Қайднома

Қидирув

Даниэль Карвахаль: «Рафииқамга ҳайкал ўрнатса арзийди»

Даниэль Карвахаль: «Рафииқамга ҳайкал ўрнатса арзийди»

  21.11.2021 14:00
  0
  327
Даниэль Карвахаль: «Рафииқамга ҳайкал ўрнатса арзийди»

Дани Карвахаль кундалик ҳаётида кўп нарсаларни ўзгартиришга мажбур қилган мунтазам жароҳатлар туфайли бир йилдан сўнг яна Испания миллий жамоаси либосини киядиган бўлди. Мадриднинг «Реал» клуби ўнг қанот ҳимоячиси яқинда Marca.cоm учун катта интервью берди.

- Музлатгичингизда қанча брокколи бор?

- (кулади) Етарлича. Аввалроқ парҳезимда жуда кўп нарсаларни ўзгартирганимни айтгандим. Ҳозирда ҳаммаси яхши, ўзимни қулай ҳис қиляпман.

- Парҳездаги ўзгаришлар фақат сизга тегишлими ёки оилангизга ҳамми?

- Бундан кўпроқ турмуш ўртоғим ўзгарди. Биз деярли ҳар доим бирга овқатланамиз ва у менга ҳамроҳ бўлишини, мени асло ёлғиз қолдирмаслигини айтди. Ва албатта, бу ёрдам беряпти.

- Рационингизда кўпроқ нималар ўзгарди?

- Хўш, ҳамма нарса глютенсиз. Бу туб ўзгариш эди. Қизил гўшт истеъмол қилмайман, лекин оқ гўшт, балиқ, сабзавотлар, мевалар... Спортчи учун оддий нарсалар.

- Буларга қачондан бери амал қиляпсиз?

- Ўтган йилдан бери. Озиқ-овқат ягона ўзгариш эмас. Кундалик тартиб, тушликдан сўнг тикланиш, машғулотдан олдин чигалёзди, машғулотнинг ўзи... Буларнинг барчаси таъсир қилади. Биз деярли 24 соатимизни ишимизга сарфлаймиз.

- Буларнинг бари жисмоний меҳнат билан боғлиқ. Руҳий жиҳатдан-чи?

- Ўз олдингизга ҳар қандай мақсадни қўйишингиз мумкин, лекин ижобий кайфиятда бўлмасангиз, олдинга қадам ташлолмайсиз... Ёмон хаёлларда машқ қилсангиз, катта қийинчиликлар келиб чиқиши мумкин. Бундай ҳолатда тиббий маънода бўлмаса-да, соғлом бўлолмайсиз.

- Сиз билан ҳам шундай бўлганми?

- Ҳа, ҳатто фикрларим менга қаттиқ таъсир қилди. Кўп миқдордаги рецидивлар сизни қамраб олиши табиий. Бундай пайтда ўзингизни кўролмайсиз. Шу давр мобайнида энг кўп турмуш ўртоғим азоб чекди.

- Унинг кўп нарсага чидашига тўғри келдими?

- Ҳа, етарлича. Ҳақиқат шундаки, унга ҳайкал ўрнатса арзийди. Ҳар ҳолда, ўғлимиз туғилгандан бери. Жароҳат олган пайтимда, менга яқинлашиш қийин эканлигини у жуда яхши билади.

- Дани Карвахаль ўзига нисбатан ўта талабчан. Шундайми?

- Тўғри. Кўпчилик мен ҳақимда шундай дейишади. Мураббийларим ўзим учун жуда катта «дор»­ни танлаганимни айтишди. Ўйнаб, завқ олишим учун ҳеч кимга ҳеч нарсани исботлашим шарт эмаслигини айтишади. Лекин ҳақиқат шуки, мен табиатан шундайман. Ўзимдан энг юқори даражани талаб қилмаслигим мумкин эмас. Бу кундан-кунга яхшироқ бўлиш усулидир. Ўзимдан жуда кўп нарсани талаб қиламанки, буни ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз.

- Психологлар ёрдамига муҳтожмисиз?

- Клубда менга ёрдам берганлар бор. Ечилиши керак бўлган яна бир муаммо психологик жиҳат эди ва бу жуда муҳим.

- Жароҳатлар, жисмоний ва руҳий чарчоқ. Тақвимни қайта шакллантириш керакми?

- Ҳа, тақвим жуда тиғиз. Ҳар уч кунда ўйин, бир ҳафтадан камроқ вақт ичида учта учрашув билан терма жамоага чорлов, Жанубий Америкага парвозлар... Бунга ақл бовар қилмайди.

- Келинг, терма жамоа ҳақида гаплашсак. Ciudad Del Futbol машғулот марказида яна пайдо бўлиб, ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?

- Болаларча роҳатландим, гўёки биринчи марта келгандек, ҳатто асабийлашдим ҳам. Ҳаммани яна кўрганимдан қувондим. Бу либосни яна ҳимоя қилишдан, термага ёрдам беришдан жуда хурсандман.

- Терма жамоа ўйинларини уйда томоша қилиб, нимани ҳис қилдингиз? Ғазабми ёки ожизлик?

- Ҳаммасидан бир шингилдан. Энг ёмони - ўйнамаслик, мақсадим Евро эди. Лекин ҳаммаси шу. Ўтмишни ўйлаб яшай олмайсиз.

- 2020 йил Евро йили эди, жамоа ҳаракатда эди, аммо пандемия келди.

- Ҳа, лекин ҳаммаси одатдагидек давом этмоқда. Энди келажак, бугун ҳақида ўйлаб, жамоага ёрдам бериш керак. Мақсадларимдан бири - якуний паллада яхши натижа кўрсатиш.

- Швеция ҳақида кўп гапирамиз, лекин аввал Греция кутиб турибди...

- Улар кучли рақиб, биз уйдан узоқда, улар эса ўз мухлислари қаршисида, шунингдек, уларда гуруҳда иккинчи бўлиш имконияти ҳам бор. Ушбу ўйинда ғалаба қозонолмасак, мундиалга тўғридан-тўғри чиқиш учун деярли ҳеч қандай имконият қолмайди.

- Лекин сизларда жароҳатланганлар жуда кўп.

- Буни жамоада муҳокама қилдик, дам олиш кунлари қайдномадан тушиб қолишга мажбур бўлганларга омад тиладик. Аммо Испаниядаги сифатни ҳисобга олсак, мураббий кўп вариантларга эга, жамоа ўта рақобатбардош. Бу Миллатлар Лигасида яққол намоён бўлди: у ерда катта йўқотишлар бўлишига қарамай, муваффақиятга анча яқин эдик.

- Ўйлашимча, «Реал»га яқин бўлган дўстларингиз бор.

- (кулади) Ҳа-ҳа.

- Уларга Луис Энрике антимадридист эмаслигини тушунтиришингизга тўғри келганми?

- Бу фикрни эшитиб, ундай эмаслигини уқтиришга ҳаракат қилдим. Мураббий қайси жамоада ўйнашидан қатъи назар, ўзи кўпроқ ишонадиган, ғояларини амалга оширишга ёрдам берадиганларни танлашга ҳаракат қилади. У буни исботлади. Бу унинг йўли, фалсафаси ва ғояси.

- Сизга доим ишонишган...

- Тўғри. Ўз навбатида, мен ҳам буни қадрлайман. Бир гал мураббий якуний рўйхат эълон қилинган куни матбуот анжуманида мен ҳақимда алоҳида гапирганди. Умид қиламанки, бу давомий бўлади.

- Жаҳон чемпионатини Испаниясиз тасаввур қила оласизми?

- Йўқ. Бунинг олдини олиш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

- Келинг, «Реал»ни муҳокама қилайлик. «Бернабеу» талаблари ҳақида гапиринг.

- Бу дунёдаги энг талабчан стадион. Бир нечта ўйинларда натижага эриша олмадик ва стадион бунга эътибор қаратди.

- «Барселона»ни Ла Лига учун курашдан чиқардингизми?

- Зидан келганида биз «Барселона»дан 12 очкога ортда эдик, аммо якунда охирги ўйингача бор кучимизни сиқиб, бир хил очко билан якунлагандик.

- Сиз Хави билан ўйнагансиз, унга қарши ҳам. Унинг келиши нимани англатади?

- Албатта, у ўзгаришларни олиб келади. Хавидек шахснинг ташрифи «Барселона»ни иштиёқ билан тўлдиради. Рақиб эканлигини инобатга олсак, барибир, унга омад тилайман, лекин бизга қарши ўйинларда эмас (кулади). Ахир биз ҳамкасблармиз.

- «Мадрид» ҳақида ҳурмат билан гапиришларини хоҳлайсиз...

- Биз барча рақибларни ҳурмат қиламиз. Мураббийимиз айтганидек, «Барса»ни қуйида кўриб, жуда ҳайрон бўлдик, аммо ҳеч ким уларни чемпионлик курашидан четлаштира олмайди. Ҳурмат муҳим. Жамоада яхши кунлар ҳам, ёмони ҳам бўлади, лекин ҳаммаси ўткинчи.

- Винисиус ҳақида қандай фикрдасиз?

- У бизга кўп ёрдам беради. Жамоадаги энг кучли футболчи ва ақлий куч намунаси. У гол йўқлиги, хатолари учун кўп танқид қилинди. Ва ҳамма нарсани ортда қолдириб, олдинга интилди. Мана натижа.

- Сиз аллақачон кийиниш хонасида фахрийдексиз. Ёш ва тажрибали ўйинчиларнинг бу аралашмаси нимани англатади?

- Биз ўтиш давридамиз. Ёшлигимизда Лука ва Серхио каби футболчилар узоқ вақт давомида биз билан бирга эди. Ҳаммаси яхши бўлди. Ёшлар клуб нима эканлигини ва у нимани англатишини тушуниб етишди. Бу жуда муҳим, чунки келажак уларга тегишли.

- Бу жараённи селекция жараёни билан солиштириш мумкинми?

- Барча жамоалар, жумладан, биз ҳам ўтиш босқичини ортда қолдирдик. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, бу ёшлар билан иккита чемпионликка яқин бордик.

- Серхио Рамос билан мулоқот қиласизми?

- Ҳа, яқинда суҳбатлашдик. У менга тузалиб кетиш арафасида эканлигини айтди. Ўйлайманки, Серхио танаффусдан кейин сафга қайтади. Умид қиламизки, унга омад кулиб боқади ва биз унинг футболидан яна завқ оламиз.

- Терма жамоага келиб, Рамосни кўрмаганингиз ғалати бўлдими?

- Ҳа, ғалати. Кўплаб янги чеҳраларни, ёш футболчиларни кўрдим. Ўйлайманки, агар у ҳамма нарсани тўғри қилса, албатта қайтади.

- Жамоадаги янги чеҳралар орасида 17 ёшли болакай ҳам бор...

- Ҳа, Гави. Бир-биримизни кўрганимизда қучоқлашдик. Унинг шу ёшда жамоада бўлгани хизматлари самарасидир. Ҳеч ким унга ҳеч нарса ваъда қилмади. У ўз клубида ҳам, терма жамоада ҳам савия кўрсатди.

- Янги келганлардан яна бири - Рауль де Томас. Нега «Реал»ни тарк этган Мората, Негредо, Солдадо каби ҳужумчилар бошқа клубларда очилишади?

- Рақобат даражасидан келиб чиқиб, мадридликлар ҳужумчиси бўлиш осон эмас. Карим ўз ўрнини бўшата олмайди. Лекин шундай ҳужумчилар борки, уйини тарк этиб, буюк жамоаларда ўйнайди.

- Карвахаль VAR тизимини тушунадими?

- Ҳа. Қарама-қарши қарорлар мавжуд. Еврода биз VAR аралашган битта ўйинни кўрдик - Стерлинг пенальтиси. Ҳакамга катта ваколатлар берилди, кичик алоқалар ҳисобга олинмади. Мен бу борада VAR сифат жиҳатидан олдинга силжиш қилди ва ҳаммасини янада яхшилаш керак, деб ўйладим.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz