Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Термангизни танланг, талантлар!

Вундеркиндлар: Термангизни танланг, талантлар!

  30.11.2021 04:40
  0
  279
Вундеркиндлар: Термангизни танланг, талантлар!

Сўнгги ўн йилликда футбол глобализациясидаги жараён шунчалик тезлашиб кетдики, ҳозирда шартли Италия термасида асли келиб чиқиши бразилиялик бўлган футболчининг пайдо бўлиши кўпчиликни ажаблантирмай қўйди. Яққол мисол - аксарият экспертлар томонидан «Олтин тўп-2021»га энг муносиб сифатида кўрилаётган Жоржиньо. Ушбу футболчи Бразилияда туғилиб, 15 йил ўз юртида яшаган бўлсада, «Скуадра адзурра» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Бугунги мақолада ёшлик давридаёқ бошқа мамлакатлар термасида ўйнаётган этник бразилияликлар ҳақида гаплашамиз. ФИФА қоидаларига кўра, уларда яхшилаб ўйлаб кўриб, «селесао»дан чақирув олиш имконияти мавжуд. Аммо воқеаларнинг бундай ривож олиши эҳтимоли камлигини барчамиз биламиз...

ЭМАНУЭЛЬ ВИНЬЯТО

Ёши: 21

Клуби: «Болонья»

Фуқаролиги: Италия|Бразилия

Эмануэль Виньято 2000 йилнинг августида Италиядаги Нег­рар Вальполичела коммунасида, бразилияликлар оиласида туғилган. Шу боис, вундеркинд майдонда илк муваффақиятга эриша бошлаганда, олдида танлов имконияти пайдо бўлди - қайси терма шарафини ҳимоя қилиш масаласи: ота-онаси учун қадрдон Бразилияними ёки Виньятонинг киндик қони тўкилган Италияними? Якунда 2016 йили Эмануэль Бразилия U-17 термасидан чақирув олди, ҳатто йиғинга ҳам борди, лекин расмий учрашувларда қатнашмади. Тез орада италияликлар салоҳияти юқори футболчини йўқотаётганликларини тушуниб, Виньятони ўз сафларига чорлашга интилишди. Натижада, Эмануэль Италия ёшлар термасига мунтазам чақирилди, «Скуадра адзурра» ёшлари сафида 3та ўйин ўтказиб, 1та гол уришга улгурди.


МАРКОС ПАУЛО

Ёши: 20

Клуби: «Фамаликан»

Фуқаролиги: Португалия|Бразилия

Бу вингер Рио-де-Жанейро штатига кирувчи Сан-Гонсалу муниципалитетида туғилган. Футболдаги илк қадамларини «Флуминенсе» академиясида қўйган, ушбу таълим маскан «жавоҳир»ларидан бирига айланди. Айни пайт Маркос Пауло Мадрид «Атлетико»сига тегишли, ижара асосида Португалиянинг «Фамаликан» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. «Матрасчилар» бир-икки йилдан кейин асосий жамоаларида тўп суришга муносиб бўлишига ишонишади. Ҳозирча Transfermarkt Маркос Паулони 9 миллион еврога баҳоламоқда. Эътиборлиси, ушбу футболчи 2018 йилдан буён Португалия ёшлар термаси сафида ўйнаб келмоқда. Йигитчадаги иқтидорни сезган маҳаллий ҳукумат вакиллари унга фуқароликни тақдим этишган. Маркос Пауло Португалия U-18 термаси сафида 3та ўйинда майдонга тушиб, шунча гол урди. Ваҳоланки, сўнгги бор халқаро аренадаги учрашувини 2019 йилда ўтказганди. Бразилияликлар иқтидорли вингерни ортга қайтаришга уриниб кўришлари мумкин, лекин португаллар ҳам уни осонликча қўйиб юборишмаса керак.


ДАНИЭЛЬ ВАН КАМ

Ёши: 21

Клуби: «Гронинген»

Фуқаролиги: Нидерландия|Бразилия

Эредивизида «Гронинген» шарафини ҳимоя қилаётган таянч ярим ҳимоячиси Эмануэль Виньято сингари Европада туғилган. Онаси бразилиялик, демак, «селесао» таркибида ўйнашга даъво қилиши мумкин. Аммо бунга жазм этмаса керак, зеро уни Нидерландия билан кўп нарса боғлаб туради. Хусусан, у ушбу мамлакатнинг U-15дан бошлаб барча ёш тоифасидаги жамоаларида тўп сурди, ёшлар термасидаги дебютини эса сентябрда нишонлаб, 2та ўйин ўтказишга улгурди. Ўтган мавсум «Гронинген»нинг асосий жамоасида муҳим футболчига айланганди, жорий мавсумда эса кўпинча захирадан майдонга тушмоқда. Умуман, унинг даражаси ва сифатини Нидерландияда қадрлашади, Transfermarkt эса унга 1,8 миллион еврога тенг нарх қўйди.


ОЛИВЕР БАТИСТА-МАЙЕР

Ёши: 20

Клуби: «Бавария»

Фуқаролиги: Германия|Бразилия

Бразил-немис фамилиясига эга ўнг қанот вингери 2001 йили Кайзерслаутернда туғилган, футбол билан шуғулланишни ҳам шу ерда бошлаган. 2016 йилда «Бавария» академиясига кўчиб ўтиб, ҳозиргача шу клуб тизимида тўп сурмоқда. Германияликлар Батиста-Майер ва унинг оиласи билан муносабатларни яхшилашга анча эрта бел боғлашган. Шу сабабли, вингер Германиянинг U-15 термасига чақирилди, жорий йил октябрида эса U-20 жамоасида ҳам битта ўйин ўтказди. Ҳозирча ушбу футболчининг келажаги хусусида фикр билдириш қийин, аммо у жорий мавсум «Бавария» ўринбосарлари таркибида фантастик даражадаги сермаҳсулликни намойиш этмоқда (Бавария минтақавий лигасидаги 21та ўйинда 11та гол ва 8та ассист). Таъкидлаш жоизки, Оливернинг «Бавария» билан шартномаси 2023 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt мутахассислари уни камтарона суммага баҳолашмоқда - атиги 650 минг евро. Лекин бу рақамлар икки-уч мавсумдан кейин қандай кўриниш олишини ҳеч ким билмайди.


МАРСЕЛЬ МЕНДЕС-ДУДЗИНСКИ

Ёши: 16

Клуби: «Бенфика»

Фуқаролиги: Польша|Бразилия

Ушбу йигитча 16 ёшда бўлишига қарамай, 193 сантиметр бўйга эга, Польша футболи шароитида анча иқтидорли. Марсель Шецинада, поляк ва бразилиялик аёл оиласида туғилган. Футбол билан шуғулланишни маҳаллий «Погон» жамоасида бошлаб, ўсмирлар даражасида турнирларда ўзини кўрсатишга улгурди. Натижада, жорий йил августида Мендес-Дудзинскига «Бенфика»дан «совчи» келди ва ёш дарвозабон ушбу клуб академиясига кўчиб ўтди. Ҳозирда айнан Марсель УЕФА ўсмирлар лигасида лиссабонликларнинг асосий кипери саналади, августдан буён Польша U-17 термаси сафига жалб этилмоқда. Португалияда ушбу дарвозабонни маҳаллийлаштириш ҳақида ўйлашмоқда. Бразилияликлар ҳам жим қараб туришмаса керак, зеро Мендес-Дудзинскининг «Бенфика» орқали португал тилини ўзлаштиргани айни муддао. Ҳозирча Transfermarkt уни 50 минг еврога баҳоламоқда. Лекин поляклар енгни шимариб астойдил ишга киришмасалар, жаҳон футболининг бўлажак юлдузларидан бири бошқа терма «илиб» кетиши мумкин.


ЛЕО ДОС РЕЙС

Ёши: 18

Клуби: «Бирмингем»

Фуқаролиги: Испания|Бразилия

Бу марказий ҳужумчи Барселонада туғилган, шу ном билан аталувчи клуб академиясида таҳсил олди. Қайсидир паллада Дос Рейс «блаугранас» сафида ривожлана олмаслигини тушунгани сабабли, жорий йил ёзида эркин агент мақомида Англиянинг «Бирмингем» жамоасига ўтди. Туманли ўлка иккинчи Премьер-лигасида 6та ўйин ўтказиб, 2та гол урди. Дос Рейс 18 ёшида Испания ёшлар термаси таркибида ўйнашга улгурди, U-16 термаси сафида ҳам 4та учрашувда қатнашган. Қизиғи, Лео ўтмишда мини-футболдаги ўйинлари орқали ном қозонган Марсело Дос Рейснинг ўғли саналади. У Бразилия ва Испания термалари шарафини ҳимоя қилган.


ЮЛИАН ФОНМООС

Ёши: 20

Клуби: «Витесс»

Фуқаролиги: Швейцария|Бразилия

Бу йигитча Швейцарияда туғилган, лекин отаси орқали Бразилияга дахлдор. Фонмоос футбол ўйнашни «Санкт-Галлен» ва «Базель» академияларида бошлаб, тез орада ўзини кўрсата олган. Иқтидорларни қўйиб юборишга одатланмаган Швейцарияда ёш иқтидорни пайқаб, ундан Европанинг бўлажак юлдузи етишиб чиқишини тушунишган. Натижада, Юлиан 2015 йилда ушбу мамлакатнинг U-15 термасига жалб этилди. Шундан буён Швейцариянинг турли ёш термаларида ўйнади, ёшлар таркибида битта ўйин ўтказди. Transfermarkt Фонмоосни 500 минг еврога баҳоламоқда. Унинг «Базел»даги шартномаси 2023 йилгача тузилган, «Витесс»да ижарада ўйнайди. Нидерландияликларда уни тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи бор. Шундай экан, бу футболчининг Швейцарияга бош­қа қайтмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz