Қайднома

Қидирув

Ракурс: Афғон футболининг афғони (фиғони)

Ракурс: Афғон футболининг афғони (фиғони)

  11.12.2021 08:48
  0
  229
Ракурс: Афғон футболининг афғони (фиғони)

Шу йилнинг август ойи­да Афғонистон ҳокимиятини қўлга олган Толибон ҳаракати аввало, мамлакатда тўлиқ тинчлик ўрнатишга ваъда берганди. Лекин амалда маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи кескин ўзгариб кетди. Хусусан, Афғонис­тонда мусиқа, замонавий либослар ва аёллар футболи тақиқланди. Шунингдек, ошкора жазолаш тажрибаси амалга қайтди, бунинг учун Қобулдаги «Миллий» стадиони танланди...

Тўғри, АҚШ қўшинлари чиқариб юборилганидан кейин ҳам, афғон футболи техник жиҳатдан сақлаб қолинди. Хусусан, 16 октябрь куни Афғонистон миллий жамоаси янги тузумдаги дастлабки учрашувда майдонга тушди. Эътиборли томони, афғонлар Туркиянинг Анталия шаҳрида Индонезия термасидан устун келишди - 1:0. Бироқ Афғонис­тонда миллий чемпионати янги мавсуми ҳали бошлангани йўқ. Ваҳоланки, старт сентябрь ойига белгиланган эди. Гап шундаки, АФФнинг сўнгги йилларда аёллар футболини ривожлантиришга катта эътибор қаратгани толибларга маъқул келмади ва ташкилот раҳбарлари мамлакатдан чиқиб кетиб, Ҳиндистон ҳукуматидан сиёсий паноҳ сўрашга мажбур бўлишди. Боз устига, 10 октябрь куни мамлакатдаги ягона спорт телеканали - 3Sport фаолияти тўхтатилди. Сабаб - молиявий муаммолар ва толиблар ўрнатган чекловлар. Умуман, Толибон ҳаракати августдан буён 150тадан ортиқ ОАВ фаолиятига чек қўйди.

Ҳозирда афғон диёрида крикет ривожланмоқда. Бу спорт тури айниқса, 1990 йилдан кейин Покистонга кетиб қолган қочоқлар қайтиб келишгани натижасида оммалашиб кетди. Асосийси, крикет толибларга ҳам маъқул келмоқда. Афғонистон крикет термаси айни пайт жаҳон рейтингида 7-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа октябрда халқаро турнирда иштирок этди. Афғонистон футбол термаси ҳам ҳозирча янги ҳукумат тақиқига дуч келгани йўқ. Жамоани 31 ёшли Ануш Дастгир бошқармоқда. У 2018 йили германиялик Петр Сегрт ўрнини эгаллаганди. Бироқ шуниси борки, Ануш Нидерландияда истиқомат қилиб, 5-дивизион иштирокчиси «Дуно» клубини ҳам бошқаради. Дастгир аслида Қобулда туғилган, бироқ 11 ёшида уруш туфайли ота-онаси билан мамлакатдан чиқиб кетган. Афғонистон америкаликлар таъсири остида бўлган даврда терма жамоа сафида тўп сурган ва 28 ёшида бош мураббий лавозимини эгаллаган Ануш иш жойи ва уйи Нидерландияда эканлиги боис, толиблар хусусида дадил фикр билдиради: «Миллий жамоа афғонлар учун бирдан-бир овунчоқ эди. Кўплаб мухлислар «Энди ватанимиз йўқ, илтимос, терма жамоани сақлаб қолинг» қабилида мурожаат қилишяпти. Бироқ умумий вазият жуда ёмон. Ҳамма толиблардан қўрқади. Уларга ишонч йўқ, чунки мафкуралари маълум. 20 йил аввалги воқеалар такрорланаётгандек. Тўғри, бугунги толиблар жуда ақлли, ОАВ билан қандай гаплашишни яхши биладилар. Биз эса толибонлар эмас, фақат фуқаролар учун ўйнаймиз».

Афғонистон миллий жамоа­си 2018 ва 2022 йилги ЖЧ саралаш босқичида иштирок этди. Терма таркибидаги футболчиларнинг умумий трансфер баҳоси 1,75 млн. еврога кўтарилганини ҳисобга олсак, қандайдир ўсиш йўқ эмасди. Дейлик, афғонлар Россия мундиали саралашида 8 марта майдонга тушиб, 3та ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилишганди. Қатар-2022 мундиали квалификациясида эса ўзларидан анча кучли Ҳиндистон термаси билан ҳар икки ўйинда 1:1 ҳисобини қайд этишди. Лекин Афғонистон дружинаси саралашдан ўрин олган уй учрашувларини Тожикистон ва Қатарда ўтказди. Бунга хавфсизлик масаласининг алоқаси йўқ, ички инқироз туфайли миллий федерация ҳисоб рақами музлатиб қўйилганлиги Қобулда ўйнаш имконини бермади. Умуман, Афғонистон термаси халқаро ўртоқлик учрашувларини ҳам ФИФА раҳнамолигида ташкиллаштирди. Сўнгги йилларда Қобул ҳам норасмий ўйинларни қабул қилди, фақат афғон диёрига заиф рақиблар боришди.

Афғонистон термаси таркибида миллий чемпионатдан умуман вакил йўқ. Индонезия термасига қарши баҳсда ҳам фақат легионерлар майдонга тушдилар. Жамоа Туркияда 1 ҳафталик йиғин ўтказди, ке­йин футболчилар дунёнинг турли бурчакларига йўл олишди. Хуллас, миллий футбол тўлиқ шаклланмагани боис, терма жамоа хориждаги афғонлардан тузилади. Охирги ўйинда 14та мамлакатда тўп сурадиган йигитлар иштирок этишди. Тўғри, Дастгир яқин-яқингача 1-2 нафар маҳаллий футболчини жалб этарди. Лекин ҳозир бунинг иложи йўқ.

Толибларнинг футболга муносабатларини тушуниш ҳам қийин. Улар 1996-2001 йилларда миллионлар ўйинига қаршилик кўрсатишмаган, фақат ўйинчилардан футболка остидан тизза ва қўлларни яшириб турувчи махсус либос ки­йишни талаб қилгандилар. Кейинчалик америкаликлар бу талабни олиб ташлашди ва афғонлар одатий футболкаларда майдонга туша бошлашди. Энди кўплаб футболчилар диний талабларга бўйсинишмагани учун таъқибга учрашдан хавотирланиб, мамлакатни тарк этишди. Айниқса, ёшлар термасида тўп сурган 19 ёшли Заки Анварининг фожиа­ли ўлими ҳаммани титратиб юборди. У толиблар ҳужуми пайти Қобулдан учишга тайёрланаётган самолётга чиқишга улгуролмай, фюзеляжга осилиб қолиб, ҳаётдан кўз юмди.

Толиблар мамлакатда аёллар спортини тўла-тўкис ман этдилар. Зеро, аёлларда ишлаш, университетларда ўқиш ҳуқуқи йўқ, улар эркаклар кузатувисиз уйдан ҳам чиқишолмайди. «Аёл вазир бўлолмайди - бу унинг бўйнига ўзи кўтаролмайдиган буюмни илиб қўйиш билан баробар. Аёллар ҳукуматда ишлашлари шарт эмас, чақалоқларни дунёга келтиришса, бас», - дейди Толибон ҳаракати матбуот котиби Сайид Зикрулло Ҳошими. Октябрда толиблар Афғонистон волейбол термаси аъзоси Маҳджабин Ҳакимининг бошини танасидан жудо қилишгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жамоа мураббийининг айтишича, бу мамлакатда спортчи аёл-қизларни аниқлашга қаратилган операциянинг бир қисми экан. Ҳокимият толиблар тасарруфига ўтганидан кейин спортга алоқадор аёллар мамлакатдан чиқиб кетишга уринишгани ўз-ўзидан аён. Данияда истиқомат қилаётган аёллар термаси собиқ футболчиси Холида Попал бу масалада ватандошларига сезиларли ёрдам берди. У август ойидаёқ зудлик билан миллий жамоанинг «Твиттер»даги саҳифасини ёпди ва спортчи қизлардан либосларини ёқиб ташлашни сўради. Австралия ҳукумати эса 25 август куни афғонистонлик 77 нафар спортчи аёл ва уларнинг оила аъзоларини ўз паноҳига олди. Яна 96 нафар спортчи Покистондан бошпана топди, 150 нафари Қатарга йўл олди. Попал яна 45 нафар қизни мамлакатдан олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда: «Турли ассоциация­ларга электрон мактуб ёзиб, футболчи қизларни Афғонистондан олиб чиқиш учун ёрдам сўраяпман. Лекин уринишларим кўпинча беҳуда кетмоқда. ОАВ ва жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонга муносабати ўзгариб қолди. Ҳеч ким аёлларни ҳимоя қилишни истамаяпти». Афғонистон аёллар терма жамоаси сардори Шабнам Мобарес ҳам хавотирда: «Футбол аёллар маърифатини ошириш ва ҳуқуқларининг кенгайишида қурол бўлишини истагандик. Энди у бизни ўлдириши мумкин».

Афғонистон миллий жамоаси июнь ойида ОК-2023 саралаш босқичида қатнашиши керак. ФИФА бунга қарши эмас. Лекин афғонистонликларда яқин орада ўз жамоаларини кўришга ишонч йўқ. Мамлакатда ўрнатилган янги қонун-қоидалар футболга мойил эмас...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz