Қайднома

Қидирув

Яна ўтган ҳафта ҳақида: Евротурнинг тиғиз ҳафтасидаги анвойи томошалар

Яна ўтган ҳафта ҳақида: Евротурнинг тиғиз ҳафтасидаги анвойи томошалар

  12.12.2021 14:04
  0
  290
Яна ўтган ҳафта ҳақида: Евротурнинг тиғиз ҳафтасидаги анвойи томошалар

Ортда қолган ҳафтада топ-чемпионатлар вакиллари ранг-баранг ўйинлар ва натижаларни қайд этишди. Етакчи бешликнинг 3тасида яна қўшалоқ турлар ўтказилгани боис, кутилган ва кутилмаган натижалар ҳам кўп бўлди. Шунингдек, бетараф мухлисни ҳам қизиқтириб қўядиган воқеалар юз берди.

Англия: Пешқадам таъқибчига айланди

Навбатдаги қўшалоқ тур етакчи трио учун муваффақиятли бошланди - «Челси» Уотфорддан, «Ман.Сити» Бирмингемдан 2:1 ҳисобидаги зафар билан қайтишди. «Ливерпуль» эса «Гудисон-Парк»даги Мерсисайд дербисида ҳам қаторасига 3-марта 4та гол урди. Фарқи, бу сафар ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олмади. 15-турда эса таъқибчилар 1 поғонага юқорилаб, карвонбоши 2 қадамга чекинди. Аввалги турда қимматли 2 очкони қўлдан чиқарган «Вест Хэм» («Брайтон»-1:1) «Челси»га қарши баҳсда чинакам иродани намойиш этиб, етакчини маҳв этди. Қизиғи, учрашув «кўклар»нинг фаоллигида бошланган, ҳисобни улар очишган ва мезбонлар пенальтидан мувозанатни тиклашларига қарамасдан, танаффусга қадар яна олдинга ўтиб олишганди. Бироқ 2-бўлимда устунлик «болғачилар» томонига ўтди. Охир-оқибат, улар Мендини яна 2 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этдилар. Ҳа, бунгача 14та ўйинда 6та гол ўтказиб юборган посбон 1 учрашувда 3та гол қабул қилди. Вулверхэмптон сари йўл олган «Ливерпуль» еврокубоклар ҳудудига чиқиб олган майдон эгаларининг ўта жиддий қаршилигига дуч келди. Лекин захирадан майдонга тушган Дивок Ориги қўшимча вақтнинг 4-дақиқасида меҳмонлар устунлигини таблода акс эттиришга муваффақ бўлди. Акс ҳолда, Клопп шогирдлари нурсиз дурангга имзо чекишга мажбур бўлишарди. Амалдаги чемпион сафарда «Уотфорд»ни ортиқча қийинчиликсиз таслим этди. Раҳим Стерлинг ва Бернарду Сильванинг аниқ зарбалари эвазига олдинга ўтиб олган жамоа танаффусдан кейин Сильва 3-голни ургач, янада хотиржамроқ тўп сурди. Майдон эгалари битта гол билан жавоб қайтариш билан мағлубиятни тан олдилар. Тақвим ҳукмига биноан «Олд-Траффорд»да аввал «Арсенал» устидан иродали (3:2) ғалабани расмийлаштирган «МЮ» кейин Фреднинг 77-дақиқадаги аниқ зарбаси эвазига «Кристал Пэлас»дан қимматли 3 очкони тортиб олди. Аввалги турда «Брентфорд»ни 2 гол билан меҳмон қилган «Тоттенхэм» бу гал аутсайдер «Норвич» дарвозасига 3та жавобсиз тўп йўллади. Агар «Бёрн­ли»га қарши кечиктирилган ўйинни инобатга олсак, «тақачилар»да «Вест Хэм» ўрнига кўтарилиб олиш имконияти мавжуд. Қўшалоқ турдаги эътиборли воқеалардан бири сифатида «Ньюкасл»нинг дастлабки ғалабасини эътироф этамиз. Аввалига «Норвич» билан жанговар (1:1) дурангга имзо чеккан «ҳаккалар» кейин юқоридаги ён қўшнилари - «Бёрнли» устидан камтарин ғалабани нишонладилар.

Испания: «Реал»узоқлашмоқда

Ҳисобот ҳафтасида 2та учрашув ўтказган «Реал» Мадридда «Атлетик»ни кичик ҳисобда (1:0) мағлубиятга учратди. 3 кундан кейин Сан-Себастьянда асосий таъқибчилар сафида бораётган «Реал-Сосьедад» дарвозасига 2та жавобсиз гол урди. Натижада 2 номдош жамоа ўртасидаги очколар фарқи 10тага етди. Афтидан, қаторасига 2 учрашувда имкониятни бой берган сан-себастьянликлар ғолибликка даъвогарлар рўйхатидан четда қолишгандек. Бу масалага навбатдаги турдаги «Бетис» - «Сосьедад» беллашуви ойдинлик киритиши мумкин. Ҳисобот тури Андалусия жамоалари учун омадли келди. «Севилья» ўз майдонида «Вильярреал»дан кичик ҳисобда зафар қучди, «Бетис» эса «Камп-Ноу»да «Барселона»ни Хуанмининг ягона голи эвазига мағлуб этди ва совриндорлар учлигига кўтарилди. Турга 2-поғонада етиб келган «Атлетико» ўз майдонида «Мальорка»га имкониятни бой бериб, фақат тўплар нисбатидаги устунлик эвазига етакчи квартетдаги ўрнини сақлаб қолди. Қизиғи, камтарин жамоани қабул қилган чемпион ҳисобни очиш учун 1 соатдан кўпроқ вақт сарфлади. Кейин шу устунликни сақлай олмади. «Мальорка» эса аксинча, сўнгги дақиқаларда фаолликни ошириб, 2 марта Ян Облак дарвозасини ишғол этди ва 2 поғона юқорига кўтарилиб олди.

Германия: Мана сенга олам-олам го-о-ол!

Кейинги учрашувлар қандай ўтишини олдиндан тахмин қилишнинг иложи йўқлиги боис, ортга назар ташлаган ҳолда 14-турни мавсумдаги энг сермаҳсул тур дейиш мумкин. Леверкузенда «Байер»га қарши майдонга тушган «Гройтер Фюрт» яна йирик ҳисобдаги мағлубиятини тан олди. Бу сафар «доришунослар» аутсайдер дарвозасини 7 марта ишғол этишди. Тўғри, меҳмонлар 1-бўлимда битта гол уришга муваффақ бўлишди. Лекин танаффусдан кейин Патрик Шик 27 дақиқа ичида «покер»га эришди. Турнир жадвалида «Байер»га қўшни бўлиб келаётган «Фрайбург» худди у билан ким ўзарга баҳс­лашаётгандек, «Боруссия-М» дарвозасига 6та жавобсиз гол урди. Боз устига, рақиб майдонида! Қизиғи шундаки, сермаҳсул ўйин 37 дақиқа давом этди. Ўртача олганда, ҳар 6 дақиқада биттадан гол. Кейин... сукунат, ҳатто 2-бўлимда ҳам бирорта гол уриш на майдон эгаларига, на меҳмонларга насиб этди.  «Сигнал Идуна-Парк»даги турнинг марказий беллашувида «Боруссия-Д» «Бавария»ни қабул қилди. Баҳс кутилганидан ҳам кескинроқ ва асабий тарзда кечди. Дастлабки 10 дақиқа ичида аввал мезбонлар, кейин меҳмонлар гол уришга муваффақ бўлишди. Танаффусга чиқиш арафасида чемпион рақиб ҳимоячисининг хатосидан фойдаланиб, 2-голни амалга оширди. Лекин танаффусдан кейин мезбонлар мувозанатни тикладилар. Ундан кейин эса ғалати воқеалар юз берди. Ўз жарима майдончаси ичида Лукас Эрнандес Марко Ройсга нисбатан ўйин қоидасини бузди, рақибининг оёғига орқа томондан тепди. Такрорий лавҳада бу яққол кўриниб турган бўлсада, ҳакам пенальти белгиламади. Табиийки, бундан норози бўлган Розе ҳакамга эътироз билдирди ва сариқ карточка билан жазоланди. Бир оздан сўнг, мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгиланганида, мураббий асабларини жиловлай олмади. Натижада ҳакам Розени ўйиндан четлатди. Дарвозабон тўп йўналишини топган бўлсада, Леваголнинг кучли зарбасини қайтара олмади. Шу тариқа «Бавария» асосий таъқибчисидан узоқлашиб олди. Асосий фаворитлардан бири бўлган «РБ Лейпциг» инқироз ҳолатидан чиқа олмаяпти. Бу гал жамоа Берлинда «Унион»га имкониятни бой берди.

Италия: Энди «руль» Милан грандларида

«А» сериясининг қўшалоқ турида ҳозир юқори 6 ўринни эгаллаб турган жамоалардан фақат «Наполи» 100 фоизли натижага эриша олмади. Неаполликлар сафарда грандлар кушандаси бўлмиш «Сассуоло» билан жанговар (2:2) дурангга имзо чекишгач, ўз майдонларида ҳужумкор «Аталанта»дан енгилишди. Қисқаси, таъқибчилар ўз очколарини 6тага ошириб олганларида, пешқадам атиги 1 очко билан кифояланишга мажбур бўлди. Натижада Генуядан 3:0 ҳисобидаги ғалаба («Женоа») билан қайтган «Милан» «Сан-Сиро»да «Салернитана»ни осонликча енгди ва етакчи бўлиб олди. «Интер» эса ўз майдонида «Специя» дарвозасига 2та, Римда «Рома» дарвозасига 3та жавобсиз тўп йўллади. «Аталанта» Неаполдаги зафардан аввал Бергамода «Венеция»ни 4та гол билан меҳмон қилганди. «Ювентус» Салернода «Салернитана»ни, Туринда «Женоа»ни бир хил ҳисобда маҳв этиш эвазига етакчи квартетга қўшни бўлиб олди. «Фиорентина» ўз майдонида «Сампдория»дан, сафарда «Болонья»дан устун келди. «Удинезе»га қарши баҳснинг қўшимча вақтида ғалабани қўлдан чиқарган «Лацио» Сампдория­дан 3 очко билан қайтди ва очколар бўйича «Рома»га тенг­лашиб олди.

Франция: Етакчилар учун омадсиз ҳафта

Дарҳақиқат, Лига-1 турнир жадвалининг дастлабки 7 поғонасини банд этган жамоалар қўшалоқ турида муваффақиятсизликка дуч келишди. Жумладан, таъқибчилардан анча олислаб кетган «ПСЖ» «Ницца» (0:0) ва «Ланс» билан (1:1) битимга имзо чекди. «Лилль»дан енгилган «Ренн» кейинги турда «Сент-Этьен» дарвозасини 5 бора ишғол этиб, йирик ғалабага эришди. «Ницца» эса «ПСЖ» билан нурсиз дуранг ортидан «Страсбур»дан 0:3 ҳисобида енгилди. Натижада жамоа ўз ўрнини «Марсель»­га бўшатиб берди. «Марсель» «Нант»ни енгиб, «Брест»дан енгилди. «Ланс» «ПСЖ»дан аввал «Клермон» билан ҳам очколарни баҳам кўрганди. Қўшалоқ турга 6-ўринда етиб келган «Анже» «Монако»га имкониятни бой бериб, «Реймс»дан устун келди. Князлик клуби «Анже» ортидан «Мец»ни ҳам маҳв этди. «Страсбур» «Ницца»дан аввал «Бордо»ни енгганди. Шу тариқа 100 фоизли натижага эришган «Страсбур» ва «Монако» «Анже» ва «Лион» ўринларига кўтарилиб олдилар.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz