Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари: Отасига тортган ўғил

Мавсум кашфиётлари: Отасига тортган ўғил

  21.11.2021 03:00
  0
  279
Мавсум кашфиётлари: Отасига тортган ўғил

«Атлетико» бош мураббийи Диего Симеоненинг ўғли - Жованни жорий мавсум «А» серия ўйинларини шунчаки, «ёндирмоқда». Ваҳоланки, кичик Симеоне яқин-яқингача Италия чемпионатида ўз ўрнини тополмай қийналаётган, орада ҳаттоки, «Зенит» таклифини қабул қилиб, Россияга юзланиш ҳақида ҳам ўйлаганди. Муҳими, ҳужумчи қўл қўтармади ва сабр билан изланишда давом этди. Бунда унга отасининг ўгитларига қулоқ солгани қўл келди. Мана, энди натижалар ҳам бўй кўрсата бошлади. Қуйидаги мақола кичик Жованни эффекти ҳақида.

***

Жованни Симеоне 2013 йилнинг июлида илк марта футбол жамоатчилиги эътиборига тушди. Ўшанда 18 ёшли ҳужумчи «Ривер Плейт» сафига қўшилган ва жамоа дебютантлари учун алоҳида анъанага биноан, сочини бутунлай олдириб ташлаганди. Мана, орадан 8 йил ўтди, аммо Google тизимига «Жованни Симеоне» қидирувини берсангиз, ҳозир ҳам ўша антиқа турмакли содда йигит сурати чиқади. Ваҳоланки, аргентиналик ҳужумчи айни пайт «А» серияни том маънода «ёндирмоқда». Дейлик, кичик Симеоне «А» серия 9-турида «Лацио» дарвозасига 4та гол урди ва камтарин «Верона» 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа аргентиналик йигит фаолиятидаги энг сермаҳсул ўйинни тантана қилди. 30 октябрь куни эса Жованни қандайдир 5 дақиқа ичида «дубль» қайд этди ва вероналиклар «Ювентус»дан 3 очко тортиб олишди. Натижада аргентиналик ўғлон «А» серия тўп­урарлари пойгасида Чиро Иммобиленинг асосий таъқибчисига айланди. Жованни 12-турда энди «Наполи» дарвозасини ишғол қилиш асносида «Верона»нинг Неаполдан дуранг натижа (1:1) билан қайтишини таъминлади. Таажжубки, ўтган мавсум «Кальяри»да «ношуд»га чиқарилган ҳужумчи охирги 4та турда 3та гранд дарвозасини 7 бора нишонга олди, «Верона» унинг голлари ёрдами билан еврокубоклар ҳудуди остонасига кўтарилди, «Калья­ри» эса ҳозир сўнгги поғонада.

***

Чемпионат ҳисобидан энг юқори маҳсулдорликни мавсум-2017|2018да («Фиорентина» сафида) қайд этган кичик Симеоне энди 20та гол маррасини кўзламоқда. Жованни шу мақсад йўлида майдондаги хатти-ҳаракатларини обдон ўрганиб чиқиб, махсус тайёргарлик дастурини яратди. Оддий айтганда, у «Атлетико» ҳужумчилари ўйинлари таҳлилидан сўнг майдонда нисбатан камроқ ҳаракатланишни ўрганди. Жованни ўтган йилнинг июнида, «А» сериядаги мажбурий танаффус ниҳоясига етгач, 4та ўйинда 4та гол урди. Карантинга қадар эса нақ 23та учрашувда атиги 6та гол йиққанди. Футболчининг ўзи маҳсулдорлик ошганини локдаун даврида мулоҳаза учун етарли вақт бўлгани ва «Кальяри» бошқарувига Вальтер Зенганинг келгани билан боғламоқда: «Очиғи, олдин майдонда тинмай югурардим. Атрофимдаги йигитлар ҳам буни кўп бора таъкидлардилар. Зенга эса мен билан жиддий шуғуллана бошлади. Унинг айтишича, югуриш бобида рақибни ортда қолдиришдан наф йўқ. Хуллас, мураббий мендан асосан жарима майдони ичида ҳаракатланиш ва ҳамиша зарба йўллашга тайёр туришимни талаб қилди. У шунинг баробарида қулай вазиятлар юзага келишига кафолат ҳам берди». «Фиорентина» кичик Симеонени 2017 йили «Женоа»дан 18 млн. еврога харид қилганди. Жованни 2018 йилнинг баҳорида «Наполи»га қарши баҳс­да «хет-трик» расмийлаштириб, Неаполь клубининг скудетто ютиш умидини пучга чиқарди. Бироқ кейинги мавсум маҳсулдорлиги кескин пасайди (14тадан 6та голга). Оқибатда Италия чемпионатидаги 3 мавсумда 32та гол урган футболчи 2019 йилнинг ёзида «Кальяри» сафига қўшилди.

***

Диегонинг ўғли Роландо Маран даврида «Кальяри»га мослашди, Вальтер Зенга қўл остида эса «очилди». «Карантин катта ёрдам берди. Мажбурий тўхташ палласида нуқул югуравериш бефойда эканлигини англадим», - деганди Жованни. Дарҳақиқат, Зенга унга қувватидан унумли фойдаланиш ва сон эмас, сифатга урғу беришни ўргатди. Мураббийнинг ғоялари отасининг ўгитларидан фарқ қилмасди. Зеро, Диего ҳам Жованнига тинмай югуриш оқибатида толиқиб қолаётгани ҳақида кўп гапирган: «Тўғриси, отам айнан нимани хоҳлаётганини анча вақтгача тушунолмадим. Унинг ўзи барчасини ке­йинчалик англашимни айтарди. Карантин баҳона «Кальяри» ўйин­ларини қайта кўриб, ўз ҳаракатларимни таҳлил қилдим. Отам эса «Атлетико» машғулотлари ва ўйинлари ёзилган видеоқўлланмаларни юбориб, фақат ҳужумчилар ҳаракатини ўрганиб чиқишимни тавсия қилди. Шундан сўнг ҳар бир ўйинда 12 километр югуришдан наф йўқлигини, тартибли ҳаракатлансам, кўпроқ гол уришим мумкинлигини тушундим. Мисол учун, Альваро Мората ва Диего Коста ҳамиша марказдан жарима майдони томон тўғри чизиқ бўйлаб югуришади, қанотларга прессинг қўллаш учун боришмайди. Улар шу аснода дарвозани ишғол этиш учун куч тежашади»

***

Жованни тайёргарлик бобида ўз удумига эга. У аввало, диққат-эътиборни жамлашга ҳаракат қилади. Кейин рақибларини ўрганади. Бир ўйинда 4та гол уриш учун кунни қандай ўтказиш керак? Жованни бу саволга оддий жавоб берди: «Эрталаб уйғонгач, ўйланиб қолдим: бугун 2-3та гол ура оламанми? Лекин белим оғриётганидан кайфиятим ёмон эди. Зудлик билан ҳаракатчанликни тиклашга киришдим, ке­йин компьютерда озгина ўйнадим - бу эътиборни жамлашга ёрдам беради. Спорт формаси талаб даражасида эмаслигини дарҳол фаҳмладим ва тезда тегишли чоралар кўрдим. Кейин «Рокки» фильмини томоша қилдим - қўшимча қувват олиш учун доимо шундай қиламан. Картинада менга ёқадиган бир ибора бор: «Ҳаёт сени тез-тез тиз чўкишга мажбур этади. Аммо гап зарбанинг қанчалик кучли эканлигида эмас, балки неча марта ўрнингдан тура олишингда».  Жованни 2019 йили ҳам кун тартибини алоҳида баён этганди: «Нонуштадан кейин жамоавий машғулотларга 1 соат қолган паллада турли машқ­ларни бажараман. Умумий маш­ғулотлардан сўнг базада тушлик қиламан. Уйга қайтгач, 2 соат бўш вақтни телевизор қаршисида ўтказаман ёки шунчаки, ухлайман. Кейин енгил таомланиб, нафас олиш машқлари билан шуғулланаман. Шундан сўнг Жулия (турмуш ўртоғи) билан фильм ёки футбол кўрамиз».

***

Жованни Италияга йўл олишидан аввал руҳшунос билан ҳамкорликни йўлга қўйганди. Августин Буэнос-Айресда яшайди, мижозига олисдан туриб, маслаҳатлар беради. «Унинг ёрдами билан организмимни яхши тушуниб олдим. Ҳозир тез-тез мулоқот қилишга эҳтиёж қолмади - миямдан келадиган сигналларни дарров сезаман. Яъни қачон овқатланиш ёки ухлаш, қачон ишлаш кераклигини олдиндан сезаман. Яна босимдан қандай қутулишни билиб олдим», - дейди кичик Симеоне. Жованни Мальдивдаги асал ойи даврида ҳам шуғуллланишдан тўхтамади. Эндиликда ҳар бир ўйинга алоҳида тайёргарлик кўради - рақибларини ўрганади, айниқса, ҳимоячиларнинг ўзига хос ҳаракатларини ён дафтарчасига ёзиб олади. Ҳужумчига дарвозабонларни ўрганиш борасида «Верона» мураббийи Катальди яқиндан кўмаклашади: «Албатта, аввало, мураббий кўрсатмаларини бажаришга интиламан, лекин ўзимдан ниманидир қўшишни ҳам унутмайман».Симеоне футбол билан нафас олиш баробарида бошқа юмушларга ҳам вақт ажратади. Дейлик, тарихга қизиқади, биографияларни ўқийди, ҳужжатли фильмлар томоша қилади, руҳшуносликни ўрганади, астрологияга ҳам меҳри баланд.

***

«Верона»нинг ўйин услуби Симеонега жуда мос келди. Игор Тудор жамоаси ҳужумкор футболга мойил. «Кальяри» ўтган йилнинг ёзида Бальде Кейтани харид қилди ва Жованнини трансферга қўйди. Жамоа аргентиналик учун 10 млн. евро олишни мўлжалланганди. Ҳужумчига «Марсель» ва «Удинезе» қизиқди, шунингдек, «Зенит» ҳам «Калья­ри» билан музокара олиб борди. Якунда Жованни ижара шартномаси асосида «Верона»га йўл олишни маъқул кўрди. Иван Юрич «Торино»га ўтиб кетгач, «Верона» Эусебио ди Франческони таклиф этди. Лекин ЧЛ-2017|2018 ярим финалчиси клубда атиги 3 ой ишлади - стартдаги 3та мағлубиятдан кейин истеъфога чиқарилди. Игор Тудор эса инқилобга қўл урмади, жамоага Юрич давридаги услуб бўйича ўйнаш имконини берди. Хуллас, «Верона»нинг дадил услуби аргентиналик тўпурарга айни муддао бўлди. Мана, «Верона» Тудор раҳбарлигида 8та учрашувда ҳаммадан кўп - 20та гол урди. Умуман, жамоа айни пайт маҳсулдорлик бобида «А» серияда фақат «Интер» ва «Милан»дан орқада, холос. Жованни Симеоне эса «А» сериянинг иккинчи рақамли тўпурари. Айтганча, Жованни дастлабки татуировкасини 13 ёшида чиздирган - ЧЛ рамзи. Табиийки, ота-онаси бунга қарши эдилар. «Қачондир шу турнирда майдонга тушаман. Гол ургач, рамзни ўпиб қўяман», - деганди кичик Симеоне бунга жавобан.

**      Жованни Симеоненинг «Ювентус» дарвозасига урган голлари сони 6тага етди. Турин клуби - унинг учун энг ёқимли рақиб.

**      «Атлетико»да Диего Симеоненинг учинчи фарзанди - Жулиано вояга етмоқда. Ижтимоий тармоқларда унинг Криштиану Роналду услубида амалга оширган жарима зарбаси роса «айланмоқда».

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz