Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Хави, «Барса» умиди сендан...

Мураббийлар: Хави, «Барса» умиди сендан...

  19.11.2021 06:36
  0
  246
Мураббийлар: Хави, «Барса» умиди сендан...

Ҳамма, Хави Эрнандеснинг «Берселона» бош мураббийи ролидаги дебютини интизор бўлиб кутмоқда. Айниқса, Каталония клубининг бутун дунёга ёйилган мухлислари. Хўш, футболчилик даврида катта шуҳрат қозонган «маэстро» мураббийликда қандай? У «Барса»га қайтишига қадар «Ал-Садд» бошқарувида тажриба тўплади, тўп назоратига асосланган ўйинни йўлга қўйиб, маълум ютуқларга эришиш баробарида ОЧЛда муваффақиятсизликка учради. Асосийси, орада «Барселона» раҳбариятидан тушган таклифни 2 марта рад этди - шунчаки, клубда кимнингдир ўрнини эгаллашни истамади. Жоан Лапорта эса Роналд Куман истеъфосидан ке­йин Хавини ниҳоят, қайтишга кўндирди.


Қатар футболига юзланиш

Хави «Барселона» билан хайрлашгач, тўғри Қатарга йўл олди. 2015 йилнинг 6 июнь куни. Идеал даражадаги узатмалари билан барчани ҳайратга солган ярим ҳимоячининг «Барселона» билан хайрлашуви ЕЧЛ финалига тўғри келди. Асосийси, клуб либосидаги ҳисоб бўйича 767-учрашуви муҳим ва салмоқли  ғалаба билан тугади. Хави ўшанда 35 ёшда эди ва бирданига кетди. Орадан атиги бир неча кун ўтгач, у Қатарнинг «Ал-Садд» клуби томонидан ташкиллаштирилган тақдимот маросимида кўриниш берди. «Бу ерда ўзимни мураббий ва спорт директори ролида синаб кўриш имкониятига эга бўламан», - дея кескин юришига дарҳол изоҳ берди Хави. Оддий айтганда, у Европада «Барселона»дан бошқа клубда ўйнашни истамади. Фахрий ярим ҳимоячи шу тариқа «Ал-Садд»да яна 4 мавсум тўп сурди, бу оралиқда бой коллекциясига 4та янги соврин қўшиб қўйди. Кейин мураббийлик фаолияти бошланди. Муҳими, испаниялик ёш мутахассис 2 мавсум ичида «Ал-Садд»ни 7та соврин сари етаклади. Улардан энг асосийси - Қатар Юлдузлар лигаси бош кубоги. Хуллас, Хави маҳаллий лига тарихида ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида олтин медаль ютганлар қаторига қўшилди. Умуман олганда, «Ал-Садд» Қатарнинг энг сов­риндор клуби саналсада, 2013 йилдан буён чемпион бўлолмаётган эди. Шундай экан, Хави жамоани яна юқори даражага олиб чиқди - аввалига футболчи, кейин мураббий ролида.

 

ОЧЛнинг аччиҚ  тажрибаси

«Ал-Садд» футболчи-Хави етакчилигида 2 марта Осиё Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиқди. Мураббий-Хави эса бу турнирда 1|8 финалдан нарига ўтолмади. Бу унинг учун энг аччиқ тажриба. Хўш, Қатар клуби Хави раҳнамолигида қайси услубда ўйнади? Унинг ўзи 2018 йили ўйин чизмалари хусусида алоҳида гапирганди: «Моҳиятан Диего Симеоненинг тескарисиман. Жамоам ҳамиша тўпни назорат қилишини хоҳлайман. Шунда ўзимни хотиржам тутишим мумкин. Моу­риньо? Йўқ, бошқача ўйин услуби тарафдориман. Жозе услубини қораламоқчи эмасман, аммо бундай футболни ёқтирмайман. Қўл остимдаги жамоалар ҳеч қачон бундай чизмага таянмайди. Фалсафам оддий - рақибнинг тўпга эгалик қилишига йўл қўймаслик. Зеро, агар тўп сизда бўлса, ўйинда ғалаба қозониш имкониятингиз ўз-ўзидан ошади».

Хави вақтида ҳаттоки, ўйин яна қизиқарли бўлиши учун жамоалар таркибини 10 нафар футболчига қисқартиришни таклиф қилган. Ажойиб факт: унинг футболчи ролидаги охирги мавсумида «Ал-Садд» 100-22 голлар нисбати билан чемпионликка эришди. Хави бош мураббийга айлангач, клуб биринчи мавсумда атиги 3-ўриндан жой олди, боз устига, голлар фарқи 51-29га тушди. Пасайишнинг асосий сабаби шуки, «Ал-Садд» бош тўпурари аввалги мавсумга нисбатан нақ 25та кам гол урди. Зеро, жамоага марказда Хавидек узатмалар устаси етишмади. Испан мутахассиси мураббийликдаги иккинчи мавсумида эса чемпионликни расмийлаштирди, бунда голлар нисбати ҳам кескин яхшиланди: 77-14. Чунончи, таркибга Санти Касорла қўшилди ва унинг ўзи 13та гол урди.

 

Пул борасида фарҚ

Хавининг мураббийликдаги деб­ют мавсумида «Ал-Садд» таркибининг баҳоси «Ал-Дуҳайл»никидан деярли 2 баравар арзон эди (38 миллион евро 63 миллион еврога қарши). Кейинги йили фарқ анча камайди, аммо умумий сумма пасайди - 35 миллион евро («Дуҳайл»ники - 28 миллионга тушди). Охирги мавсумга келиб, «Садд» бу борада олдинга ўтди (+12 миллион билан). Transfermarkt.de портали маълумотларига таянсак, «Ал-Садд» Хавининг иккинчи мавсумида таянч ярим ҳимоячиси Гильерме ва ҳужумкор футболчи Акром Афиф трансферлари учун 7 миллион евро тўлади, Касорла эса жамоа сафига эркин агент мақомида қўшилди. Жорий йилнинг ёзига келиб, «Ал-Садд» Андре Айю билан шартнома тузди (яна бир текин трансфер). Таққослаш учун айтсак, асосий рақиб - «Ал-Дуҳайл» Тоби Алдервейрелдга дарҳол 13 млн. евро тўлади. Умуман, бу жамоа ҳар мавсум олдидан бирор қимматбаҳо трансферни амалга оширишга одатланган.

 

Тактик чизмалар  Қандай?

Экспертларнинг хулосаларига кўра, Хави дастлаб турли тактикаларни синовдан ўтказди ва якунда 4-2-3-1ни асосий чизма ўрнида танлади. У баъзида 3-4-3 схемасига ҳам мурожаат қилади. Умуман, Хавида муайян рақиб учун аниқ режалар борлиги, унинг заиф томонларига зарба бериши кўзга ташланди. Бунда айниқса, қанот ҳимоячилари ва марказий ярим ҳимоячилар ҳаракати муҳим. Босим, тўп назорати, мукаммал узатмалар - булар асосий элементлар. Энди ESPN таърифига эътибор қаратинг: «Жамоа Хави қўл остида аввалги мураббийга нисбатан қараганда, анча жозибали ўйнай бошлади. Умуман, унинг мақоми Қатар лигаси стандартларидан анча баланд. Яна бир томони, Хавига баҳо беришда жамоанинг ОЧЛда ҳеч нарсага эришолмагани инобатга олинади, барибир».

 

Қатар билан бошҚа алоҚалар

Хави 2018 йилнинг март ойидан буён ЖЧ-2022 расмий элчиси. У ҳозирга қадар турли нашрларга берган интервьюларида Қатардаги тайёргарлик ишларидан ҳайратланаётгани ва бўлажак турнирда фантастик муҳит бўлишига шубҳаланмаслигини бот-бот такрорлади. Испаниялик мутахассис шунинг баробарида Доха аҳолисида футболга иштиёқ баландлигини таъкидлайди, Қатарни мутлақо осойишта ва хавфсиз мамлакат сифатида таърифлайди. Хавининг айтишича, «Ал-Садд»нинг кўплаб футболчилари ЖЧ-2022да ўйнаш имкониятига эгалар. У Қатар миллий жамоасидан ҳам яхши ўйин кутмоқда.

 

«Барса»га олдинги рад жавоблари

Хави бунга қадар «Барселона» таклифини 2 марта рад этди. Қизиқ, нега? «Яширмайман, якуний мақсадим - қадрдон жамоамга қайтиш ва унинг тизимида ишлаш. Лекин ҳозир Қатарда катта лойиҳа билан бандман. Менимча, ЖЧ-2022гача бўшамасам керак» - Хави «Ал-Садд»даги фао­лиятининг илк даврида худди шундай фикр билдирганди. У 2016 йили бу масалада бироз бошқача сўзлардан фойдаланди: «Барселона»ни Пикенинг президентлик даврида бошқаришни истардим. Ҳозир «Феррари» ёки трансатлантик лайнерни бошқаролмайман. Аввалига кичик қайиқ ва оддий автомобилда тажриба оширишим керак. Ҳа, мақсадим аниқ - «Барселона»га қайтиш, лекин шошилишга ҳожат йўқ». Хави, шунингдек, орада АПЛда ишлаш нияти борлигини ҳам яширмаганди: «Англияда футбол муҳити, стадионлар ажойиб. АПЛда ўйнаган футболчилар барчасини ақл бовар қилмас даражада таърифлашади». 2020 йилнинг бошида Эрнесто Вальверденинг «Барса»дан кетиши ойдинлашиб қолганди, бироқ Хави амалда мураббийи бор клуб билан музокара олиб боришдан бош тортди. 2020 йилнинг ёзида «Барса» иккинчи марта Хави билан алоқага чиқди, аммо бу вақтда жамоа Кике Сетьен қўл остида эди. Хуллас, Хави яна ҳеч нарсани муҳокама қилишни истамади. «Барса» ЧЛда «Бавария»га 2:8 ҳисобида ютқазгач, Сетьенга жавоб берилди, аммо бу сафар Хави номзоди ҳақида деярли гап бўлмади, аксинча, Роналд Куман таклиф этилди. Жорий йилнинг май ойи­да яна Хавини чақириш масаласи кўтарилди. Унинг ўзи бунга оддий муносабат билдирди: «Айни пайт клубда мураббий бор - Куман. Уни ҳурмат қилиш керак. «Барса» мураббийи ролига ошиқмаяпман». Мана, энди ҳаммаси ўзгарди - Куман кетди, Хави ниҳоят, қайтди. Табиийки, «Барселона»нинг умиди айнан ундан.

Хавига маъноси бир хил 17 таъриф

Андрес Иньеста: - Менда унинг таърифи учун сўз қолмаган. Шахс ва футболчи сифатида Хави билан тенглашадиган бирор ўйинчини билмайман. Унинг статистикаси, бутун фаолияти, эҳтироси, ҳаёт тарзи - ҳаммаси олий мақтовга муносиб.

Хорхе Вальдано: - Агар футбол фан бўлганида, Хави қайсидир формула ёки қонун ихтирочиси сифатида тарихга кирарди. Майдонда оёқда тўп билан жамоадошларини тушуниш масаласида ҳали ҳеч ким унинг даражасига кўтарилган эмас. Футбол тили билан мулоқот ўрнатишда ҳам шундай.

Лионель Месси: - Хави испан футболи тарихидаги энг яхши ўйинчи. Бошқа гап ортиқча.

Сеск Фабрегас:- Одамлар кимнидир Хавининг вориси сифатида кўриб, хато қилишади. «Иккинчи Хави»ни қидириш бефойда. Бу вақтни беҳуда сарфлашдан ўзга нарса эмас. Зеро, Хавига ўхшаши ҳеч қачон бошқа чиқмайди.

Христо Стоичков: - Биринчи ўйинидан охиргисигача «Барселона»да энг муҳим ролни бажарди. «Барселона» учун ҳаммадан кўп иш қилди, ҳаммадан кўп соврин ютди. Бу - Хави Эрнандес.

Хосеп Гвардиола: - Умид қиламанки, келажакда ҳам йигитлар футболга нисбатан муҳаббатни айнан Хавидан ўрганишади, худди мен каби. Хуллас, бутун ҳаётимда мен билган ва кўрганлар орасида ҳам ҳаваскор, ҳам ҳақиқий профессионалга хос хусусиятларни энг мукаммал тарзда ўзида мужассамлаштирган фуболчи - Хави. Унинг футболга муҳаббати шу қадар кучлики, тўғри баён этишга ожизман.

Санти Касорла: - Хавидек футболчини бошқа кўрмаслигимиз аниқ. Шундай буюк ижрочи билан бирга ўйнаш бахтига муяссар бўлганим ва ҳар куни ундан янги нарсалар ўрганганим - омадим кулгани. Хави майдонда энг мураккаб вазифаларни ҳам осонгина соддалаштирган футболчидир.

Хулен Лопетеги: - Футболни ўзгартирган шахс. У жумладан, терма жамоада янгича ўйин яратиш асносида барча марраларни забт этишда катта ёрдам берди. Муҳими, Хави жисмоний куч ҳаммасидан устун эканлиги ҳақидаги афсона тўғри эмаслигини кўрсатди, одамларга гавдаси кичик ўйинчиларнинг техник фазилатларини очиб берди. Бу билан оёқда тўп билан ҳам ҳужумга ўтиш, ҳам ҳимояланиш мумкинлигини исботлади.

Серхио Рамос: - Футбол энг тоза ва соф шаклда.

Карлос Марчена: - Испания футболига камчиликларини тузатиш ва кучли жамоалар кўзига тик боқиш имконини берган ижрочи. Умуман, Хави ҳақида қандайдир янги гап айтиш қийин. У ҳар доим жамоадошлари янада яхшироқ ўйнашларини таъминларди.

Тьяго Алькантара: - Хави - абадий... У - футбол. Футболни соф шаклда кўрсатган 3 нафар ўйинчидан бири.

Жейми Каррагер: - Барча замонларнинг испаниялик энг яхши футболчиси. Яна мен кўрган ўз синфига мансуб энг кучли ярим ҳимоячи. Британияда бу даражадаги ижрочини тарбиялолмаймиз.

Жоан Лапорта: - Хави - қадриятлар ҳимоячиси, бутун тарихдаги энг кучли «Барселона» унинг номи билан боғлиқ. Техника ва тўп назоратига асосланган нафис футбол моделини амалга татбиқ этган ижрочи.

Мичель: - Футболнинг соф шаклига муҳаббат қўйган кам сонли ўйинчилардан бири. Хави ҳамон айни шу йўналишга содиқ қолиб, футбол ривожига ҳисса қўшишни хоҳлайди.

Карлес Пуйоль: - Тарихдаги энг кучли «Барселона»нинг мотори, услубчиси, мияси!

Йохан Кройфф: - Агар Хави яхши ўйнолмаса, «Барселона»нинг ўйини ҳам чиқмайди. У ўйин маромини белгилаб берадиган футболчи. Хави ижросидаги футбол жамоага майдонда ҳукмронлик бағишлайди. У бошқача.

Хосеба Эчеберриа: - Майдонда ўз мароми билан барча 22 нафар футболчи ҳаракатини бирдек бошқаришга қодир ягона ўйинчини кўрганман - Хави! Умуман, шундай ижрочининг «Олтин тўп» ютмагани - бутун футбол учун ҳақиқий ҳақорат.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz