Қайднома

Қидирув

Эътироф: Тентак, жанжалкаш, безори ва етакчи!

Эътироф: Тентак, жанжалкаш, безори ва етакчи!

  26.11.2021 06:46
  0
  352
Эътироф: Тентак, жанжалкаш, безори ва етакчи!

ЖЧ-2022 саралашида россияликларни «плей-офф» раундига йўлиқтириб, ўзи Қатар чиптасини нақд қилган Хорватия миллий жамоасида етакчилик ролига даъвогар футболчилар кўп. Улардан бири - ЖЧ-2018 финали олдидан 2 килограмм колбасани паққос туширган пала-партиш ва тентакнамо Марсело Брозович. «Интер» ярим ҳимоячиси вақтида шифохонада ҳарбийлар билан жанжаллашган, кечаси маст ҳолатда автомобилда сайрга чиқиб, «қўл»га тушган. Хуллас, Марсело бугунги Хорватия термасининг «ақлдан озган» етакчиси. У ЖЧ-2022 саралаш цикли доирасидаги деярли барча ўйинларда ишончни тўлиқ оқлади, фақат «бемажол» Мальта термасига қарши баҳслар бундан мустасно: биринчисида захирада ўтирди, иккинчисида автогол муаллифига айланди (шунчаки, ҳовлиқиш оқибати) ва танаффусда ўрнини бошқа футболчига бўшатиб берди. Асосий факт шуки, айнан Брозович ЖЧ-2022 саралашида Хорватия термаси сафида энг кўп вақт тўп сурган футболчи бўлди. Хорватнинг «Интер»даги ҳолати ҳам шундай: жорий мавсум бирор ўйинни қолдиргани йўқ, қолаверса, ҳаммасида бошланғич таркибдан жой олди (тўғри, у «А» сериядаги умумий дақиқалар бўйича жамоада атиги тўртинчи ўринда). Умуман, охирги 4 мавсумга қарасак, Брозович ҳар сафар «А» сериянинг камида 31та ўйинида иштирок этди. Тентаклигига келсак, ярим ҳимоячи Италияга кўчиб ўтиши билан «Инстаграм»даги саҳифасига озиқ-овқатга тўла дўкон аравачаси (музлатилган пицца, ширинликлар) ва бир сетка пиво суратини қўйди...


ЁШ, ОЗҒИН, БЎРИДАЙ ОЧ...

Марсело Брозович Франция термасига қарши кечган ЖЧ-2018 финалида бутун вақт давомида тинмай югурди. Майдонга тушишдан олдин эса роса калория тўплаган экан. Ҳимоячи Деян Ловрен буни ўзига хос тарзда тавсифлаганди: «Очиғи, Брозович қанақасига шунча кўп овқат ейишини билмайман. Дейлик, у жаҳон чемпионати финалидан олдин 2 килограмм колбаса ва 2та круассан (булочкасимон пишириқ)ни паққос туширди, яна бир неча шиша кола ичди. Кейин майдонга тушиб, 90 дақиқа давомида муаммосиз 15 километр югурди. Агар Марсело билан тенг овқатланганимда, тикланишим учун 4 кун кетарди. Мен шунча овқатни қандай тановул қилишини сўраганимда, шунчаки, осмонга қараб бақирди: «Оҳ, колбаса, колбаса...!» Энг қизиғи, очофатлик Брозовичнинг спорт формасига таъсир кўрсатмайди. «Интер»да ҳаттоки, уни озғинлиги учун калака остига олишади. Масалан, Николо Барелла: «Кийиниш хонасига олиб кирган икраларинг қолиб кетди...».

 

ХИЛМА-ХИЛ МУАММОЛАР...

Брозович - бу муаммолар тўплами: маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилиш, «Интер» мураббийига танқид сифатида «Инстаграм» тармоғига жойлаштирилган пост ортидан 1 ойлик дисквалификация... Айниқса, 2020 йилнинг ёзида рўй берган воқеа катта шовқинга айланди. Ўшанда Брозович оёғи жароҳатланган дўстини Миландаги шифохонага олиб борди. Йигит озгина қон йўқотганди, Марсело бундан ваҳимага тушдими, шифокорлардан дўстини навбатсиз қабул қилишларини талаб қилди. Аммо муассаса ходимлари «илтимос»ни инобатга олишмади. Натижада футболчи яхшигина жанжал кўтарди, шифохона раҳбарияти эса уни тинчлантириш учун аввалига полиция, кейин махсус ҳарбийларни чақиришга мажбур бўлди. Брозович жиддий огоҳлантиришдан кейингина бироз ҳовуридан тушиб, шифокорлардан кечирим сўради ва дўсти билан умумий навбатда ўтирди. У ушбу воқеадан атиги 1 ойча муқаддам тунда маст ҳолда автомобиль бошқариб, светофорнинг қизил чироғида ҳам тўхтамаган, охир-оқибат, полиция томонидан ушланган эди. Марсело бунинг оқибатида ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилди. Камига «Интер» унга 100 минг евро миқдорида жарима солди. 2016 йили ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди: Рождество кунлари футболчига тегишли BMW X6 автомобили светофорнинг қизил чироғига 2 марта «бўйсинмагани» аниқланди. Ваҳоланки, ўша вақт Брозовичда «тойчоқ» рулини қўлга олиш ҳуқуқи умуман йўқ эди, чунки 2 икки ойча олдин йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан вақтинча маҳрум қилинган эди.

2016 йили «Интер» Европа Лигасида камтарин «Хапоэль (Беер - Шева)га ютқазди. Ўйиннинг танаффусида алмаштирилган Брозович яна бир можарони келтириб чиқарди: «Инстаграм» тармоғидаги саҳифасида жамоа бош мураббийи Франк де Бурни роса «тузлади». Клуб эса бунга бепарво қарамади ва Марселони 1 ойга дисквалификация қилди. Лекин футболчи муддатидан олдин таркибга қайтди. «Брозович айбига яраша жазоланди ва кечирилди», - дея изоҳ берганди «Интер»ни атиги 3 ой бошқарган де Бур ўшанда. Нидерландиялик мутахассис жамоадан кетгач, Брозовичнинг тартиб-интизомига яна бир марта тўхталди: «Ҳар сафар ниҳоят, натижа яхшилангани ва ҳаммаси тинчлангани ҳақида ўйлаганингизда, бирдан қандайдир муаммо чиқади - Икарди ўз китобида мухлисларни танқид қилади ёки Брозович тунги клубда кўриниш беради. Натижада яна кимнидир жазолашдан ўзга чора қолмайди. Жамоада атиги 3 ой ишладим, лекин очиғини айтаман, бу вақт мен учун худди 1 йилдек ўтди».

 

МОЖАРОГА МОЙИЛЛИК...

Вақт ўтиши билан Брозовичнинг можарога мойиллиги йўқолмади. Хусусан, 2018 йили «Болонья»га қарши кечган ғалабали ўйинда алмаштирилган хорват «Интер» мухлисларининг ҳуштакбозликлари ва норозиликларига жавобан киноя билан қарсак чалди. Ўшанда Gazzetta dello Sport нашрида «Интер» Марселони бу хатти-ҳаракати учун жаримага тортиши ва ундан омма олдида расман узр сўрашини талаб қилиши ҳақида ёзилди, бироқ собиқ бош мураббий Лучано Спаллетти бунга қўшилгани йўқ: «Мухлисларга гапим шуки, сизлар баъзида кимнидир жазолашни истайсизлар, бироқ тушунинг, бу наф бермайди. Жамоа ва менежер аниқ қоидаларни белгилаб қўйган, агар кимдир уларга риоя қилмаса, албатта, жазоланади. Аммо Брозовични жазолаш ўринсиз, чунки у ўзини жазолаб бўлди».

 

ЎЗИГА ХОС ИШОРА

Брозовичда ўзига хос ишораси бор. У буни қўлига ҳам чиздирган, ҳаттоки, шахсий барининг ташвиқотида ҳам шу «имзо» - ишорадан фойдаланади. Ҳаммаси оддий - футболчи бош ва кўрсаткич бармоқлари билан иягини ушлаганча ўйчанликни тасвирлайди. Қизиқ, бу қандай пайдо бўлган? «Аниқ эсимда, август ойи ўрталари эди. Автомобилда опам ва унинг дугонаси билан Милан марказига бордик. Йўлга тушишдан олдин келишиб олдик - шаҳар ўртасида суратга тушамиз. Кейин айни шу ҳолатда суратга тушдим, ҳаммаси табиий, ҳеч қандай сабабсиз. Мантиқ нима? Очиғи, билмайман. Эҳтимол, яхши йигит ёки олижаноб эканлигимни кўрсатишга уринишдир. «Қаранг, мен қандайман» қабилида. Яхши кунлардан бирида Gazzetta нашрида ишорам ҳақида ёзилган мақолани кўрдим. Шу-шу ҳаммаси янги даражага чиқди ва ишора мен учун ўзига хос «ташриф қоғози»га айланди», - деганди Брозович бу борада.

Марсело ушбу ишорасини чап қўлига муҳрлаган - татуировкада ўйчан эмози. У голларини нишонлашда ҳам, чемпионлик тантаналарида ҳам, таътил вақтида ҳам шу суратни кўз-кўз қилади. Умуман, Брозович бадани татуировкаларга тўла. Уларнинг сони аллақачон 20тадан ошган. Энг ёрқин ва янгиси - жорий йилнинг баҳорида бўйнига чиздирилган бомба шаклидаги эмози. Ўйчан юз тасвирланган эмозини эса Брозовичнинг EpicBrozo номли шахсий бари эшигида ҳам кўриш мумкин. Бу муассасада дартс ўйини учун шароитлар яратилган. Бинобарин, Марсело шу ўйин шайдоси. Айтиш жоиз, футболчи EpicBrozo атамасидан ижтимоий тармоқларда ҳам фойдаланади. Брозовичда шахсий кийим-кечаклар бренди ҳам бор ва футболкаларни айнан EpicBrozo ёзуви билан сотувга чиқаради.

Марсело Брозович ЧЛда «Барселона»га қарши кечган учрашувда рақиб жарима зарбасини тепишга чоғланган паллада «жонли девор» олдига ётиб олган ва бу ҳаракатини EpicBrozo атамаси ёрдамида ифодалаганди. У кейинчалик ушбу тактик услубни тез-тез қўллашга одатланди. Хорват ўша ҳаракатини тимсоҳ юриши сифатида таърифлайди. У яна Хэллоуин байрамида шунга мувофиқ, яшил костюмни танлаганди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz