Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Жеррард АПЛга қайтди

Мураббийлар: Жеррард АПЛга қайтди

  24.11.2021 03:03
  0
  249
Мураббийлар: Жеррард АПЛга қайтди

Қаторасига 5 учрашувда мағлубиятини тан олган «Астон Вилла» 16-ўринга тушиб кетди ва Дин Смитни истеъфога чиқарди. Унинг ўрнига номзодлар сифатида мутасаддилар бир йўла 6 нафар мураббийни ўрганишга киришдилар: Стивен Жеррард, Роберто Мартинес, Ральф Хазенхюттль, Томас Франк, Паулу Фонсека ва Каспер Юльманн. Якунда раҳбарият Шотландиянинг «Рейнжерс»ини сўнгги 10 йил ичида илк бор чемпионликка олиб чиққан Жеррард вариантини афзал кўрди.

Бу борада батафсил маълумотлар йўқ, лекин Sky Sports 2,5 йиллик шартнома имзолангани, Стиви клуб каналига интервью берганлиги ҳақида хабар берди:

«Астон Вилла» - инглиз футболида бой тарихи ва анъаналарига эга клуб. Шундай жамоага бош мураббий бўлганим билан фахрланаман ва унинг юксак натижаларга эришиши йўлида бор билим-малакамни сарфлайман. Фурсатдан фойдаланиб, «Рейнжерс»га бефарқ бўлмаган барча мухлис-мутахассисларга номдор жамоани бошқариш имкониятини беришгани учун миннатдорчилик билдираман. 55-чемпионлик унвони қалбимдан абадий жой олди. Футболчилар, хизматчилар ва мухлисларга келажакда муваффақиятлар тилайман».

«Ливерпуль» афсонаси мунтазам равишда инглиз жамоалари диққат марказида бўлди. Ёзда у «Тоттенхэм» ёки «Эвертон»га ўтиши мумкин эди, яқинда «Ньюкасл» ҳам уни жалб этишга уриниб кўрди.

 

Жеррард - Глазгоқаҳрамони

2017 йилнинг февралида Стивен «Ливерпуль» тизимида мураббийлик соҳасига қадам қўйганди. Аввалига у Зидан услубидан фойдаланадигандек туюлганди: суюкли жамоасининг ёшлари таркибида тажриба тўплаб, ке­йин Юрген Клопп ўрнини оладигандек эди. Бироқ амалда бундай бўлмади: муваффақиятли лойиҳани рўёбга чиқаришни бошлаган германиялик мураббий «Энфилд»ни тарк этишни хаёлига ҳам келтирмади.

Касбдошига халал беришни истамаган Жеррард 2018 йилнинг майида «Рейнжерс» таклифини қабул қилди. Ўша паллада мазкур клубдаги вазият ўта мураккаб эди. 4-дивизионга «сургун» қилингани жамоани тушкун кайфиятга тушириб қўйган, узоқ вақт давомида у азалий рақиби - «Селтик»ка яқинлаша олмаётганди. Клуб раҳбарлари жиддий таваккалга қўл уришди: «Ливерпуль» ёшлари билан ЕЧЛнинг ўсмирлар ўртасидаги турнирида нимчорак финалгача иштирок этишдан бошқа дурустроқ тажрибага эга бўлмаган мураббийга ўта оғир юмушларни ишониб топширишди. Лекин ҳамкорлик самарали бўлишига шубҳа қилишмади.

Шотландиядаги дебют мавсумида Стиви «Рейнжерс»ни 2-ўринга олиб чиқди, охирги 6 йил ичида илк марта Глазго дербисида «Селтик»ни енгди, ЕЛда гуруҳ босқичига етиб борди. Кейинги мавсумда ҳам жамоа чемпионатда яна иккинчи бўлди, ЕЛда эса «плей-офф» босқичига кўтарилди, «Брага»ни маҳв этди. Лекин нимчорак финалда «Байер»га имкониятни бой берди. 3-мавсумда «Рейнжерс» чинакам портлашни амалга оширди: чемпион бўлди, асосийси - «Селтик»ни таслим этди. Умуман, Жеррард фантастик мавсумни қайд этди:

***  «Рейнжерс»10 йиллик танаффусдан сўнг Шотландия чемпионатида ғолиб чиқди. Чиққанда ҳам, улкан захира билан, мусобақа якунланишига 6 тур қолганида чемпионликни расмийлаштирди. Финишда у энг яқин таъқибчидан 25 очкога ўзиб кетганди;

***  «Рейнжерс» мавсумни мағлубиятсиз ўтказди: 32 ғалаба, 6 дуранг - бундан аввал Брендан Рожерс «Селтик» билан 2016|17 йиллар мавсумини мағлубиятсиз якунлаганди;

***  Ўз майдонидаги 19 учрашувда 19 ғалаба - Шотландия чемпионати рекорди;

***  Тўплар нисбати борасида ҳам ҳаммаси аъло: 92-13 (ўтказиб юборилган голлар камлиги бўйича рекорд), 26та «қуруқ» учрашув (бу ҳам рекорд).

Шу тариқа Стиви Жи сэр Алекс эришган юксак мартабага сазовор бўлди.

 

Жеррард «Рейнжерс»да дўстона муҳит яратди, интизом ўрнатди

Жеррард ишни жамоавий руҳиятни кўтаришдан бошлади: маш­ғулот базасидаги ошхона тизимини такомиллаштириб, футболчиларга кўпроқ мулоқотда бўлиш имкониятини яратди, телефондан фойдаланишни тақиқлади. Қўшимчасига, Глазгодаги дастлабки ҳафтани хизматчилар ва футболчиларга ажратиб, улар билан яқиндан танишиб чиқди. Шу тариқа жамоада дўстона муҳит юзага келди.

Бош мураббий лавозимига келиш арафасида «Рейнжерс» ўйинларини таҳлил қилган Стиви ўйинчиларнинг чидамлилик салоҳияти талаб даражасида эмаслигини фаҳмлаганди. Илк кундан машғулотлар тиғизлигини оширди. Айрим ўйинчилар юкламаларга дош бера олмадилар ва жамоани тарк этдилар. Натижада мураббий «Ливерпул»дан Жордан Милсни таклиф этишга мажбур бўлди.

Мухлислар билан апоқ-чапоқ бўлиш борасида Стиви қийинчиликка дуч келмади, унинг ростгўй ва ҳалоллиги мухлисларни ром этганди. Доимо учрашув якунида мураббий рақиб ўйинчилари ва мураббийлар штаби аъзолари билан қўл бериб хайрлашар, шогирдларидан ҳам шуни талаб қиларди. 2018 йилнинг сентябрида мураббий Альфредо Морелос ва Даниэль Кандейасни рақиблари қўлини олмаганликлари учун жазолаганди.

Стиви Жи - тенги йўқ мотиватор. ЕЛ доирасидаги «Фейеноорд»га қарши муҳим учрашув арафасида шахсан ўзи Нидерландия матбуотини титкилаб, «Рейнжерс»га оид салбий фикрлар битилган материалларни излади. Майдонга тушиш вақти яқинлашганида эса, кийиниш хонасида шогирдларини ўша ҳамиятга тегадиган материаллар билан таништирди. Қарабсизки, шотландияликлар рақибни таслим этишди.

Дастлабки мавсумда футболчилар 12та тўғридан-тўғри қизил карточка билан жазоланганларида, Жеррард дисквалификация жаримаси миқдорини оширди. 2018|19 йиллар мавсумида 3 марта четлатилган Альфредо Морелос бошқалардан кўпроқ муаммо туғдирарди. Жазо чоралари кучайтирилганидан кейинги 2,5 йил ичида ашаддий қоидабузар бирорта ҳам «қизил» олмади, 13та сариқ билан кифояланди. Ўтган мавсумни Стиви шогирдлари майдондан четлатилмасдан ўтказишди, қоидабузарлик бўйича энг яхши (425) натижани қайд этишди.

Шотландияда Жеррард юксак ташкилотчилик қобилиятини намойиш этди, атрофига ўзига мос фазилатли кишиларни жамлаб, улар ёрдамида ўз ғояларини амалга ошира бошлади. Масалан, Майкл Бил жамоа ўйинларини трибунадан кузатиб, хато-камчиликларни аниқлайди. Машғулот жараёни ва тактика учун у масъул.

Шунингдек, Том Кушлоу ва Гари Маккалистер ҳам муайян юмушларни адо этишади. Том стандарт вазиятлардан фойдаланиш кўрсаткичини яхшилади (2 мавсумда 47та гол), Гари эса шотланд футболининг нозик жиҳатларини беш бармоғидек яхши билади. Пандемия даврида футболчилар юксак спорт формасини сақлаб қолишлари учун Стиви доктор Марк Уэллерни клубга таклиф этганди.

 

Ҳужумкорлик ошди, ҳимоя «бетонланди»

3 йил давомида Стивен Жеррард «Рейнжерс»нинг барча кўрсаткичлари босқичма-босқич яхшиланишини таъминлади. Стиви даврида «Рейнжерс» ҳимояси мус­таҳкам қўрғонга айланди, унинг дарвозаси томон йўлланган зарбалар кескин камайди - бутун чемпионат давомида фақат «Хиберниан» (2:2) биттадан ортиқ гол уришга муваффақ бўлди.

Рафаэль Бенитес, Рой Хожсон, Кенни Далглиш ва Брендан Рожерс каби устозларидан сабоқ олган Жеррард ажойиб тактик мақомига кўтарилди. Ўта мураккаб вазифаларни у ўз шогирдларига содда тилда тушунтира олади.

«Стиви доимо тактикага қизиқарди. Агар ниманидир тушуна олмаган бўлса, жаҳли чиқар ва тушуниб етмагунича тинчимасди», - деганди Бенитес «Ливерпул»даги дастлабки кунларида.

Шунингдек, Жеррард ўз футболчилари салоҳиятини юзага чиқариш бобида ҳам ажойиб натижаларга эришмоқда. Энг ёрқин ўйинчиларидан бири бўлган ўнг қанот ҳимоячиси Жеймс Тавернье Стиви даврида 39та гол ва 51 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Унинг трансфер қиймати 3 йилда 10 бараварга ошди. Боз устига, ҳимоячи тўпурарлик бобида клубида иккинчи, чемпионатда тўртинчи натижани қайд этди - 12та гол. «Рейнжерс»да фақат ҳужумчи Кемар Руф ундан кўпроқ гол урган. Янис Хаджи ва Райан Кент ҳам жамоа муваффақиятига сезиларли улуш қўшдилар.

Стиви қачондир бош мураббий мақомида «Энфилд»га қайтиши истагини яширмаяпти: «Ливерпуль» - менинг жамоам. Унинг сафида унутилмас дамларни ўтказдим. «Ливерпуль» бош мураббийи бўлишни орзу қиламанми? Албатта! Лекин ҳозир эмас. Боз устига, бу юмушни муносиб уддалай олишимга ким кафолат бера олади?»

Орзусидаги бу юксак лавозим ҳозирча Юрген Клопп билан банд эканлигини Жеррард яхши билади. «Энфилд»даги 6 йил ичида германиялик мутахассис жамоани топлар сафига олиб чиқди ва 4та нуфузли совринларни қўлга киритди: АПЛ ва ЕЧЛ ғолиблиги, УЕФА Суперкубоги ва КЖЧ ғолиблиги.

Шотландиядаги тарихий мавсумдан кейин «Ливерпуль» мухлислари айнан Стивини кутишганди. Бироқ ўз ақидаларидан воз кечмайдиган ориятли мураббий ўзгача қарорга келганди: «Юргендек ажойиб инсон ҳозирнинг ўзида юксак мукофотга муносиб, деб ҳисоблайман. Унинг шарафига ёдгорлик ўрнатилиши керак. Мен эса «Ливерпул»га муносиб бўлиш учун изланишни давом эттираман».

Дарҳақиқат, Стиви ҳақ: «Дерби»да муваффақиятли фаолият олиб борган Фрэнк Лэмпард «Челси»га қайтди, аммо 1,5 йилда ваколатини топширди. Жеррард учун «Астон Вилла» ҳал қилувчи синов вазифасини адо этиши мумкин: кучли чемпионат, муаммоли клуб ва сифатли таркиб. Агар Стиви «Вилла»ни тиклай олса, «Ливерпул»га ўтиши адолатли ва мантиқан энг тўғри ечим бўлади. Клоппнинг амалдаги шартномаси 2024 йилда кучини йўқотишини инобатга олсак, Жеррард ихтиёрида 2 йил бор. «Энфилд» таклифини эса рад этмаслиги, этолмаслигига ишончимиз комил. Чунки биз билган Клопп ҳам олийжанобликни қадр­лай олади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz