Қайднома

Қидирув

Риккардо Монтоливо: «Милан» Скудеттони олишга тайёр»

Риккардо Монтоливо: «Милан» Скудеттони олишга тайёр»

  29.11.2021 03:00
  0
  258
Риккардо Монтоливо: «Милан» Скудеттони олишга тайёр»

«Милан» ва «Фиорентина» клубларининг собиқ ярим ҳимоячиси Риккардо Монтоливо мазкур жамоалар ўртасидаги ўйин олдидан Tuttosport нашрига интервью берди.

- Бир вақтлари «Милан» ўйи­ни Ибрага боғлиқлигини айтишганди...

- Энди «Милан» Пиолига боғлиқ. Бугунги барча ўзгаришларнинг сабабчиси удир. Стефано қўл остида икки йил мобайнида кўплаб ўйинчилар - Калабрия, Тонали, Ребич, Салемакерс, Леау ва бошқалар ўсишди. У ажойиб қобилиятга эга, яъни қўл остидаги футболчиларни чўққига олиб чиқа олади. Пиоли ўз имкониятларидан 110 фоиз фойдаланишга муваффақ бўлди.

- Шундай мураббий қўл остида ўйнашни хоҳлармидингиз?

- «Милан»нинг ўйин услубини ҳисобга олсак - ҳа. Пиоли замонавий футболни саҳналаштирди, унинг жамоаси ҳимояда тартибли, ҳужумда эса схемага эмас, вазият ва эркин зоналарга асосланади. Қанот ҳимоячилари майдон марказига, марказий ярим ҳимоячилар қанотларга ўтишади. «Милан» билан ўйинда рақиблар анча қийналишади, чунки бутун жамоа майдоннинг ҳар бир зонасида мунтазам ўзгариб туради.

- Тоналини тилга олдингиз. Бу мавсум у бошқача ўйин кўрсатмоқда.

- У анча ривожланмоқда. «Милан» ва эҳтимол, чемпионатнинг энг яхши ярим ҳимоячисига айланди. Мени энг ҳайратга соладиган нарса - унинг майдондаги аҳамияти, Тонали кўзга кўринмайдиган ҳудудда ўйнашига қарамай, доимо диққат марказида бўлмоқда. Ҳозир айниқса, Сандронинг майдонда бор-йўқлиги яққол сезилмоқда.

- Рафаэл Леауда ҳам ўсиш катта.

- Ўтган мавсум у ўйинлар давомида «ўчиб» қолаётганди: бир «ярқ» этиб пайдо бўлиб, қандайдир ёрқин ҳаракатни амалга оширар, кейин эса яна ғойиб бўларди. Бу йил у ҳамиша «ёниқ». Бу муваффақият, албатта, мураббийнинг хизматларидир. Леау ҳали ҳам имкониятлар яратиши, самарадорликни ошириши мумкин, тактика нуқтаи назаридан у ҳали ҳам бироз нўноқ. Лекин менимча, унда етакчилик хислатлари бор - масалан, бу «Верона»га қарши ўйинда яққол кўринди.

- Кессье ўрнида бўлганингизда, нима қилардингиз?

- Ҳеч қачон «Милан»ни тарк этмасдим. Аммо агар у ўзини бош­қа клубда синаб кўрмоқчи бўлса, майли, шундай қилсин. Менимча, бу ерда гап пулда эмас, балки шунчаки бошқа чемпионатда янги тажрибага интилиш. Хорижликлар учун Италияни тарк этиш осонроқ.

- Кессье билан вазиятда клуб ўрнида нима қилган бўлардингиз?

- Менга «Милан»нинг услуби ёқади. Клуб муросага келмайди, балки дангал шарт қўяди: рози бўл ёки кет, вассалом. Бундай ёндашув натижа беради.

- Мавсум стартидаги «Милан»нинг пешқадамлигини кутганмидингиз ёки жамоанинг турнир жадвалидаги ўрни сизни ҳайратда қолдирдими?

- Кучли учликдан жой олишларини кутгандим. Аммо «Милан» ва «Наполи» бундай ритмда боришини ҳатто ўйламагандим. «Интер» яхши ҳаракат қилмоқда, лекин булар кучлироқ кўринмоқда. Ўйлайманки, мазкур уч жамоанинг жанги мавсум охиригача давом этади. Рақобатчилар билан солиштирганда, «Милан» унчалик ўзгармади, жамоада бир хил мураббий, мустаҳкам пойдевор бор. «Милан» скудеттони олишга ҳар доимгиданда тайёр.

- Чемпионлар Лигасидаги омадсизликлар сабаби нимада?

- «Милан» муваффақиятсизликка учради, деб ўйламайман. Тажриба етишмаслигидан таъсирланган. Деярли барча футболчилар турнирда дебют қилишди ва потенциал финалчиларга қарши ўйнашди. Ишончим комилки, ке­йинги мавсумда бундай ҳолат такрорланмайди.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz