Қайднома

Қидирув

Обид Жўрабоев: «Эндиги мақсад - Суперлигада муносиб ўйнаш»

Обид Жўрабоев: «Эндиги мақсад - Суперлигада муносиб ўйнаш»

  23.11.2021 09:49
  0
  245
Обид Жўрабоев: «Эндиги мақсад - Суперлигада муносиб ўйнаш»

Бу йил Про лигада «Нефтчи» ва «Динамо» клублари рақибларидан устунлик қилган ҳолда, муддатидан олдин Суперлига йўлланмасини расмийлаштирди. Ваҳоланки, мавсум Самарқанд жамоаси учун анча омадсиз бошланган эди. Кейинчалик таркибда ўзгаришларга қўл урилди ва бу ўз мевасини бериб, Ҳаким Фузайлов шогирдлари якунда 2-ўринни эгаллашди. «Динамо»нинг элитага қайтишига катта ҳисса қўшган футболчилардан бири - бу жамоа сардори Обид Жўрабоев. Тажрибали ҳимоячи ўйин­ларда жамоадошларини ўз ортидан етаклай олди. Хўш, Жўрабоевнинг мавсум якунлари бўйича таассуротлари қандай, келгуси режаларичи?

- Аввало, жамоангиз ниҳоят, Суперлигага қайтгани билан табриклаймиз. Мавсум таассуротлари қандай?

- Раҳмат. Тушунарлики, Суперлига йўлланмаси осонгина қўлга киритилгани йўқ. Бу йўлда ўзига яраша мушкулотларга дуч келдик. Асосийси, клуб раҳбария­ти мавсум бошидан аниқ вазифа белгилади ва шунга яраша талаб даражасида шароитлар яратиб берди. Бундай эътиборга жавобан натижа кўрсатмасак ҳам бўлмасди. Умуман олганда, Про-лига мавсуми қизғин тус олди, муросасиз ўйинлар сони анча кўпайди. Оддий мисол, элита йўлланмалари учун «Нефтчи», «Нурафшон», «Олимпик» ва «Динамо» жамоалари ўртасида кескин кураш кечди. Қолган клублар ҳам гарчи йўлланмага чанг солмаган бўлсада, даъвогарларга иложи борича қаршилик кўрсатди.

- Мавсум бошидаги омадсизликлар ҳақида нима дея оласиз? Жамоа айнан ниманинг ҳисобига ҳолатни ижобий томонга бурди?

- Шунчаки, мавсумнинг старт қисмида омад юз ўгиргани ортидан кўплаб очколар йўқотдик. Қолаверса, мавсум арафасида таркибимизга бир қатор янги йигитлар қўшилишганди. Адашмасам, таркиб 90-95 фоиз янгиланди. Бош мураббий ҳам ўзгарди. Табиийки, бундай ҳолатда ўйинни бирданига йўлга қўйиш ва натижа кўрсатиш қийин. Энг асосийси, вақт ўтгани сайин хатоларни бартараф этиб, камчиликларни тузатиб бордик. Жамоавий ўйин йўлга қўйилганидан кейин эса натижа ўз-ўзидан кела бошлади. Барчасининг ортида меҳнат ётибди, албатта. Алоҳида айтишим керак, кўпчилик чемпионат бошида қайд этилган натижаларга қараб, «Динамо»га унча ишонмади ва элита йўлланмаларига асосий даъвогарлар сифатида «Нефтчи» ҳамда «Нурафшон» тилга олинди. Балки шу ҳолат ҳам бизнинг фойдамизга ишлагандир.

- Сизнингча, ҳозирги «Динамо» Суперлига савиясига қанчалик жавоб беради?

- Ўйлайманки, жамоамиз элитада ўйнашга тайёр. Раҳбарият вазифа бажарилган кунданоқ келгуси йил учун режалар туза бошлади. Демакки, «Динамо» янги мавсумга астойдил ҳозирланади. Мана, қўшимча машғулотлар учун мўлжалланган сунъий қопламали майдон бунёд этилмоқда. Асосий стадион чимига ҳам эътибор катта. Бир сўз билан айтганда, Суперлига талабларига жавоб берадиган инфратузилма шакллантирилмоқда. Ишонаманки, «Динамо» Суперлигада муносиб иштирок этади. Менимча, таркиб ҳам ҳали кучайтирилса керак. Бу борада раҳбарият катта ёрдам бермоқда, айниқса, жамоа ҳомийси «Агромир»нинг эътибори кучли.

- Жамоада маош масаласи қандай?

- Мавсум давомида молиявий томондан камчиликлар кузатилгани йўқ. Жамоа бюджети Про лигадаги айрим жамоаларникидан камроқ бўлса-да, маош ва мукофот пулини вақтида олдик. Раҳбарият бу масалада қатъий тартиб ўрнатди. Тўғри, маош миқдори унча катта эмасдир, муҳими, вақтида тўланиши йигитлар кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб, иштиёқни оширди.

- Ҳаким Фузайловнинг иш услуби ёқдими?

- Албатта. Тажрибали мутахассис. Фаолиятим давомида кўплаб мураббийлар билан ишладим. Табиийки, ҳар бир мутахассиснинг футболга нисбатан ўз қараши бор. Дейлик, Фузайлов келгач, аввало, жамоани бирлаштиришга эътибор қаратди. Яъни футболчилар ўртасида бирдамликни шакллантирди. Яна тартиб-интизомга жиддий ёндашди. Менимча, айнан тартиб жойига тушганидан кейин натижалар кўзга ташланди. Умид қиламанки, келаси мавсум Фузайлов билан Суперлигада ҳам яхши ишлаймиз. 

И.АБДУВАҲОБОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz