Қайднома

Қидирув

Легионерларимиз: Шомуродов майдондан чиқиб кетгач...

Легионерларимиз: Шомуродов майдондан чиқиб кетгач...

  23.11.2021 05:50
  0
  322
Легионерларимиз: Шомуродов майдондан чиқиб кетгач...

Россия. «Нижний Новгород» РПЛ 15-турида «Зенит» меҳмони бўлиб, 1:5 ҳисобида енгилди. Меҳмонлар ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев Питердаги омадсиз учрашувда тўлиқ 90 дақиқа тўп суриш баробарида жамоасининг ягона голига ассистентлик қилди. Ҳамюртимизнинг 45-дақиқадаги узатмасидан ке­йин Алексей Козлов ягона жавоб голи муаллифига айланди. 2:2 ҳисобида якунланган «Уфа» - «Ростов» ўйинида мезбонлар вакили Остон Ўрунов қайдномадан ҳам четда қолди.

Беларусь. БАТЭ Беларусь чемпионати Олий лигаси 29-тури доирасида сафарда «Торпедо-БелАЗ»ни 3:0 ҳисобида енгди. Борисов жамоасининг биринчи голига ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаров ҳаммуаллифлик қилди. Умуман, Ўзбекистон миллий жамоаси вакили ўйинда 73-дақиқагача фаол тўп сурди. «Энергетик-БГУ» эса аксинча, ўз майдонида «Славия-Мозир»га имкониятни бой берди - 2:3. Эътиборли томони, дастлабки дақиқалардан «талабалар» ҳужумида яна Бобур Абдухолиқов - Шаҳзод Убайдуллаев тандеми ҳаракатланди. Бобур 51-дақиқада ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берган бўлса, Шаҳзод тўлиқ вақт тўп суриб, 80-дақиқада пенальтидан гол урди. У шунингдек, жамоасининг биринчи голига ассистентлик қилди. «Энергетик»даги яна бир легионеримиз Дониёр Абдуманнопов эса ҳамон жароҳат туфайли четда.

БАА. Мамлакат Про-лигаси 10-туридан ўрин олган «Хаур-Факкан» - «Шаржа» ўйинида меҳмонлар 3:1 ҳисобида устун келишди. Жамоанинг бу ғалабасига ҳамюртимиз Отабек Шукуров муносиб ҳисса қўшди. Майдонда тўлиқ вақт тиним билмаган ярим ҳимоя 90-дақиқада «Шаржа»нинг учинчи голини ўз ҳисобига ёздириб қўйди. «Шабаб Ал-Аҳли» ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев эса «Ал-Наср»га қарши кечган сафар ўйини (1:1)да майдонга тушгани йўқ.

Қозоғистон. «Тобол» мамлакат кубоги ярим финали жавоб учрашувида ҳам мағлубиятга учраб, курашдан четга чиқди. Биринчи ўйинда 2:5 ҳисобида енгилган Кос­танай клуби бу сафар «Шахтёр»дан 2та жавобсиз гол қабул қилди. Жамоа сафида тўп сураётган Игорь Сергеев ушбу баҳсда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди.

Италия. Элдор Шомуродов учун собиқ клуби - «Женоа»га қарши ўйин самарасиз якунланди. Лекин «Рома» Генуядан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. «Бўрилар»га ижобий натижа келтирган 2та гол ҳам 74-дақиқада айнан ҳамюртимиз ўрнига майдонга тушган Феликс Гьян ҳисобига ёзилди. Дарвоқе, Corriere dello Sport нашри хабарига қараганда, «Рома» футболчилари Конференциялар Лигаси гуруҳ босқичи 5-туридан ўрин олган «Заря»га қарши ўйинда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ҳаракати логотипи туширилган формада майдонга тушишади. Учрашувдан кейин эса футболкалар аукционга қўйилади ва савдодан тушган маблағ Roma Cares хайрия жамғармаси ҳисобига ўтказиб берилади. Чипталар сотувидан тушган пулнинг ярми ҳам хайрия қилинади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz