Қайднома

Қидирув

Футбол атрофида: Винисиус империя эгаси!

Футбол атрофида: Винисиус империя эгаси!

  09.12.2021 03:30
  0
  361
Футбол атрофида:  Винисиус империя эгаси!

«Реал»да тобора эффектли ўйнаётган Винисиус Жуниорнинг яна бир қиёфаси бор: у майдон ташқасида империя қурмоқда. Бразилиялик футболчи учун нақ 30 нафардан кўп киши ишлайди. У шунингдек, шахсий брендини юксалтириш баробарида Бразилияда таълим-тарбия савияси кўтарилишига ҳисса қўшмоқда. Хуллас, икки Винисиус бор. Биринчиси - ақлли футболчи, қарши ҳужумларда жуда хавфли, чиройли голлар уради. Иккинчиси - ақлли бизнесмен. Бразилиянинг Globo нашри октябрь ойи бошида бу ҳақда алоҳида мақола тайёрлади. Ундан маълум бўлишича, 21 ёшли футболчи жисмоний ҳолати ва имиджига ўта эътибор билан ёндашади. Дейлик, майдон ташқарисида ўз ичига 30 нафардан кўп кишини жамлаган катта бир жамоа бразилиялик юлдуз учун турли йўналишларда иш олиб боради: шахсий мураббий, руҳшунослар, ошпаз, ҳаттоки, имиджер...


Неймарнинг собиҚ мураббийи, руҳшунос...

Шахсий мураббий. 2020 йилнинг март ойида карантин юзага келганида, Винисиус ўзига Бразилиядан шахсий мураббий ёллади. Гап бунга қадар Бразилия ёшлар термаси ва «Сантос» клубида ишлаган, Неймар ҳамда Маркиньосга якка тартибда мураббийлик қилган Тиаго Лобо ҳақида кетмоқда. У аввало, Вини учун индивидуал машғулотлар дастурини ишлаб чиқди. Мураббийнинг методологияси Роналду иш тизимига асосланган: мушакларни тез ривожлантириш, танани доимий назоратда ушлаб туриш. Дарвоқе, Винисиус йил охиригача Мадриддаги бошқа уйга кўчиб ўтади. Бундан мақсад - қулайликни янада яхшилаш эмас, балки мукаммал иш муҳитини яратиш. Янги қўнимгоҳда танани парваришлаш учун ҳаммаси мавжуд: кенг спорт зали, кичик майдон ва криокамерага эга тикланиш хонаси. Globo нашрида қайд этилишича, уйга ўрнатилган айрим жиҳозлар ҳаттоки, Бразилия «А» сериясининг баъзи клубларида ҳам йўқ.

Шахсий ошпаз. Франциялик ошпаз кунлик таомномани тузади ва барчасини ўзи тайёрлайди. У яна Винисиуснинг қатъий парҳезга риоя қилишини назорат қилади. Хусусан, ширинликлар таомномадан чиқариб юборилган, ҳисоб. Балиқ гўштидан тайёрланадиган таомлар ва сабзавотларга катта урғу берилади. «Энди танамда ортиқча ёғ жуда оз, - дея мақтанди Жуниор яқинда AS нашрига берган интервьюсида. - Чунки ор­ганизмимга ғамхўрлик қила бошладим, кун тартиби ва овқатланиш режимига тўлиқ амал қиляпман. Майдон ташқарисидаги бундай чекловлар ўйинимни яхшилашга ёрдам берди. Ҳаммаси ўзаро боғлиқ».

Руҳшунослар. Винисиус шу йил ёзда шахсий руҳшунос билан ҳам ишлай бошлади. Улар бразилияликнинг майдондаги хатоларини таҳлил қилиб, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлашади. Бразилияликнинг айтишича, бу қисқа вақтда ўз самарасини кўрсатди: у эндиликда турли танқидий қарашларга эътибор қаратмаяпти. Қизиғи, Винисиус «Реал»да катта маош оладиган футболчилар қаторида эмас: йиллик иш ҳақи 3,5 миллион еврога тенг. Демакки, бразилиялик йигит ҳозирда маошининг катта қисмини ўзини парваришга сарфламоқда.

 

Винисиус - медиаюлдуз

Жуниор ўйинлар ва машғулотлардан сўнг шахсий империясининг иккинчи томони билан шуғулланади - ОАВ учун ўз имиджини яратади. Бунинг муҳимлиги ҳақида 2020 йилдан буён Вини билан ишлаётган Mediacom Sport and Entertainment вакили Миша Шер алоҳида гапирганди: «Спортчилар авваллари ўз имиджлари устида ишламасдилар, ҳаммаси ўз-ўзидан шаклланарди. Энди улар замонавий технологиялар воситасида мухлислар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришишлари, ўзларининг турли қирраларини кўрсатишлари мумкин. Бунга клуб сайти ёки матбуот хизмати аралашмайди - фильтрсиз демократик алоқа. Шундай экан, шахсий менежментнинг спортчи имидж-брендини аниқлаш, яхшилаш, шу орқали пул топишдаги ўрни катта». Бразилияликка имидж устида ишлашда икки киши - шахсий фотограф ва оператор ёрдам беради. Ҳар иккиси футболчининг майдондаги хатти-ҳаракатини кузатиб бориб, уни мукаммаллик сари йўналтиради. Айни пайт Винисиус «Инстаграм» тармоғида 12 миллион обуначига эга. Унинг саҳифаси идеал суратларга тўла, ҳар бири камида бир миллион лайк тўпламоқда. Оператор эса YouTube тармоғидаги каналга масъул. Айтиш ўринли, Винисиус жаҳондаги энг машҳур блогер-футболчидир (шахсий канали 1,4 миллион обуначи тўплашга улгурди).

 

Винисиус ва  рекламалар тарихи

Ҳуқуқий масалалар, логистика, клуб билан музокара, реклама шартномалари - буларнинг ҳаммаси Mediacom Sport and Entertainment ва TFM агент­ликлари зиммасида. Винисиус майдонда ядро яратса, фотограф ва имиджер уни чиройли қобиққа солишади, қолгани айнан иккинчи звенога боғлиқ. Реклама бўйича таклифлар TFM томонидан ўрганилади. Бунда ҳаммаси инобатга олинади: тўлов миқдори, Винисиуснинг имиджига таъсири, бренд ва спортчи ўртасида ҳақиқий алоқа шаклланиши... Асосий шарт - Винисиус фақат ўзи фойдаланадиган маҳсулотларни реклама қилади. Жуниор чиндан ҳам, дуч келган таклифни қабул қилавермайди. Унинг брендбукида фақат Gaga Milano соат бренди, Dolce&Gabbana ва Nike бор. Globo маълумотига кўра, «Реал» вакили ҳомийлар устидан йилига 1 миллион евро топади. TFM яна ўз футболчиларидан баъзи имидж ҳуқуқларини олиб қўйишни хуш кўрувчи «Реал» билан юзага келадиган масалаларни ҳал қилмоқда. Дейлик, «галактикос» даврида футболчининг шахсий имиджи ҳуқуқларидан 50 фоизини клуб назорат қиларди. Роналдо, Дэвид Бекхэм ва Рауль ҳам бу шартга кўнишган. Винисиус жамоаси эса мутлақо бошқача шартларни ўтказа олди - футболчи реклама шартномалари суммасидан атиги 5 фоизини клубга беради.

 

Илм-фанга эътибор

Винисиус бразилиялик болалар футболчи эмас, дейлик, шифокор бўлишларини хоҳлайди. У бунинг учун Бразилия­да таълим савиясини кўтаришга ҳисса қўшмоқда. У жорий йил бошида Instituto Vini Jr. гуруҳини тузди. Мақсад - бразилиялик болаларни тарбиялашда технология ва спортни уйғунлаштириш. Вини ўйлаб топган Base иловаси моддий ҳолати ҳаминқадар оилалар фарзандлари учун мўлжалланган. Ҳаммаси спорт турнири формати асосида яратилган: 4 даража (ҳудудлар, мамлакат, қитъа ва дунё миқёси)ли уч мавсум. Ҳар бирида турли мураккабликдаги саволлар бор ва уларнинг жавобига мукофот белгиланган. Винисиус бу лойиҳага деярли 2 миллион ажратиб бўлди.

Сўз

- Футбол - бу орзу, аммо болаларни таълим орқали қашшоқликдан чиқиб кетишга йўналтирсак, яхшироқ бўлмайдими? Шахсан мен улар янги Винисиус, Неймар ёки Роналду эмас, шифокор ва бошқа соҳанинг етук мутахассиси бўлишга интилишларини хоҳлайман. Висиниус Жуниор (The Guardian нашрига берган интервьюсидан).

 

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz