Қайднома

Қидирув

Осиё футболи: Келажакка ишонч билан

Осиё футболи: Келажакка ишонч билан

  19.11.2021 03:03
  0
  216
Осиё футболи: Келажакка ишонч билан

20 ёшли Иссам ал Сабҳий 2017 йилнинг охирида Қувайтда ўтадиган Форс кўрфази кубогига шайланган Уммон миллий жамоасига ҳамроҳлик қилиш учун жомадонини тайёрлади. Ваҳоланки, у ўша пайт жамоа делегацияси таркибида эмасди. Иссам шунчаки, «Ал-Аҳмар»ни қўллаб-қувватлаш учун сафарга отланган мухлислардан бири эди. Уммонликлар ўша турнир финалида БАА термасини енгиб, иккинчи марта чемпионликни тантана қилишганини ҳам айтиш керак.

* Иссам ал Сабҳий - сафарда Япония термасига қарши кечган ғалабали ўйин (ЖЧ-2022 саралаши якуний босқичи 1-тури)нинг бош қаҳрамони.

* Ҳужумчи келаси йили Уммон термаси Қатар мундиалида иштирок этишидан умидвор.

Ал Сабҳий 2007 йили «Ал-Шабаб» ёшлар тизими орқали энди асосий жамоа таркибига бош суқаётганди. У кейинроқ Уммон U-23 термаси юлдузига айланди. 2019 йилнинг октябрида эса, ЖЧ-2022 саралаши иккинчи босқичида Қатар термаси ўринбосарига қарши кечган баҳсда миллий жамоадаги дебютини нишонлади. Уммонликлар бош мураббийи Бранко Иванкович бўйи 183 сантиметр­га тенг ҳужумчидан кейинги ўйинларда ҳам фойдаланди. Иссам жумладан, сўнгги раунднинг 1-туридан ўрин олган  Япония термасига қарши ўйиннинг 84-дақиқасида Зоҳир ал Акбарий ўрнига майдонга тушди ва якунда халқаро голлари ҳисобини очди. Шу тариқа уммонликлар Суитада «самурайлар»­ни енгишди - тарихий ғалаба. «Бу ўйин мен учун тарихий аҳамиятга эга, терма жамоам учун ҳам, - деди Иссам ФИФА расмий сайти мухбирлари билан суҳбатда. - Менимча, Япониядаги учрашув фаолиятимдан алоҳида жой олади. Бинобарин, Япония термасидан биринчи марта устун келдик, яна меҳмонда. Эндиги мақсад - Уммон футболи учун мундиал йўлини очиш».

Тўғри, «Ал-Аҳмар» Япониядаги ёрқин стартдан кейин Саудия Арабистони ва Австралия термаларига имкониятни бой берди, ал Сабҳий ҳар икки ўйинда захирадан тушиб, мос равишда 23 ва 24 дақиқа тўп сурди. Вьетнам термаси билан бўлган 4-тур учрашувида эса ҳужумчи бошланғич таркибдан жой олиб, саралашдаги 2-голини нишонлади ва уммонлик 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Умуман, 24 ёшли футболчи захирадан тушиши ёки бошланғич таркибга киритилишига катта аҳамият бермайди: «Ҳар бир ҳужумчи гол уришни истайди, албатта. Майдонда қанча ҳаракатланишимдан қатъий назар, бу мақсад ўзгармайди. Иванкович менга қанчалик ишонади? Хал­қаро фаолиятимни нисбатан кеч бошладим, бу ҳолат эҳтимол, рақобат руҳини теранроқ англашимга фойда бергандир. Мураббийнинг ишончи яққол сезилмоқда. Ҳар ҳолда, машғулотларда мен билан кўп ишламоқда. Умуман, ўйинимдаги ўсишнинг асосий сабабчиларидан бири айнан Бранковичдир».

Уммонликлар ўтган пайшанба куни Шаржада Хитой термасига қарши 5-тур ўйинини ўтказишди. Иссам 1:1 ҳисобида якунланган баҳсда деярли тўлиқ вақт майдонда ҳаракатланди. Уммонликларни олдинда Япония термасига қарши кечадиган жавоб ўйини кутмоқда. Агар улар бугун ўз майдонларида Суитадаги қаҳрамонликни такрорлай олишса, унда «В» гуруҳида яна 3-ўринга чиқиб олишади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz