар ҳам хорижда фаолиятларини бир маромда ўтказа олишади.

- Литвада ўтказилган жаҳон чемпионати терма жамоамиз учун қандай кечди?

- Мусобақа юқори даражада ташкилаштирилганини айтишим мумкин. Назаримда, бизнинг иштирокимиз бўйича мухлисларимиз ва халқимизда ижобий таассуротлар бор. Натижаларимиз чакки бўлмади. Гуруҳдан чиқишни уддаладик. Эрон билан деярли ғалабага тенг ўйин кўрсатик. Келгусидаги мундиалда муносиб иштирок этишни истаймиз. Босқичма-босқич ўз даражамизни кучайтириб борсак, бу бизга муҳим беллашувларда асқотади.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz