Қайднома

Қидирув

Зоҳир Пиримов: «Фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлаганимча йўқ»

Зоҳир Пиримов: «Фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлаганимча йўқ»

  11.12.2021 06:46
  0
  288
Зоҳир Пиримов: «Фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлаганимча йўқ»

«Сурхон»га якунланган мавсум барқарорлик етишмади, жамоа шунинг ортидан анча қийналди. Муҳими, Баҳром Ҳайдаров шогирдлари финиш марраси кўриниб қолган паллада ўта муҳим очколарни қўлга киритиш асносида Суперлигада қолиш вазифани уддалашди. Термиз клубининг элитадан тушиб кетмаганида, айниқса, тажрибали футболчилар хизмати катта. Жумладан, мавсумолди йиғинларида жамоа сафига қўшилган Зоҳир Пиримов асосий таркибдан мустаҳкам жой олиб, ёшларни ўз ортидан эргаштирди. Қизиқ, тажрибали ярим ҳимоячи маррага 10-ўринда етиб келган «Сурхон»да қоладими ёки унда бошқа режалари бор?

- Зоҳир, мана, «Сурхон» мавсумни 10-ўринда якунлади. Бу жамоа имкониятига мос натижами, таассуротлар қандай?

- Аслида олдимизга юқори ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилганди. Дейлик, бемалол юқори 8таликдан жой олиш салоҳиятига эга эдик. Бироқ мавсум давомида барқарор ўйнолмадик, асл даражамизни кўрсатолмадик. Чунончи, жамоа таркибида катта ўзгаришлар бўлди. Оддий айтганда, янги футболчиларнинг ўйин ритмига мослашиб кетишлари бироз чўзилиб кетди. Йўқ, якуний натижадан нолиш ноўрин. Вазият ва шароит тақозини инобатга олсак, 10-ўрин ҳам ёмон эмас. Ахир Суперлига 26-турида «Машъал»га ютқазиб қўйганимизда ҳаммаси мураккаблашарди. Муҳими, ҳал қилувчи учрашувни ўз фойдамизга ҳал қилиш асносида «плей-офф»дан қочдик. Хуллас, финал мақомидаги охирги ўйинда қайд этилган ғалаба жуда ёқимли бўлди. Ўзи майдонда рақибдан бир киши кам бўлиб ўйнаб, ғалаба қозониш жуда мароқли. Агар ҳал қилувчи баҳсда шундай бўлса, ёқимлилик даражаси икки ҳисса ошади. 

- Хабарларга қараганда, «Сурхон» учун бақувват ҳомий топилган. Кутилишича, жамоа келаси йили кучлилар сафига қўшилишга ҳаракат қилади. Бу масалада қандайдир маълумот бера оласизми?

- Ҳа, хабарлар ҳақиқатга яқин. Билишимча, клубда жиддий ўзгаришлар бўлади. Табиийки, Суперлигада совринли ўринларга интиладиган жамоа­лар қанча кўпайса, футболимиз шунча ютади. Демак, ижобий янгиликларни кутиб қоламиз.

- Жамоа мавсум давомида молиявий томондан қийналмадими?

- Тан олиш керак, 3-4та жамоани ҳисобга олмаганда, қолган иштирокчиларда қайсидир даражада молиявий муаммолар бор. Жумладан, бизда ҳам баъзи камчиликлар кузатилди, муҳими, раҳбарият барчасини тезда ҳал этиш чораларини кўрди. Хуллас, ташвишланарли даражада муаммо юзага келгани йўқ.

- Келгуси режалар қандай? «Сурхон»да қоласизми ёки бошқа вариантлар ҳам бор?

- Биринчи навбатда, оилам даврасида ҳордиқ чиқармоқчиман. Қолганини вақт кўрсатади - барчаси таклифларга боғлиқ. 

- Охирги йилларда турли жамоалар шарафини ҳимоя қилдингиз. Фаолиятингиздан қониқяпсизми?

- Қисман. Ҳар ҳолда, қайси жамоада тўп суришимдан қатъий назар, бор кучимни ишга солдим. Афсуски, орада жароҳатлар озгина қийнади. Фақат шу жиҳат тўлиқ қониқиш ҳосил қилмаслигимга сабаб бўлди. Яна неча йил ўйнай олишимни билмайман. Футболда имкон қадар узоқроқ қолишни истайман. Ҳозирча фаолиятимни якунлаш борасида ўйлаб кўрганим ҳам йўқ. Шундай экан, хулоса чиқаришга ҳали эрта.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz