Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: Аманда Стейвли хоним билан танишув

Футбол ва бизнес: Аманда Стейвли хоним билан танишув

  20.11.2021 08:48
  0
  290
Футбол ва бизнес: Аманда Стейвли хоним билан танишув

Араблар тасарруфига ўтган «Ньюкасл»ни энди аёл функционер бошқаради - Аманда Стейвли. Хўш, у ким? Деярли ҳамма билишга улгурган битта маълумот бор: бу хоним бир неча йил аввал шайхларнинг «Манчестер Сити»ни сотиб олишларига ҳисса қўшган. Аманда ҳақида яна нималар маълум?

Аманда шарафига қўшиқ. «Ньюкасл» мухлислари Саудия арабистонилик сармоядорлар келишганини баралла нишонлаётган бир пайтда Жорди Сингер лақаби билан танилган инглиз қўшиқчиси Пол Мартин ўз таронасига сўнгги ўзгаришларни киритди. Бир йилча олдин эски соҳиб Майк Эшлининг «Ньюкасл»ни сотиши ҳақида илк марта хабарлар тарқалганидаёқ клуб мухлиси Барри Манилоунинг «Мэнди» синглини қайта ёзиб, трекни бошқача номлаганди - «Аманда». Унинг мазмуни оддий: «Аманда, сен келдинг ва бизни Эшлидан қутқардинг. Уни олиб кетдинг, Аманда. «Шаҳарликлар армияси»ни сақлаб қолиш учун шундай қилдинг. Биз бугун сени яхши кўрамиз, Аманда». Бу қўшиқ Саудия Арабистони ҳукумат жамғармасига «Ньюкасл»ни сотиб олиш бўйича битим тузишда катта ёрдам берган британиялик тадбиркор аёл Аманда Стейвлига бағишланган эди. Энди клубда унинг ҳам улуши бор - хоним ўзига қарашли PCP Capital Partners компанияси орқали назорат пакетининг 10 фоизи ва ижрочи-директор лавозимини қўлга олди. Умуман олганда, Стейв­ли олдин ҳам «Ньюкасл»ни Майк Эшлидан «қутқариш»га икки марта уриниб кўрганди. У аввалига БАА инвесторлар гуруҳи, кейин саудияликлар таклифини ўртага ташлади, аммо ҳар иккисида келишув амалга ошмай қолди. Мана, учинчи уринишида ҳаммаси ҳал бўлди. Хуллас, «қарғалар» ҳаётидаги катта ўзгаришда айнан Аманда асосий «фигура» ролини бажарди.

У XVI асрга мансуб қадамжода яшаган. Аманда бадавлат оилада туғилган: отаси - аттракцион парки соҳиби, онаси - Йоркширдаги энг яхши чавандозлардан бири. Бобоси эса вақтида букмекерлик идоралари тармоғини бош­қарган. Стейвлилар оиласи улкан саройда истиқомат қилган. 1516 йилдан бой оилага тегишли турар-жой мулки шу қадар каттаки, иситиш тизимининг ўзи бир йилга 6000 фунт стерлинг талаб қилади. Аманданинг отаси бу уйга ўз жазманидек қараганини кўп бора таъкидлаган: «Мен учун жуда қимматга тушган чирой». Стейвли ўз қизини Йоркдаги қиролича Маргаретнинг хусусий мактабида ўқитади. У ердаги қатъий интизом ва ўғил болаларнинг йўқлиги қизларнинг фақат билим олишга эътибор қаратишларини тақозо этади. Хуллас, Аманда ҳам яхши ўқиш баробарида спорт билан жиддий шуғулланади. Дейлик, 14 ёшида 100 метр масофага 12,4 сонияда югурган. Бироқ машғулотлардан бирида жароҳатлангач, тикланиши чўзилиб кетади ва спортчи сифатида танилиш орзусидан воз кечишига тўғри келади. Аманда мактабда таҳсил олиш билан параллель равишда истироҳат боғида официант бўлиб ишлайди. У шу тариқа мустақил тарзда пул топишни ўрганади. Хусусий мактаб таҳсилини тезкор талаба сифатида тугатган Стейвли 16 ёшида аъло даражали академик кўрсаткичлар билан Кембриж университети тил факультетига имтиҳон топширади ва ўқишга киради. Бироқ қўлига диплом олмаган. Чунки 1 йиллик таҳсилдан сўнг оилавий муаммолар туфайли академик таътилга чиқади ва ўқишга бошқа қайтмайди. «Университетда ўқий бошлаганимда, отам юрак хуружига учради, боз устига, онамга хантингтон хасталиги (сурункали мия касаллиги) ташхиси қўйилди. Ўзимда эса овқат ҳазм қилиш борасида муаммо бошланди, - дея интервью берганди хоним The Financial Mail нашрига. - Қолаверса, қизлар учун мўлжалланган хусусий мактабда таълим олганим боисми, университетда эркаклар билан бирга ўқишда роса қийналдим. Камига вазним аста-секин камайиб борар ва нима қилишни билмай қолгандим».

 

22 ёшида шахсий бизнесини очган. Аманда бошида 180 минг фунт стерлинг миқдорида кредит олиб, Боттишем қишлоғида ресторан очади. У жойни тўғри танланганди: Форс кўрфази соҳилларидан келган бойларнинг от пойгалари шу атрофдаги Ньюмаркет шаҳарчасида ташкиллаштириларди. Хуллас, пулдорлар Аманда ресторанининг доимий мижозларига айланишади. Улар билан яқиндан танишиш эса Стейвли бизнесининг ривожланишида энг муҳим нуқта бўлади. Умуман, Аманда қаттиқ ишлайди, эрталаб соат 4да туриб, ошхонада ошпазларга ёрдам беради, тушдан кейин маҳаллий кутубхонада молияга дахлдор китобларни ўқишга шўнғийди. Ёш банкирлар нима учун кўп китоб ўқишига қизиқишганида, қиз дангал жавоб беради: «Шахсий молиявий фирма очмоқчиман». Эътиборли томони, Аманда молиячи билимларини ўзлаштириш баробарида модель сифатида ишлайди ва қимматли қоғозлар савдоси билан ҳам шуғулланади. Тиниб-тинчимас Стейвли 2000 йилда ресторанни ёпади ва Кембриж илмий марказида Q.ton анжуманлар залини очади. Орадан яна 1 йил ўтгач, Иордания қироли Абдуллоҳ II (айтишларича, у қурилиш ишларига сармоя киритган экан) ва шаҳзода Эндрю унинг залида меҳмон бўлишади. Британия қироллик оиласи вакили Аманда билан суҳбатдан шунчалик таъсирланганидан уни кечки зиёфатга ҳам таклиф этади. Шу тариқа улар учраша бошлайдилар. Аммо Аманда шаҳзоданинг турмуш қуриш таклифини рад этгач, 2 йиллик муносабатлар тугайди. «Агар рози бўлганимда, мустақил яшашни тўхтатардим», - дея изоҳлайди Стейвли ўша қарорини. Q.ton лойиҳаси ҳам муваффақиятсизликка учрайди: Амандадан акцияларнинг бир қисмини сотиб олган компания қимматли қоғозлар бозоридаги ҳаддан ортиқ чайқовчилик оқибатида юзага келган иқтисодий ин­қироз ортидан фаолиятини тўхтатади. Тўғри, Стейвли ишга хусусий сармоядорларни жалб қилишга уринади, аммо бу ҳаракати самара келтирмайди.

 

Йирик компания - муваффақият гарови. Алоҳида айтиш керак, шаҳзода билан муносабатлар ҳам, дастлабки бизнес тажрибалари ҳам Амандага келажак учун мотивация беради. Дейлик, у Яқин Шарқдаги энг йирик бизнес вакиллари даврасига киради, қимматли тажриба тўплайди ва ҳозирги компаниясига асос солади. Аманда Стейвли Q.ton билан юз берган омадсизликдан сўнг Дубайга кўчиб ўтади ва у ерда PCP Capital Partners компаниясини очиб, Қатар ҳамда БАА бизнесменларининг халқаро келишувлари билан шуғуллана бошлайди. Биринчи йирик келишув 2008 йили амалга оширилади - PCP Capital Partners шайх Мансурга «Манчестер Сити»ни сотиб олишда катта ёрдам беради. Аниқроғи, Аманда ўз фирмаси томонидан музокаралар жараёнида маслаҳатчи сифатида қатнашади. Якунда ҳаммаси муваффақиятли тугагач, у келишув ортидан 10 миллион фунт стерлинг олади. Стейвли кейинчалик шайх Мансур ва қатарлик инвесторларга Barclays банки акцияларини харид қилишда кўмаклашиш эвазига келишув суммасидан 10 фоизини ўзига олади. Аммо бир неча йил ўтиб, хоним алданганини тушунади: қатарлик ишбилармонлар шайх Мансурдан 10 баравар кўп пул олишган экан. PCP Capital шундан сўнг суд орқали 830 миллион фунт стерлинг ундиришга уринади, аммо ишни ўз фойдасига ҳал қилолмайди. Судя Barclays айбини тасдиқлайди, бироқ Аманда компанияси бунинг учун товон пули олишга ҳақли эмаслигини билдиради. Хулосага кўра, агар банк тоза иш юритганида, PCP келишувни молиялаштириш учун етарли маблағ тўплай олмасди. Муҳими, катта йўқотиш ҳам Амандани йўлдан чиқариб юбормади - у «Ньюкасл» Яқин Шарқ инвесторлари ихтиёрига ўтишини таъминлаш учун уч марта уриниб кўрди ва охирида мақсадига эришди.

 

Яқинлари Стейвлини қаттиққўл, ўжар ва ўз йўлидан сира қайтмайдиган адолатли аёл сифатида таърифлашади. 2010 йили Амандада онаси чалинган хасталик аломатлари аниқланади. Бу касаллик давосиз - одам аста-секин хароб бўлади. Амандани ишдан тўхтатиш имконсиз ва бунинг асосий сабабларидан бири айнан онасидан мерос қолган хантингтон хасталигидир. У бу ҳақда тасодифан билганди: бўлажак турмуш ўртоғи билан фарзанд кўришни режалаштириб, умумий тиббий текширувдан ўтади ва нохуш ташхисдан хабар топади. Одатда бу хасталик аломатлари қариликда кўринади, лекин бошидан мия фаолияти бироз бузилади, хусусан, хотира пасаяди. Аманда табиий равишда тушкунликка берилади, баъзида кунига 3 соатдан ортиқ ухлолмайди. У The Financial Mail нашрига берган интервьюсида гоҳида айтган гапларини назорат қилолмаётгани ва бу ноқулайлик келтираётганини тан олганди. Аммо Аманда хасталикдан ижобий жиҳат ҳам топади: «Ҳисоб-китоб ишларига жуда устаман - ҳеч қачон калькуляторга эҳтиёж сезмайман. Дейлик, Barclays банки ходимлари мураккаб молиявий моделларни осонгина яратишимдан ҳайратда қолишган».

Аманданинг айтишича, у хас­таликдан хабар топгач, оила қуриш фикридан қайтган: «Тўғри, бўлажак турмуш ўртоғим хасталигимга парво қилмаслигини айтиб, ҳар доим тиббий муолажа олишимга ёрдам беришга ваъда берди. У ниҳоятда меҳрибон ва сабрли». Айни пайт ҳам хантингтон хасталигининг аниқ давоси йўқ. Фақат дорилар воситасида унинг ривожланишини секинлаштириш мумкин, холос.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz