Қайднома

Қидирув

Муҳиддин Одилов: «Пахтакор» ёрдам бермаганди...»

Муҳиддин Одилов: «Пахтакор» ёрдам бермаганди...»

  24.11.2021 09:49
  0
  333
Муҳиддин Одилов: «Пахтакор» ёрдам бермаганди...»

Ўзбекистон ўсмирлар термаси 2012 йили Дилшод Нуралиев бошқарувида тарихий натижа расмийлаштирганди - вакилларимиз Эрон мезбонлик қилган Осиё чемпионатидан олтин медаль билан қайтишган. Бир эсласак, ўша турнирда жамоамиз сафида Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов, Муҳиддин Одилов ва Жамшид Болтабоев каби футболчилар катта роль ўйнашган. Хусусан, Одилов терма жамоа сардори сифатида майдонга тушганди. Бироқ кейинчалик ёш иқтидорнинг саломатлигида баъзи муаммолар юзага келди ва у нафақат кичик мундиал, балки назардан ҳам четда қолди. Муҳиддин бугунги кунда Тожикистон чемпионати иштирокчиси - «Кўктош» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Ҳужумчи билан суҳбат давомида унинг ҳозирги фаолияти ҳақида гаплашдик, яна ўсмирлар терма жамоасидан қолган хотираларига қулоқ тутдик.

ТОЖИКИСТОНДАГИ  ФАОЛИЯТИ

- Аввало, суҳбатга чақирганингиз учун ташаккур. Ҳозирда фаолиятимни Тожикистон Олий лигаси иштирокчиси «Кўктош» клуби сафида давом эттиряпман. Саломатлигимда юзага келган муаммолар туфайли бир неча йил футболдан четда қолгандим. Табиийки, узоқ танаффус футболчига таъсир ўтказади, спорт формасидан чиқиб қоласиз. Яхшики, орада Тожикистондан таклиф тушди ва ҳозирги жамоам сафига қўшилдим. Мана, бир неча йил бўлди, «Кўкдош» шарафини ҳимоя қиляпман. Чунки бу ерда барчаси мени тўлақонли қониқтирмоқда. Асосийси, мунтазам ўйин амалиётига эга бўляпман. Натижалар ҳам чакки эмас. Дейлик, 2018 йили «Кўктош» чемпионатда 3-ўринни эгаллади. Ке­йинги мавсум эса мамлакат кубогида ғолиб чиқдик. 2020 йили ҳам яна 3-ўриндан жой олиш имкония­ти етарли эди. Бироқ айрим ўйин­ларда ўз даражамизда тўп суролмаганимиз ортидан бронза медалига етишолмадик. Муҳими, жамоада мухлислари бор, бизни мудом қўллаб-қувватлашмоқда. Жумладан, мени ҳам ҳурмат қилишади.

                   

«ЗОМИН»ДАГИ ҚИСҚА ВАҚТ

- Жорий йил бошида Ўзбекистон чемпионати Биринчи лигаси иштирокчиси «Зомин»дан таклиф бўлди. Аслида ўша вақт «Кўктош» шартнома муддатини узайтиришни истаётганди. Кейинчалик яқинларим билан маслаҳатлашган ҳолда, Зомин клуби билан шартнома туздим. Афсуски, бу жамоа­да ишлар ўзим кутгандек чиқмади. Оддий айтганда, бор салоҳия­тимни кўрсатолмадим ва биринчи давра якунлаши билан клуб билан хайрлашдим. Шунингдек, «Зомин»да молиявий муаммолар ҳам кузатилди. Айниқса, маош ва мукофот пуллари тўлашда узилишлар бўлди. Хуллас, «Кўктош» молиявий томондан яхшироқ таклиф юборгач, собиқ жамоамга қайтишни маъ­қул кўрдим.

 

ФУТБОЛГА КИРИБ КЕЛИШИ

- Болалигимдан футболга қизиқишим баланд ва миллионлар ўйинига мустақил тарзда қадам ташлаганман. Дастлаб Янгиер шаҳридаги футбол мактаб-интернатида таҳсил олдим. У ерда Санжар Абдукаримов қўл остида шуғулландим. Биринчи устозим айни пайт Зомин тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида директор лавозимида ишламоқда. Аслида ота-онам профессионал футболчи бўлишимга қарши чиқишган. Лекин мураббийларим иштиёқимни кўриб, яқинларим билан алоҳида гаплашишган, уларни кўндиришган. Оддий оилада вояга етганман, шунинг учунми, отам профессионал футболчи бўлиш йўлида жиддий қийинчиликлар учрашини алоҳида уқтирганди.

ОЧ-2012 ВА ТЕРМА ЖАМОА

- Дилшод Нуралиев чиндан ҳам, ажойиб жамоа шакллантирганди. Жуда аҳил эдик. Эсимда, Осиё чемпионати гуруҳ бос­қичидан катта қийинчилик билан кейинги босқичга чиққанмиз. Дейлик, ярим финалда Жанубий Корея термасини енгишимизга ҳеч ким ишонмаганди. Эҳтимолки, шу ҳам фойда бергандир. Яна йигитлар билан келишган ҳолда, ўйинга пухта тайёрланганимиз ҳам самарасини берганди. Албатта, ўша Осиё чемпионатидан ажойиб хотиралар қолган.

 

САЛОМАТЛИГИГА БОҒЛИҚ МУАММОЛАР

- Ўзи 2009 йили тиббий кўрикдан ўтганимда, юрак тизимида муаммолар аниқланди. Кейинчалик шифокорлар кўрсатмалари асосида вақти-вақти билан даволаниб юрдим. Осиё чемпионати финали арафасида шамоллаб қолдим ва ҳал қилувчи учрашувда майдонга тушолмадим. Тошкентга қайтгач, кўплаб шифокорлар кўригида бўлдим, аммо ҳеч биридан тайинли жавоб эшитмадик. Хуллас, муаммо қандай юзага келганини айтишмади, шунчаки, футболдан кетишимни тавсия этишди, агар ўйнашда давом этсам, хавф кучайиб боришини маълум қилишди. Ўша вақт «Пахтакор»га тегишли эдим. Афсуски, клубда ҳеч ким менга ёрдам беришни истамади. На клуб раҳбарияти, на мураббийлар... Балки вақтида ёрдам қўлини чўзиб, малакали шифокорларга кўрсатиб, тизимли даволатишганида, ҳозир менга ҳам миллий жамоада тўп суриш насиб этармиди...? Чунончи, футболга муҳаббатим чексиз, ишлашдан асло қочмайман. Ҳалигача орзуларим бисёр. Хусусан, юртимизга қайтиб, Суперлигада ўйнашни истайман. Ишонаманки, бу орзум кун келиб амалга ошади, албатта.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz