Қайднома

Қидирув

Ана, холос! Голга дарҳол жавоб, яна майдон марказидан!

Ана, холос! Голга дарҳол жавоб, яна майдон марказидан!

  25.11.2021 10:20
  0
  291
Ана, холос!   Голга дарҳол жавоб, яна майдон марказидан!

Футбол ғаройиботларга тўла. Мана, Венесуэлада жамоалардан бири гол қўйиб юборгани ҳамоно бунга майдон марказидан жавоб берди. Ҳа, бу учраб турадиган ҳолат. Лекин гап шундаки, жавоб голи юзага келган паллада рақиб дарвозабони ўз жойида эмасди. Қизиқ, у қаерга кетганди?

Венесуэла миллий чемпионати элит лигаси «В» гуруҳи нав­батдаги турида Жанубий Америка кубоги (Либертадорес кубогидан кейинги ўринда турувчи халқаро турнир) йўлланмаси учун курашаётган икки жамоа ўзаро тўқнаш келди. Аниқроқ айтсак, «Эрманос Колменарес» ўз майдонида «Португеза»ни меҳмон қилди ва биринчи бўлимда 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Қизиғи, мезбонлар бўлим бошида ва охирида гол уришди - 1 ва 45+4-дақиқаларда. «Португеза» танаффусдан сўнг ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди, аммо дарҳол рақибдан 3-голни ҳам қабул қилиб олди. Вазият тафсилоти: «Эрманос Колменарес» вакили меҳмонлар майдоннинг ўзларига тегишли ярмига ўтишларини кутиб турди ва тўпни марказдан тўғри дарвоза томон йўллади. У бунда дарвозабоннинг озгина эътиборсизлигидан унумли фойдаланишга уринганди. Қарангки, тўп дарвоза тўрига тушди ва ҳисоб - 3:1.

Камералар аслида нима рўй берганини муҳрлай олмади. Яъни дарвозабоннинг ўша пайт қаерда тургани ноаниқлигича қолди. Гап 30 ёшли фахрий кипер Луис Ромеро ҳақида кетмоқда. Табиийки, майдон марказидан қўйиб юборилган гол унга қаттиқ таъсир қилди. Боз устига, бу ёқимсиз ҳолат туғилган айё­мини нишонлашига 2 кун қолганида кузатилди. Умуман, Ромеро январь ойидан буён «Португеза» шарафини ҳимоя қилмоқда. Қолаверса, клуб сардори эди. Қисқаси, Луис ўйиндан сўнг фаолиятини якунлашини эълон қилди. Тўғри, кескин қарори сабабини айтмади, бироқ бунда майдон марказидан урилган голнинг таъсири борлиги та­йин. Дарвозабон шунчаки, «Инстаграм» орқали ҳаммага миннатдорчилик билдирди.

Луис Ромеро аслида жуда яхши мавсум ўтказди. Рақамларда айтсак, «Португеза»нинг 23та ўйинида майдонга тушган кипер улардан 10тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Шунингдек, Ромеро Венесуэла миллий жамоасига ҳам чақирилди. Тўғри, Жанубий Америка миқёсидаги ЖЧ-2022 саралаш ўйинларида захирачи ролини бажариш билан чекланди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz