Қайднома

Қидирув

Самандар Очилов: «Маош эмас, халқаро ўйин муҳим»

Самандар Очилов: «Маош эмас, халқаро ўйин муҳим»

  14.12.2021 03:03
  0
  266
Самандар Очилов: «Маош эмас, халқаро ўйин муҳим»

9 декабрь куни (бугун) Тожикистон кубоги финали доирасида «Хўжанд» ва «Истиқлол» жамоалари ўзаро куч синашишган. Мазкур учрашув арафасида хўжандликлар сафида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи Самандар Очилов билан суҳбатлашгандик.

- Самандар, «Хўжанд» мавсумни 2-ўринда тугатди. Таассуротлар қандай?

- Якунланган мавсум мен учун ҳам, жамоам учун ҳам омадли келди. Шартнома имзолаган вақтим «Хўжанд» олдига 2-ўринни олиш вазифаси қўйилганди. Негаки, «Истиқлол» Тожикистоннинг энг кучли ва таркиби жиҳатидан бақувват клуби ҳисобланади. Демак, улар билан рақобатлашиш осон эмас. Шунга қарамай, ушбу жамоага қарши ўйинларда тенгма-тенг ўйнадик. Қолган иштирокчилар ҳам чакки эмас. Раҳбарият томонидан қўйилган вазифани бажарган ҳолда, ОФК кубогида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдик. Тушунарлики, мавсумдан қониқдик.

- Тожикистон ва Ўзбекис­тон чемпионатларида фарқ борми?

- Бор, албатта. Тожикистонда доимий босим ва яккакурашларга катта эътибор қаратилади, бизда эса асосан техник маҳоратга. Барибир, бизнинг футбол устунроқ. Шунга қарамай, «Хўжанд» клубидаги фаолиятим орқали ўзимдаги камчиликларни кўриб олдим.

- «Хўжанд» таркибига қўшилишингиз қай тариқа амалга ошганди?

- Бу жамоада ўйнаб кетган танишларим орқали юзага келди. Айнан уларнинг тавсияга биноан «Хўжанд»га ўтдим. «Оқ-тепа»дан кетганимдан сўнг таклифларни кўриб чиқаётгандим. «Хўжанд»нинг ОФК кубогида иштирок этиши ҳам якуний қарор чиқаришимда алоҳида аҳамият касб этди. Чунки кучимни халқаро майдонда синаб кўриш истаги мавжуд эди. Бир сўз билан айтганда, шароитлар менга маъқул келди.

- Футболга кириб келишингиз қандай бўлган?

- Футболчи бўлишимга отам Файзулло Очилов сабабчи бўлган. 2-3 ёшлигимдан копток бериб, футболга меҳр уйғотишган. Дастлабки мурабби-йим ҳам айнан дадам бўлади. «Насаф» академиясида Дадажон Тоғаевдан футболдаги илк кўникмаларимни олдим. Кейинчалик «Пахтакор» ва «Бунёдкор» академиясида ҳам таҳсил олганман. Шу тариқа футболдаги фаолиятим бошланган.

- Сир бўлмаса, Тожикистондаги маошингиз қанча?

- Унчалик катта эмас. Ўзбекистон Суперлигасидаги ўртамиёна клублардаги билан деярли бир хил. Юқоридаги айтганимдек, мен маош учун эмас, балки халқаро майдонда тўп суриш истаги туфайли «Хўжанд»ни танладим.

- Хўш, маош ва мукофот пуллари берилишида узилишлар борми?

- Тожикистоннинг бошқа жамоаларидаги вазият қандай эканини билмадим. Бироқ бизнинг клубда молиявий томондан муаммо кузатилгани йўқ. Ўз вақтида маош ва мукофот пулларини олдик.

- «Хўжанд»да қоласизми ёки бошқа таклифлар борми?

- Олдиндан ҳеч нима дея олмайман. Барчасини тез орада ҳал қилмоқчиман. Таклифларга қараб, келгусида қайси жамоада тўп суришим маълум бўлади.

- «Насаф» клуби тарбияланувчиларидан бирисиз. «Аждарлар» сафида ўйнаб кета олмаганингизга нима сабаб бўлган?

- Клубда тарбия топдим. Ўринбосарлар сафида тажриба тўпладим. Афсуски, асосий таркибда ҳам Рўзиқул Бердиев имконият берган бўлса-да, тақдир экан, ўйнаб кета олмадим. Қачондир яна «Насаф»га қайтиб, ушбу клуб сафида тўп суришни истайман.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz