Қайднома

Қидирув

Эътироф: Шунчаки, ЕЧЛ 2021/2022 феномени

Эътироф: Шунчаки, ЕЧЛ 2021/2022 феномени

  08.12.2021 07:17
  0
  299
Эътироф: Шунчаки, ЕЧЛ 2021/2022 феномени

Ҳаётда нималар юз бермайди-я... «Аякс» раҳбарларининг озгина бепарволиклари оқибатида евромавсумнинг аввалги мавсумини томошабин сифатида кузатишга мажбур бўлган 27 ёшли ҳужумчи энди ЕЧЛдаги дебютини маҳсулдорликка боғлиқ турли рекордлар билан безамоқда. Марҳамат, танишинг: ЕЧЛ-2021|2022 тўпурарлари пойгаси пешқадами - Себастьян Аллер. «Аякс» турнирнинг гуруҳ раунди 5-турида «Бешиктош» меҳмони бўлди ва Истанбулдан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтиб, ўз квартетидаги пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб олди. Учрашувнинг иккинчи бўлимида майдонга тушган Кот-д~Ивуар термаси ҳужумчиси эса «дубл»га эришиб, Нидерландия жамоасига иродали ғалаба тортиқ этиш баробарида тўпурарлар рўйхатида мутлақ 1-ўринга чиқиб олди. Айни пайт Аллер ҳисобида 9та гол бор, у шунингдек, яна 2та самарали узатмага эга. Диққат қилинг, «Аякс» 5та учрашувда 16та гол урди, шундан атиги 5тасида Себастьяннинг бевосита иштироки йўқ.

Себастьян Аллер - ЕЧЛдаги дебют ўйинини «покер» билан безаган иккинчи футболчи! Асли франциялик йигит «Спортинг»га қарши кечган баҳсда чинакам қаҳрамонлик кўрсатди. Ундан аввал бундай юксак натижа фақат афсонавий Марко ван Бастенга насиб этганди. Энди Аллер турнир тарихида илк 5та ўйинда 9та гол урган биринчи футболчига айланди (таққослаш учун айтсак, Аллер Нидерландия Эредивизионида 9та гол уриш учун 13 марта майдонга тушганди). Хуллас, Францияда улғайган ҳужумчи дебют мавсумидаги самарадорлик бўйича Эрлинг Холанд томонидан ўрнатилган рекордни янгилади. Алоҳида айтиш керак, норвегиялик ҳужумчи ва Себастьян ўртасида катта тафовут мавжуд. Аллер 27 ёшда ва ҳозирга қадар 4та мамлакатнинг 5та клубида тўп суришга улгурди. У ўз фаолиятини 2012|2013 йиллар мавсумида Франциянинг «Осер» клубида бошлаганди. 

Айни ҳолатда «Аякс» ҳужумчиси ЧЛдаги маҳсулдорлик бобида клублар билан ҳам беллаша олади. Мана, гуруҳ босқичининг 5та учрашувида 9та гол уриш фақат «ПСЖ», «Ювентус» ва «Вильярреал»га насиб этди. «Порту» ҳисобида эса атиги 3та гол бор. Рақамларда айтсак, турнирда иштирок этаётган 32та жамоа­дан 19таси маҳсулдорлик бўйича франциялик|кот-д~иву­арлик ҳужумчидан ортда қолмоқда. Фақат «Бавария» (19та гол) ва «Манчестер Сити» (17та гол) «Аякс»дан кўпроқ гол урганини ҳам қўшимча қилиш ўринли. Яна бир томони, Аллернинг 9та голида пенальти улуши йўқ. «Бешиктош» билан беллашув унинг «Аякс»даги ўрнини яққол ифодалаб берди. Жамоадошлари тўпни асосан Себастьян томон йўллашади. Ҳужумчи биринчи голда тўпни бўш қолган дарвоза қаршисида қабул қилди, иккинчида эса жамоадоши узатмасига шунчаки, оёғини теккизиб қўйди. Умуман, Аллернинг ҳукмронлиги тасодиф эмас: у «Утрехт»да ҳам «Аякс» бош мураббийи Эрик тен Хаг қўл остида тўп сурган ва 19та гол билан фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумни қайд этганди. Эрик 2016 йилидаёқ бу йигитни ноёб иқтидор соҳиби сифатида эътироф этганди: «У майдонда ўзини қушдек енгил ҳис этади. Жамоамизда ўз маҳоратини янада оширишидан умидворман».

«Осер»даги фаолият Аллер учун жиддий синов билан бошланди. У 12 ёшида Франция клуби академиясида кўрикдан ўтганди: «Ўша куни эрталаб тиш шифокорига бордим. Унинг ҳузуридан юзимга маҳкам боғланган бандаж билан чиқдим. Кун бўйи лунжим оғриди, лекин майдонда ўзимни кўрсатишим шарт эди. Эсимда, оғриқдан йиғлаб юборадиган ҳолатда эдим. Лекин ҳақиқий футбол судига кетаётганимни тушуниб турардим».Тезкор реакция Аллерга болалигидан ҳамроҳ. Академиядаги ўйин­лар пенальтилар сериясигача чўзилса, у дарҳол дарвозадан жой олиб, ажойиб «сэйв»лари билан жамоасига ғалаба келтирарди. Айни шу фазилати профессионал футболда ҳам қўл келмоқда. Тўғри, йигитча «Осер»даги тўлиқсиз 3 мавсумда атиги 6та гол билан кифояланди. Аллер буни мураббий билан унча келишолмаганига йўйганди. Ҳужумчи «Утрехт» сафига қўшилгач, маҳсулдорликни кескин оширди ва турли жамоалар таклифларига кўмилди. Хусусан, ЦСКА Аллерни Россияга чорлади, аммо у кўнмади. Якунда «Утрехт» футболчи трансферидан катта фойда кўрди - 750 минг еврога харид қилинган ҳужумчи учун «Айнтрахт»дан   12 млн. олди.

Аллер Германияда интервью бериб, ўз касбига муносабатини рўй-рост эътироф этганди: «Йўқ, футбол юлдузи бўлиш учун ўйнамайман. Шунчаки, футболни севаман. Бир нечта гол урганимдан сўнг мени қайсидир юлдузга қиёслашларини яхши биламан. Бу муаммо эмас, бироқ таққослашларга тоқатим йўқ. Мен учун энг муҳими - жамоам билан бахтиёр бўлиш». Себастьян аввал ҳам еврокубокларда қатнашган - 2018|2019 йиллар мавсумида «Айнтрахт» билан ЕЛ ярим финалигача етиб борганди. Ўшанда унинг жамоаси пенальтилар серияси бўйича «Челси»га имкониятни бой берган. Себастьян ўша мавсум «Аполлон», «Лацио» ва «Шахтёр» дарвозасини ишғол этиб, «Айнт­рахт»га 5та гол ва 2та самарали узатма тортиқ этганди. Шундан кейин қаҳрамонимиз «Вест Хэм» сафига қўшилди. «Болғачилар» унинг трансферига нақ 50 млн. евро тўлашди - инглиз клуби тарихидаги рекорд. Бироқ қимматбаҳо ҳужумчи АПЛ доирасидаги 48та учрашувда атиги 10та гол урди. Оддий айтганда, унинг ҳар бир голи «Вест Хэм» учун 5 млн. еврога тушди.

«Аякс»да Себастьян Аллерга тааллуқли энг ғалати воқеа ўтган мавсум кузатилди: клуб вакиллари ҳужумчини ЕЛ «заявка»сига киритишни унутиб қўйишди. Аллернинг Амстердам жамоаси таркибига қишки трансферлар пайти қўшилгани шундай англашилмовчиликка олиб келганди. Кейинчалик «Аякс» клуби маъмурий хатоликка йўл қўйганини тан олди. Муҳими, жорий мавсум бу каби муаммога йўл қўйилмади ва Себас­тьян Аллер афсонавий Франческо Тоттининг гол нишонлаш ҳаракатидан нусха кўчирди, яна феномен мақомига кўтарилди. Тўғри, у Тотти ҳаракатини ўйин тугаганидан кейингина намойиш этади.

Себастьян Аллернинг ЕЧЛ-2021|2022даги голлари

1-тур: 4та («Спортинг» дарвозасига)

2-тур: 1та («Бешиктош» дарвозасига)

3-тур: 1та («Боруссия» Д. дарвозасига)

4-тур: 1та («Боруссия» Д. дарвозасига)

5-тур: 2та («Бешиктош» дарвозасига)

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz