Қайднома

Қидирув

Ракурс: «Устоз, кепкангизни бериб туринг...»

Ракурс: «Устоз, кепкангизни бериб туринг...»

  21.11.2021 07:37
  0
  233
Ракурс: «Устоз, кепкангизни бериб туринг...»

Германия Бундеслигасининг ҳар бир тури мухлисларга қандайдир қизиқарли кадрларни тортиқ этади. Мисол учун, «Кёльн» етакчиси гол нишонлаш томошаси билан 11-турнинг бош персонажига айланди. Антони Модест рақиб дарвозасини нишонга олгач, шунчаки, жамоа мураббийи томон югурди ва унинг олдида рақс тушди. Бунда устознинг кепкасини кийиб олгани кадрга қўшимча чирой бағишлади.

Ўзи «Кёльн» - «Унион» ўйини Бундеслига 11-туридан ўрин олган энг сермаҳсул қарама-қаршилик бўлди. Жамоалар 90 дақиқа давомида 4та гол тортиқ этди - 2:2. Ўйиннинг асосий хронологияси:

7-дақиқа - Антони Модест тезкор гол эвазига «Кёльн»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

9-дақиқа - Юлиан Рюэрсон аниқ зарба билан дарҳол мувозанатни тиклади.

45-дақиқа - «Унион» танаффус олдидан ҳисобни ўзгартирди. Гол муаллифи - Гриша Премель.

86-дақиқа - 2:2. Антони Модест учрашувда «дубль» расмийлаштириш баробарида «Кёльн»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Фахрий ҳужумчи шундан сўнг Бундеслиганинг жорий мавсумидаги энг эҳтиросли гол нишонлаш томошасини кўрсатди: бош мураббий Штеффен Баумгарт томон югуриб борди ва унинг кепкасини бошидан юлиб олиб, кийди-да рақсга туша бошлади. Якунда бош кийимини мураббийга қайтариб берди.

Модест Бундеслиганинг жорий мавсуми камтаргина «Кёльн» учун 11та ўйинда 8та гол урди. Унинг голлари 4та ўйинда ҳал қилувчи аҳамият касб этди, яъни жамоасига муҳим очколар келтирди. Учрашувдан кейин на Баумгарт ва на Модест бу лавҳага изоҳ беришди. Уларнинг ўрнига «Кёльн» ҳужумчиси Марк Ут гапирди: «Модестнинг хатти-ҳаракати? Унга ҳеч қандай жазо чораси хавф солаётгани йўқ. Чунки мураббийи билан муносабати жуда яхши».

 

Майдон марказидан гол, дарвозабоннинг пенальтини кўкка совуриши. Булар ҳам Бундеслига доирасидаги 1та «телбавор» ўйинда кузатилди. Гап «Бохум» - «Хоффенхайм» ўйини ҳақида кетмоқда. 77-дақиқада 1:0 ҳисобида олдинда бораётган мезбонлар пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Шунда кутилмаганда, «Бохум» дарвозабони Мануэль Риман «нуқта» томон яқинлашди ва тўпни «осмон қадар» баланд тепди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 7-дақиқа ўтиб бораётган бир паллада эса, «Хоффенхайм» бурчак зарбаси ишлади ва бу жамоа кипери ҳам рақиб жарима майдони томон югурди. Бироқ мағлубиятдан қутулиб қолиш ҳаракати иш бермади, боз устига, мезбонлар «Хоффенхайм» ҳамласини бартараф этиб, тезкор ҳужум бошлашди ва Милош Пантович майдон марказидан бўш қолдирилган дарвозани нишонга олди - ажойиб гол!

Статистикадан маълум бўлишича, Риман бундан олдин Бундеслига ўйинида бирор марта пенальти тепмаган экан. Умуман, у 11 метрли жарима зарбаларини тўсишда яхшироқ ҳаракатланади. Ҳар ҳолда, жорий йилнинг ўзида 2та «дуэл»да ғалаба қозонди. Диққат қилинг, Риман бутун фаолияти давомида Бундеслига баҳсларида нақ 25та пенальти (!)ни тўсган. Айтганча, у бир сафар кубок ўйини қўшимча бўлимларида кийиниш хонасига кириб, рақиб футболчиларининг 11 метрли нуқтадан қандай зарба беришлари ёзилган видеони томоша қилган ва финал ҳуштаги чалиши арафасида майдонга тушиб, серияда ғалабани таъминлаган экан!

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz