Қайднома

Қидирув

Статистика: Гол хирмонини кўтариш вақти

Статистика: Гол хирмонини кўтариш вақти

  12.12.2021 03:30
  0
  290
Статистика: Гол хирмонини кўтариш вақти

КАНАДА ТЕРМАСИНИНГ 53та «ШАЙБА»СИ ЁХУД ДЕПАЙ ҲАТТОКИ, КЕЙНДАН ҲАМ ЮҚОРИДА. Клуб футболи-2021 ҳали давом этади, миллий жамоалар учун эса йил якунига етди, ҳисоб. Хўш, 2021 йилда қайси терма жамоа ҳаммадан кўп гол урди, қайси футболчи бу йўналишда бош тўпурар бўлди? Қуйидаги мақолада миллий жамоалар миқёсидаги навбатдаги ўйинлар 2022 йилнинг январь ойига белгиланганини ҳисобга олиб, халқаро голларни статистикаси келтирилмоқда.
Оддий айтганда, улар Қатарда давом этаётган Араб миллатлар кубоги-2021 ўйинларига назар солмай, 2021 йилнинг энг маҳсулдор терма жамоалари ва футболчиларига эътибор қаратишди. Аввало, маълумот ўрнида келтириш жоиз, ҳисоб-китобда фақат ФИФА рўйхатига киритилган ўйинларга қаралган. Булар - расмий турнирлар баҳслари ва халқаро ташкилот реестрида қайд этилган ўртоқлик ўйинлари. Икки жамоа ёки футболчининг голлари сони тенг бўлса, ўртача кўрсаткичга қаралганини ҳам айтиш ўринли.

2021 ЙИЛНИНГ ЭНГ СЕРМАҲСУЛ ТЕРМА ЖАМОАЛАРИ

10-ўрин

Италия - 18та ўйинда 38та гол (ўртача: 2,11та)

Панама - 18та ўйинда 38та гол (ўртача: 2,11та)

9-ўрин

Жазоир - 10та ўйинда 38та гол (ўртача:  3,8та)

8-ўрин

Бельгия - 17та ўйинда 39та гол (ўртача: 2,29та)

7-ўрин

Япония - 11та ўйинда 41та гол (ўртача: 3,73та)

6-ўрин

АҚШ - 20та ўйинда 42та гол (ўртача: 2,1та)

5-ўрин

Дания - 18та ўйинда 45та гол (ўртача: 2,5та)

4-ўрин

Нидерландия - 16та ўйинда 46та гол (ўртача: 2,88та)

3-ўрин

Германия - 16та ўйинда 50та гол (ўртача: 3,13та)

2-ўрин

Англия - 19та ўйинда 51та гол (ўртача: 2,68та)

1-ўрин

Канада - 19та ўйинда 53та гол (ўртача: 2,89та)

- 2021 йилнинг 11та сермаҳсул терма жамоа­си қаторида энг кўп вакил УЕФА (Европа)дан - 6та. Шунингдек, КОНКАКАФ (Шимолий ва Марказий Америка)дан 3та, ОФК (Осиё) ва АФК (Африка)дан 1тадан жамоа бор.

- Панама термаси ўз голларининг учдан бир қисми (38тадан 13та)ни КОНКАКАФ миқёсидаги ЖЧ-2022 саралаши дастлабки босқичида «бечора» Ангилья жамоаси дарвозасига урди, яна 1та ўйинда. Ўша учрашувда 13:0 ҳисоби қайд этилганди.

- Япония термаси ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган баҳорги 2та ўйин эвазига маҳсулдорлар рейтингига қўшилди. Аниқроқ айтсак, «самурайлар» ўшанда Мўғулистон ва Мьянма терма жамоа­лари дарвозасига жами 24 марта «чанг» солишди. Хусусан, мўғулларни 14:0 ҳисобида доғда қолдиришди. Умуман, агар шу икки расмий ўйинни четга олиб турсак ҳам, японларда маҳсулдорлик жойида: 9та ўйинда 17та гол (ўртача ҳисобда 1та ўйинда 1,89та).

- Ўртача кўрсаткичга қарасак, Жазоир термаси ҳаммадан олдинда. Диққат қилинг, Риёд Маҳрез етакчилигидаги Африка жамоа­си 2021 йили 10та ўйинда майдонга тушиб, 38та голдан хирмон ясади. Қаранг, ўртача ҳисобда 1та ўйинда 3,8та гол! «Саҳро тулкилари» асосан Нигер ва Жибути термаларига қарши ўйинларда ўз статистикаларини яхшилаб олишди. Ҳар ҳолда, 38та голдан 22таси айни шу рақиблар билан бўлган 4та учрашувга тўғри келади.

- Нидерландия миллий жамоаси Норвегия термасини 2:0 ҳисобида доғда қолдириб, нафақат ЖЧ-2022 йўлланмасини расмийлаштирди, балки яна 2021 йилнинг энг сермаҳсул дружиналари рўйхатида кучли тўртликка кирди. «Лоларанглар»­га саралашда қаторасига 9та ғалаба қайд этиш асносида Қатар-2022 мундиалига йўл очган Дания термаси жой бўшатди. Бинобарин, «динамитлар» саралашнинг охирги турида шотландларга ютқазиб қўйишди - 0:2.

- Германия миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган кузги 7та ўйинда жами 31та гол урди. Диққат қилинг, бундестимнинг Дитер-Ханс Флик бошқарувидаги ўртача кўрсаткичи фантастик кўринишда - ҳар бир ўйинда нақ 4,43та гол.

- Ажаблантирадиган факт: 2021 йили миллий жамоалар орасида энг кўп гол Канада термаси томонидан урилди. Йўқ-йўқ, гап хоккей эмас, футбол ҳақида кетяпти. Альфонсо Дэвис ва унинг шериклари айниқса, йил бошида ўзгача шиддат намойиш этишди: 4та ўйин (Бермуд ороллари, Кайман ороллари, Аруба ва Суринам термаларига қарши)да 27та гол! Ҳа, канадаликларга ЖЧ-2022 саралашининг дастлабки босқичида «митти» рақибларга тўқнаш келишгани жуда қўл келди. Энг муҳими, хоккей ватанининг футбол жамоаси саралашнинг ҳал қилувчи раундида ҳам дадил одимламоқда. Дейлик, айни пайт КОНКАКАФ етакчилари - АҚШ ва Мексика термалари ҳам канадаликлардан орқада. Хуллас, Канада миллий жамоасида Қатар йўлланмаларидан бирига эга чиқиш имкония­ти етарли.

 2021 ЙИЛНИНГ ТЕРМА ЖАМОАЛАР  МИҚЁСИДАГИ ЭНГ СЕРМАҲСУЛ ФУТБОЛЧИЛАРИ

6-ўрин

Ромелу Лукаку (Бельгия) - 12та ўйинда 11та гол (ўртача: 0,92та)

Роберт Левандовски (Польша) - 12та ўйинда 11та гол (ўртача: 0,92та)

5-ўрин

Криштиану Роналду (Португалия) - 14та ўйин­да 13та гол (ўртача: 0,93та)

3-ўрин

Кайл Ларин (Канада) - 13та ўйинда 14та гол (ўртача: 1,08та)

Али Мабҳут (БАА) - 13та ўйинда 14та гол (ўртача: 1,08та)

2-ўрин

Гарри Кейн (Англия) - 16та ўйинда 16та гол (ўртача: 1та)

1-ўрин

Мемфис Депай (Нидерландия) - 16та ўйинда 17та гол (ўртача: 1,06та)

 

- 2021 йил давомида бирданига 6 нафар футболчи ўз миллий жамоаси учун 9тадан гол урди: Карим Бензема (Франция), Антуан Гризманн (Франция), Лионель Месси (Аргентина), Ислом Слимани (Жазоир), Ву Лэй (Хитой) ва Эран Захави (Исроил).

- Ромелу Лукаку ва Роберт Левандовски - ўз терма жамоалари тарихидаги энг яхши тўпурарлар рейтингида яқин таъқибчиларини анча ортда қолдираётган пеш­қадамлар. Дейлик, Ромелунинг «қизил иблислар» либосида урган голлари сони 68тага етди (унинг энг яқин таъқибчиси Эден Азар ҳисобида атиги 33та гол бор). Левандовски эса Польша миллий жамоаси рақиблари дарвозасини 74 марта ўққа тутган (2-ўриндаги Гжегож Лято 26та голга эга).

- Криштиану Роналду 2021 йили миллий жамоа­лар даражасида барча даврларнинг энг сермаҳсул футболчисига айланди. Португалиялик юлдуз бу борада аввалига Али Даи рекордини, кейин ўзиникини ҳам янгилади. Хуллас, айни ҳолатда КриРо 115та хал­қаро голга эга. Тушунарлики, у ҳар бир кейинги голи билан жаҳон рекорди янгилайверади.

- Европада кўпчилик БАА футболининг супертўпурари ҳақида ҳеч нарса эшитмагандир, лекин йилига 14та гол Али Мабҳут учун чегара эмас. Дейлик, у 2019 йили рақиблар дарвозасини 19 марта нишонга олган. Умуман олганда, Мабҳут БАА миллий жамоасининг 98та ўйинида ўз номига 79та гол ёздириб қўйишга улгурди. Али ҳозир 31 ёшда, олдинда эса Ҳиндистон, Шри-Ланка ва бошқа заиф жамоалар билан бўладиган эҳтимолий ўйинлар етарли. Шундай экан, Роналдуга хитоб: «Имкон борича кўпроқ гол уриб ол! Али Мабҳут ҳали тўхтамайди!»

Изоҳ: статистикага Али Мабҳутнинг Араб Миллатлар лигасидаги кўрсаткичлари қўшилмаган.

- Гарри Кейн Англия термасининг 2021 йил тақвимига киритилган охирги 2та ўйинидан олдин 9та голга эга эди. Инглизлар ноябрда Албания ва Сан-Марино термаларини умумий - 15:0 ҳисобида доғда қолдиришди. Шу 15та голдан деярли ярми - 7таси жамоа сардори томонидан урилди.

- Мемфис Депайнинг ўйиннинг 90+1-дақиқасида Норвегия термаси дарвозасига урган голи нидерландлар учун ҳар томонлама муҳим бўлди. Биринчидан, жамоа 2021 йил ҳисобидан урилган охирги гол ортидан мундиалга боришини тасдиқлаб, енгил тин олди. Иккинчидан, Мемфиснинг ўзи Европа миқёсидаги ЖЧ-2022 саралашининг энг яхши тўп­урарлари рўйхатида Гарри Кейн билан тенглашиб олди. Асосийси, у 2021 йилнинг хал­қаро футбол йўналишида бош тўпурар бўлди - 17та гол.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz