Қайднома

Қидирув

«Керак бўлса, мухлис ёллаймиз» ёхуд ҚАТАР ЖЧга ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНЯПТИ?

«Керак бўлса, мухлис ёллаймиз» ёхуд ҚАТАР ЖЧга ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНЯПТИ?

  29.11.2021 06:06
  0
  297
«Керак бўлса, мухлис ёллаймиз» ёхуд ҚАТАР ЖЧга ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНЯПТИ?

Буюк Британиянинг Daily Mail нашри Қатарга сафар уюштириб, жаҳон чемпионатига тараддуд қандай кетаётганини билиш мақсадида текширув ўтказди.

Қатардаги мундиал бошланишига бир йил қолди ва турнир ташкилотчилари барча нарсага улгуриш учун астойдил ишлашмоқда, бунинг учун 5 миллиард фунт сарфлашга ҳам улгуришди. Неймарнинг сурати турли бурчакларда Қатар Миллий банкини реклама қилмоқда, Роберт Левандовски давлат авиатизими учун реклама ролигида суратга тушди, Қатар элчиси Дэвид Бекхэм эса ушбу мамлакатда ўтадиган Гран-прига ташриф буюрганда, жаҳон чемпионати промо-кампаниясида фаол иштирок этади.

Бироқ Daily Mail текширувлари кўрсатдики, ушбу митти мамлакатнинг бўлажак турнирга тайёргарлиги жиддий саволларни вужудга келтирмоқда, зеро Қатар, турли ҳисоб-китобларга кўра, бир миллиондан ортиқ мухлисни қабул қилиши керак. Яқинда Қатардаги хорижлик қурувчилар августгача мамлакатдан чиқиб кетишлари кераклиги, мундиалга сўнгги тайёргарлик жараёнида кўзга кўринмай туришлари лозимлигидан хабар топишди. Аксарият ишчиларнинг айтишича, бу давр мобайнида беш ойлик маош тўланмайдиган таътилга жўнашади. Қатардаги жаҳон чемпионати пайтида фақат боғбон ва фаррошлар қоладиган бўлди.

Дохадаги аксарият туманларда қазиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, кейинги 9 ой мобайнида катта ҳажмдаги ишни амалга оширишга тўғри келади. «Лусаил» стадиони 30 ноябрь куни старт оладиган Араб кубогигача тайёр бўлмайди ва мундиалда синовдан ўтади.

Ҳукумат нега турнир арафасида шаҳарда бунча кўп чуқурлар борлиги юзасидан ҳеч нима демаяпти, гарчи бу Дохадаги дренаж тизимидан хавотир борлиги билан изоҳланаётган бўлса ҳам. Бу ерда деярли ёмғир ёғмайди, аммо 2018 йилнинг октябрида деярли йиллик нормадаги ёғингарчилик кузатилганда, ҳақиқий тартибсизликни вужудга келтирганди. Жаҳон чемпионати пайтидаги эҳтимолли сув тошқини, албатта, талафот бўларди.

Нисбатан муҳимроқ саналган муаммолардан яна бири меҳмонхоналар қурилиши билан боғлиқ. Йирик мусобақани қабул қилиш бундай митти мамлакат учун оғирлик қилиши кўриниб турганди, ҳаттоки, ҳозирда барпо этилаётган кўплаб янги отеллар ҳам етарли бўлмайди.

Жаҳон чемпионати бир йилдан сўнг, мезбон мамлакат иштирокидаги ўйин билан очилади. Қатар турнир пайти барча фанатларни қандай жойлаштиришни режалаштираётганини тушуниш учун турнирдаги саккиз стадиондан энг жанубдагиси - «Ал-Жануб» дан бир ярим соатлик узоқликдаги йўлни босиб ўтишга тўғри келади. Чўлда, кимёвий завод ва электр станцияси рўпарасида палаткали лагерлар бор, у ерда бадавлат қатарликлар барбекю уюштиришади, туя минишади ва қадимий бедуинлар каби яшашади. Тахминларга кўра, мухлислар бир неча ҳафта шундай чодирларда яшашга бажонидил рози бўлишади, гарчи бу арзон бўлмаса ҳам.

Шунингдек, Дохадаги портда меҳмонхона вазифасини ўташи кўзда тутилган круиз кемалари ҳам ҳозирча кўринмаяпти. Швейцариянинг MSC Cruises компанияси билан 2 минг ўринга мўлжалланган иккита лайнер қурилиши бўйича шартнома тузилган. Порт раҳбариятининг таъкидлашича, ушбу мақсадда анъанавий қадимги қайиқлардан фойдаланиши ҳам мумкин экан.

Қатарда деярли 300 минг маҳаллий аҳоли ва 2 миллиондан ортиқ экспатриант ва иммигрантлар яшайди. Бунча меҳмонларни муносиб кутиб олиш учун Қатар Франциянинг Accor меҳмонхона оператори билан келишувга эришди. Унга кўра, 10 минг нафар ходим 60 мингта квартира ва виллаларда хизмат кўрсатади. Шунда ҳам Қатар 32та мамлакат мухлисларини қай тариқа кутиб олишини тасаввур қилиш қийин. Ишқибозлар Дубайга жойлашишлари ҳам мумкин, Қатардаги ўйинларга эса 70 дақиқали рейслар йўлга қўйилган.

Қатарликлар мамлакатнинг ҳудудий камтарлигини бир кунда бир нечта ўйинларни кузатиш имкони сифатида тасаввур қилишади - бу ҳам навбатдаги жаҳон чемпионати нечоғли ғайриоддий кечишига яна бир исбот. Метронинг янги тизимидан фойдаланиш асносида маълум бўлдики, мухлислар бир кунда ўтказиладиган гуруҳ босқичининг деярли барча тўрт учрашувига ташриф буюриши мумкин. Бунинг учун бир жуфт яхши пойабзал олиш кифоя, айрим ҳолларда йўналишдаги автобусдан фойдаланиш мумкин. Метрода кундузги пайт бир марта қатнаш нархи 2 фунтни ташкил этади.

Daily Mail вакиллари метрога киришганда, уларнинг ёнига махсус либосдаги киши яқинлашиб, платформадан узоқлашишни, у ерда «олтин» биринчи тоифа йўловчилари учун ажратилганини айтган. Ваҳоланки, поезднинг ичи бўш бўлиб, ҳашаматли ўриндиқларда ҳеч ким ўтирмаганди. Жаҳон чемпионати бошланганда шу олтин вагонларни ҳимоя қилиб кўришсин-чи...

Кўпчилик учун жаҳон чемпионатидаги бир кун ўйинлардан бирини томоша қилгандан кейин атрофдаги диққатга молик жойларни сайр қилиш, таассуротларга эга бўлиш билан ўтиши мумкин. Доха Яқин Шарқ жамоалари ўртасидаги турнир ўтказиш учун ажойиб маскан бўларди. Тўғри, осма боғлар, тарихий «Сук Вакиф» аллеяси ва Мшейребдаги янги майдон чиндан ҳам чиройли, лекин бу кема ёки чодирга эрта қайтишни истамайдиган ўн минглаб мухлислар учун камлик қилиши турган гап.

Дунё аҳолисининг негатив қарашлари Қатар аҳолисини хавотирга солмоқда. Ҳукумат раҳбариятидаги янги шахслар бу фактни тасдиқлашди. Меҳнат вазирлиги ташкил этилиб, унга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ном қозонган доктор Али ал Марри раҳбар этиб та­йинланди. Шафқатсиз муносабатлардан жабр кўрган аёлларга бошпана ташкил этишда бош-қош бўлган Мариам ал Миснад эса Ижтимоий ривожланиш ва оила вазирига айланди.

Гарчи Қатар мамлакатнинг модернизация қилинаётганини таъкидлаётган бўлсада, мамлакатда хорижлик ишчилар ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинмаяпти. Икки йил аввал Daily Mail Дохадан 10 миль узоқликдан жойлашган Ал-Шиханиядаги ишчиларнинг ўта ёмон шароитда меҳнат қилаётгани ҳақида ёзганди. Журналистлар 10 нафар ҳинднинг тор хонада, болалар кроватида ётганини кўришган. Ўшандан буён Ал-Шиханияда вазият ўзгармаган.

«Лусаил» стадиони яқинида янги велосипед йўлакчаси қурилган бўлиб, у тўғри Дохагача чўзилган, электрон табло эса ундан фойдаланаётганлар сонини кўрсатиб туради: шу йилнинг ўзида 238 киши.

Маҳаллий аҳоли ўртасидаги фарқни Қатар биринчилиги етакчилари - «Ал-Дуҳайл» ва «Ал-Садд» ўртасидаги учрашув пайти ҳам сезиш мумкин. «Ал-Садд» мухлислари томонидан шовқин-сурон эшитилади, ваҳоланки, у томондагиларнинг аксариятини хорижлик, хусусан, африкалик ишқибозлар ташкил этади, барчалари битта секторга жойлашишади. «Ал-Садд»нинг мингга яқин мухлислари эса ўз секторларида жимгина, оралиқ масофа сақлаган ҳолда ўтиришади. Бу ҳолат «Ал-Дуҳайл» ихлосмандларига ҳам тааллуқли, у ерда ҳам фақат иммигрантлар бақир-чақири эшитилади.

«Ал-Садд»нинг африкалик ашаддий мухлислари бу ерга Гана термаси аъзоси, шу йили «Суонси Сити»дан сотиб олинган Андре Айю учун ташриф буюришади. Улар ушбу футболчи номи ёзилган футболкаларда ўтиришади. Умуман, африкалик ишқибозларнинг келишига Айюнинг Qatar Airways компаниясида ишлайдиган тоғаси «Ватсап» ва «Фейсбук» орқали жиянини қўллаб-қувватлашни сўрагани сабаб бўлган.

«Ал-Дуҳайл»нинг африкалик мухлислари ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Улар ўтган йили Япониянинг «Кашива Рейсол» клубидан сотиб олинган кениялик форвард Майкл Олунгуни қўллаб-қувватлашади.

Қатарлик мухлислар ўзларини анча оғир-босиқ тутишади, блокнотлар саҳифаларини йиртиб, майдаланган оқ қоғозларни ирғитишади. «Улар - ҳақиқий комедия, - дейди «Ал-Садд»нинг 24 ёшли қатарлик мухлиси Сауд африкаликларга ишора қилиб. - Бу рост, ҳамма шовқинни ўшалар уюштиришади, лекин биласизми, бунақаси бизга ярашмайди. Биз босиқмиз, ҳақиқий ультрас эмасмиз». Турар-жой қурилиш Департаментида ишлайдиган Сауд қатарлик мухлисларни стадионга яқинлаштирмаслик ҳақидаги гап-сўзларга қўшилмади. «Йўқ, бундай деб ўйламайман. Ишқибозлар истаган жойларида ўтиришлари мумкин», - дейди у. Аммо стадиондаги ҳолат бунинг аксини кўрсатмоқда.

Ҳаттоки, қатарлик мухлислар орасидаги ўсмирлар ҳам қўшиқ ва рақслар уларга ярашмаслигини таъкидлашади. «Биз камтармиз, - дейди 15 ёшли Фарис. - Жаҳон чемпионати учун ҳам мухлисларни топишимиз керак». Бу жуда муҳим учрашув эди, Хави «Барселона»га кетиш арафасида «Ал-Садд»даги сўнгги ўйинини ўтказаётганди, лекин стадиондагиларнинг аксариятини бу омил мутлақо қизиқтирмасди. Гоҳида овоз кучайтиргич орқали кимдир Хавининг исмини айтади, қолганлар унга жўр бўлишади, аммо кўп ўтмай, бу ҳам тўхтайди.

Беллашув ўз мақомига мос тарзда ўтди, унда 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг қайд этилди, сўнгги гол эса 89-дақиқада Олунга томонидан урилди, бироқ уни атиги 3 минг киши қўллаб-қувватлади. Стадионнинг ярми бўш. Ўз-ўзидан савол туғилади: Қатар ушбу қимматбаҳо стадионларни қандай тўлдиради. Ахир 12 ойдан сўнг бошланадиган энг йирик футбол мусобақаси пайти ареналарда ўзгача муҳит яратиш керак бўлади.

Катта эҳтимол, бу ҳам ҳам Қатардаги бошқа масалалар сингари пул орқали ҳал этилади. «Гап-сўзларга кўра, Қатар футбол ассоциацияси стадионларда шовқин яратиш учун мухлисларни ёллашни режалаштирмоқда, - дейди Сауд. - Мана сизга жавоб. Ҳа, шундай қилишларига тўғри келади, шекилли».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz