Қайднома

Қидирув

Ван Марвейк: "Осиёда ҳаво иссиқдир, лекин ки¬йиниш хонаси тажрибаси бутун дунёда бир хил"

Ван Марвейк: "Осиёда ҳаво иссиқдир, лекин ки¬йиниш хонаси тажрибаси бутун дунёда бир хил"

  12.12.2021 06:06
  0
  304
Ван Марвейк:

Берт ван Марвейк футбол турнирлари мўъжизалари ҳақида кўп нарса билади. Бинобарин, нидерландиялик мутахассис энг катта саҳналарда ўз салоҳиятини синаб кўрган. Дейлик, у «лоларанглар»ни ЖЧ-2010 финалига олиб чиққанди. Берт ҳалигача ўша мундиални фаолиятидаги энг яхши тажриба сифатида таърифлайди. «ЖАР мундиали муҳим ва хилма-хил воқеаларга бой бўлганди, бу ҳақда жуда узоқ гапириш мумкин, - деди айни пайт БАА миллий жамоасини бошқараётган мураббий FIFA.com сайти мухбирлари билан суҳбат аввалида. - Айниқса, Нидерландия термасининг чорак финалда бразилияликларни енггани алоҳида саҳифа ҳисобланади. Шахсан мен ўша ўйинни ҳеч қачон унутмайман, чунки 1-сонияданоқ Бразилия термаси биздан икки баравар тезкорроқ кўринганди. Ўша паллада ёрдамчим Франк де Бурга нима деганим ёнимда: «Агар танаффусгача 0:1 ҳисобини сақлаб қолсак ҳам катта гап - бундан фақат хурсанд бўламан».

Тарихни варақласак, 2010 йили Нидерландия миллий жамоаси амалда худди шундай қилган, яъни танаффусга қадар 0:1 ҳисобини сақлаб қолганди. Иккинчи бўлимда эса Берт ван Марвейк дружинаси Уэсли Снейдердан илҳомланиб, мутлақо бошқа жамоага айланган. Хотиралар ва сабоқлар мураббий билан қолади, унинг бу борадаги фикри оддий:

- Мураббий сифатида футболчиларга ҳамиша ўзликни сақлаб қолиш кераклигини уқтираман. Лекин бу айтишга осон, амал қилиш эса анча қийин, айниқса, жаҳон миқёсидаги йирик турнирларда. Мисол учун, ўша мундиал чорак финали биринчи бўлимида ўзлигимизни йўқотиб қўйгандик батамом...

Муҳими, Берт ван Марвейк ҳамон ихтиёридаги жамоа ва футболчилар имкониятини кенгайтириш муаммосини ҳал этишдан шунчаки, завқланмоқда. Нидерландияликнинг 2010 йили олган тажрибаси, умуман, шундан кейинги юқори даражали мураббийлик фаолия­ти унинг Араб Миллатлар кубоги (АМК)-2021га ёндашувини ҳам белгилаб беради. Ван Марвейк қўл остидаги БАА термаси мазкур турнирга ливанликлар устидан қозонилган камтарин ғалаба (1:0) билан киришди. Айни шу ютуқ амирликларнинг ЖЧ-2022 саралаши якуний босқичига тааллуқли умидларини қайта жонлантирди. 69 ёшли мутахассис энди Қатарда давом этаётган турнирда бош соврин учун курашиш ҳақида баралла гапирмоқда. Мана, БАА термаси АМК-2021 стартида Сурия жамоасини 2:1 ҳисобида доғда қолдирди.

- Сўнгги ойларда БАА миллий жамоаси билан жиддий шуғулландингиз: октябрь ва ноябрь ойларида ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги 5та ўта жиддий ўйинда майдонга тушдинглар. Араб Миллатлар кубоги расмий ўйинлар фонида яхши синовми?

- Менимча, турнир биз учун жуда фойдали. Чунки ҳали ҳам миллий жамоани ривожлантириш жараёнидамиз. Демакки, мусобақа аввало, футболчилар учун айни муддао. Учрашувларнинг бўлажак мундиал мезбони ҳудудида, яна ЖЧ учун тайёрланган стадионларда ташкиллаштирилиши ҳам муҳит факт. Хуллас, АМК ташкилотчилар учун яхшигина синов вазифасини ўтаб беради. Ўтган йили Қатарда ташкиллаштирилган Форс кўрфази кубогида маълум тажриба-маълумот олдим. Хуллас, мамлакатда об-ҳаво шароити меъёрлаштирилиши, стадионлар ва майдонлар сифати жуда баландлигини яхши биламан. Ишонинг, энг муҳими - шу. Бироқ саралаш босқичи давомида шунчаки, чиройли футбол кўрсатишга имкон бермайдиган майдонларда ҳам тўп сурдик ва бу жиҳат ўйинимиз моҳиятини ўзгартириб юборди.

- Ливандаги ноқулай майдонда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, муҳим натижага эришдинглар. Бу нафақат ЖЧ йўлланмаси учун имконият масаласида, балки АМК-2021 олдидан жамоа руҳиятини кўтариш учун ҳам муҳим эди...

- Ўйин айни шу жиҳатлардан ўзига хос аҳамиятга эга бўлди. Чунки мағлубиятга учрасак, имкониятимиз кескин пасаярди. Ҳамма бундан асабийлашарди, албатта. Хуллас, барчамиз Ливандаги ўйин қанчалик муҳимлигини тушуниб тургандик. Учрашув натижаси ҳаммасини ижобий томонга ўзгартирди. Хусусан, жамоа кайфияти анча кўтарилди. Афсуски, ЖЧ саралашининг якуний босқичи стартида биздан омад очиқчасига юз ўгирди. Ҳар ҳолда, дастлабки ўйинларда статистика бўйича устунликка эришдик, лекин натижа бобида... Аниқроқ айтганда, ҳисобимизга ёзилиши керак бўлган камида 4 очкодан мосуво қолдик. Шунинг учун ҳам Ливандаги ўйин катта аҳамият касб этарди ва ижобий натижа жамоамизнинг ўрнидан қайта туришига ёрдам берди. Энди шогирдларим яна реал имконият юзага келганини яққол ҳис қилишмоқда.

- Баъзан бой берилган имкониятлар қимматга тушади. Қўл остингиздаги футболчилар билан тасодифий ўзгаришларга алоҳида эътибор берасизми?

- Менимча, омадсизлик устида ишлаш ва буни тўғрилаш осон эмас. Оддий мисол, голлар ҳақида гап кетганида, кўпинча ҳужумчилар ҳаракати муҳокама қилинади. Кўплаб топ-ҳужумчилар билан ишлаганман ва баралла айтаман, олдинги чизиқ вакилларида баъзан гол уролмаслик даври кузатилади. Самарасизликка қарши курашишнинг энг яхши усули эса, футболчилар билан омадсизликлари ҳақида гапирмаслик. Чунончи, ҳужумчи мураббийдан бой берилган имкониятлар ҳақида эшитишни ёқтирмайди. Чунки барчасини ўзи ҳам тушуниб туради! Яхшиси, ҳужумчини ўз ҳолига қўйиш керак, у жамоа учун зиммасидаги ишни бажарсин, охир-оқибат, голлар келади, барибир. Ҳамиша бир гапни такрорлайман: жамоа ўзига хос қуролга эҳтиёжманд. Хоҳ тезкор, кучли, креатив бўлсин, хоҳ ажойиб тўпурар. БАА термаси яхши таркибга эга, лекин асосий қуролларни йўқотиб қўйсак, муаммоларга дуч келишимиз ва ўйин савияси тушиб кетиши аниқ.

- Анчадан буён ОФК минтақасида ишлаяпсиз. Яъни БАА термаси бошқарувини қўлга олишдан олдин Саудия Арабистони ва Авс­тралияда ҳам мураббийлик қилдингиз. Бу нима берди?

- Яхшигина тажриба! Осиёда ҳаво иссиқдир, лекин ки­йиниш хонаси тажрибаси бутун дунёда бир хил. Маданият ва ҳарорат бўйича фарқ эса ўз йўлига. Муҳими, кийиниш хонаси ёки майдон четида туриш, жамоа билан ишлаш худди Европадагидек.

- АМК-2021га боғлиқ асосий мотивациянгиз нима: бош соврин учун курашми ёки жамоа тараққиёти?

- Катта турнирга киришдинг­ми, ғалабани хоҳлайсан, албатта. Тўғри, осон эмас, чунки турнирда кучли жамоалар етарли. Демак, АМК - катта синов. Лекин кураш майдонига энг кучли таркибни ташлайман. Хуллас, турнир ўрганиш ва ЖЧ саралаши доирасидаги охирги 4та ўйинга тайёргарлик воситаси саналсада, ҳар бир баҳсда ғалабани кўзлаймиз.

МУҲАММАДХОН тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz