Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: «Барса» ва «Қизил фурия»нинг бугуни/ келажаги

Вундеркиндлар: «Барса» ва «Қизил фурия»нинг бугуни/ келажаги

  25.11.2021 06:06
  0
  262
Вундеркиндлар: «Барса» ва «Қизил фурия»нинг бугуни/ келажаги

ИСПАНИЯ МИЛЛИЙ ЖАМОАСИНИНГ 17 ЁШЛИ РЕКОРДЧИСИ! 2021 йил 6 октябрь. Европа Миллатлар Лигаси. Ярим финал. Италия - Испания - 1:2. Финал йўлланмаси тақдирини ҳал қилган ўйиннинг бош қаҳрамони - «дубль» муаллифи Ферран Торрес. Шунингдек, майдонга тушишининг ўзи билан тарихга кирган йигитча ҳам ўша ғалабага озми-кўп ҳисса қўшганди. Гап шу йилнинг августида 17 ёшга тўлган «Барселона»нинг бўлажак юлдузи Гави ҳақида кетмоқда. «Қизил фурия» либосида илк марта 17 ёшу 2 ойу 1 кунлигида майдонга тушган истиқболли ярим ҳимоячи Анхель Субьета томонидан узоқ 1936 йили ўрнатилган рекордни янгилади. Гави ўша оқшом 83 дақиқа тўп сурди. У бунга қадар профессионал даражадаги бирор расмий учрашувда бунчалик кўп ўйнаган эмасди. Яна бир томони, Италия термаси 1999 йилдан буён ўз майдонида мағлубият нималигини билмай келаётганди. Гави ва унинг жамоадаги 5 нафар шериги (Ферран Торрес, Педро Порро, Эрик Гарсия, Йереми Пино ва Брайан Хиль) «скуадра»нинг ўша серияси бошланган давр ҳали дунёга ҳам келмагандилар...

Испания миллий жамоаси бош мураббийи Луис Энрике ўша ўйиндан кейин «Барса» вакилини алоҳида олқишлади: «Бу - ўта ноёб воқеа. Гави худди ўз уйи ортидаги ҳовлида тўп сураётгандек ҳаракатланди. Шундай иқтидор ўйинини томоша қилиш - мароқ. Бу йигитча Испания футболининг бугуни ва келажаги!»Кечаги «Барселона» бугун йўқ, жамоа қандайдир инқирозда, ахир Лионель Месси кетди, Роналд Куман ажабтовур ғоялари билан ҳафсалари пир қилди ва ўрнини Хавига бўшатиб берди. Гавининг асосий таркибдаги дебюти айни шундай мураккаб даврга тўғри келди. Вақти-вақти билан «Барса-Б» ўйинларини кузатишга бориб турадиган Куман уни анча анча олдин кўз остига олганди. Нидерландиялик мураббий ниҳоят, ёзда йигитчани асосий жамоа машғулотларига жалб этди ва мавсумолди тайёргарлиги якунида ўз қарорини эълон қилди: «Бу болакай энди «Барса»нинг асосий таркиби вакили, ёшлар жамоа­сига бошқа қайтмайди».Амалда ҳам шундай бўлди. Август ойи охирида ёш иқтидор «Барса»даги дебютини нишонлади - «Хетафе»га қарши ўйиннинг 73-дақиқасида майдонга тушди. Гави илк учрашувда қандайдир ҳайратланарли ҳаракатни намойиш этмади, шунчаки, жамоасига ғалаба йўлида ёрдам берди. Ўйиндан кейин эса тўлқинланиб гапирди: «Клуб тизимига келганимда 10 ёшли болакай эдим. Орадан 7 йил ўтгач, асосий таркибда майдонга тушдим. Ҳар бир тарбияланувчининг орзуси саналган маррага етганимдан хурсандман. Ҳозирги ҳолатимни тўлиқ таърифлаб беролмайман. Дебют ўйинида кийган футболкамни нима қиламан? Финал ҳуштаги янграши билан уни ота-онамга бердим. Улар футболкани уйимиз тўрига илиб қўйишади. Бу - мен учун бир умрлик ёдгорлик»

Гави «Барселона» тарихида майдонга тушган энг ёш футболчилар рўйхатида 4-ўриндан жой олди. «Хетафе»га қарши баҳс вақти 17 ёшу 24 кунлик эди. Жамоа ҳаётида фақат Висенте Мартинес, Ансу Фати ва Боян Кркичга янада ёшроқ пайтда дебют қилиш насиб этган. Ҳа, Гави илк учрашувда эътиборга лойиқ ҳаракатни амалга оширмади, иккинчисида эса Роналд Араухо голига ассистентлик қилди. «Гранада»га қарши ўйин­нинг 90-дақиқасига тўғри келган шу комбинация ортидан «Барселона» мағлубиятдан қутулиб қолди. Гави кейинчалик ЧЛда ҳам майдонга тушди. Тўғри, «Барса» турнирнинг дастлабки 2та ўйинида «Бавария» ва «Бенфика»га умумий - 0:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Энди Каталония клуби ёш йигитча билан шартнома муддатини узайтириш устида иш олиб бормоқда. Унинг амалдаги келишуви эса 2023 йилнинг июнигача мўлжалланган. Маълумотларга қараганда, «Барса» шартнома муддатини 2026 йилгача узайтириб, товон пули миқдорини 500 млн. еврога кўтариш ниятида.

Йигитчанинг Каталония гранди шарафини ҳимоя қила бошлаганига 2 ойдан ошди. У бу орада Испания миллий жамоасидаги дебю­тини нишонлашга ҳам улгурди. Гави атиги 7  ой ичида «Барса-Б»нинг асосий таркибига кирганди. Собиқ мураббийларининг айтишларича, унинг асосий устунлиги - рақобатга тик боқиши. Иккинчи жамоада Гавини шуғуллантирган Франк Артига шунинг баробарида хулоса чиқаришга шошилмасликни маслаҳат бермоқда: «Барибир, бироз сабр қилиш керак. Аслида Гави янги муҳитга жуда тез мослашади. Бироқ ўйинида маълум даражада пасайиш кузатилиши мумкин. Ахир энди 17 ёшга тўлди. Хуллас, ундан дарҳол Лионель Месси даражасида сермаҳсуллик кутиш но­ўрин». Артига шу билан бирга Гавининг бошқа ижобий хислатларини ҳам тилга олмоқда: «Жисмоний қувват - унинг яна бир устунлиги. Мускуллари ўта кучли, бақувват ва чайир. Бўйи баланд бўлмасада, гавдаси билан самарали ҳаракатланади, жиддий жароҳатлардан холи. Менимча, катта футбол тиғизлигига бемалол дош беради».

Transfermarkt портали маълумотларига қарасак, Гави 2 марта жароҳат туфайли четга чиққан - ҳар иккиси жорий йил юз берди. Яъни баҳорда тиззаси шикастланиши оқибатида 26 кун майдонга тушолмаганди, августда эса жағ соҳасидаги жароҳат ортидан 9 кун мажбурий «таътил»да бўлди. Дарвоқе, қаҳрамонимизнинг тўлиқ исм-шарифи - Пабло Мартин Паес Гавира. Яна бир маълумот: ёзда «Бетис» Гавини ўз сафига қўшиб олишга уринганди. Клуб мутасаддилари унга тўғридан-тўғри асосий таркибдан жой беришни ваъда қилишган, бироқ футболчи «Барселона»га содиқ эканлигини айтиб, таклифни рад этди. Гави ҳозирда ота-онаси билан истиқомат қиляпти. «Барса-Б»да ўйнаган вақтиёқ клуб йигитчага алоҳида хонадон беришни хоҳлаган, аммо у «Ла Масия» академияси ётоқхонасини афзал кўрганди: «Менга шуниси қулай, машғулотлар лагери ётоқхона яқинида. Энг муҳими, бу ерда «Барса» руҳияти ҳукмрон. Шундай муҳитда яшашга нима етсин...?»

Испания матбуоти Гавини ҳозирдан Андрес Иньестага қиёсламоқда. Асосий далил - йигитча майдонда жуда тез қарор қабул қилади. Куман эътиборини ҳам айни шу хислати билан ўзига торт­ганди. Энг муҳими, Гави ўта камтар. Мана, ўзи ҳақида айтган гапларига эътибор қаратинг: «Барселона» академиясининг оддий тарбияланувчилардан бириман. Асосий вазифам - бош жамоа таркибидан мустаҳкам жой олиб, унинг тарихини имкон қадар ёрқин саҳифалар билан безаш. Ҳозирча фаолиятим қандай кечишини ҳеч ким билмайди. Лекин ҳеч қандай омадсизлик ёки тўсиқлар «Барселона»га нисбатан улкан муҳаббатимни сўндиролмаслиги аниқ. Асосий вазифа - унинг шарафини муносиб ҳимоя қилиш». Мана, орзу қисқа вақт ичида реал воқеликка айланмоқда. Худди Гавининг Испания терма жамоасидаги дебюти каби...

Гавига оид 3та факт

     1.  Гави Испания жануби - Андалусияда туғилган. Футболга эса «Бетис» академиясида қадам ташлаган. 11 ёшида «Барселона» тизимига ўтган.

    2.  Италия термасига қарши баҳсдаги 85 дақиқа ҳаракат Гавининг профессионал футболдаги биринчи энг узун ўйин вақтидир.

    3. «Барселона» клуби ва Испания миллий жамоа­си ҳужумкор ярим ҳимоячиси яқин-яқингача ҳам transfermarkt порталида ўз рейтингига эга эмасди. Бироқ «Баҳо» банди узоқ вақт бўш қолмаслиги барчага аён эди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz