Қайднома

Қидирув

Усмонали ИСМОНАЛИЕВ: «Сурерлигадан таклифлар йўқ эмас»

Усмонали ИСМОНАЛИЕВ: «Сурерлигадан таклифлар йўқ эмас»

  16.12.2021 05:24
  0
  261
Усмонали ИСМОНАЛИЕВ: «Сурерлигадан таклифлар йўқ эмас»

Якунланган мавсум водийнинг икки клуби - «Андижон» ва «Турон» Суперлига билан хайрлашди. Ваҳоланки, андижонликлар янги ҳомий ёрдами билан мураббий Виктор Кумиков ва хорижлик футболчиларни жамоага жалб этишганди. Аслида «Андижон» пешқадам «Пахтакор»ни енгганидан кейин кўпчилик «бургутлар»нинг элитада қолишларини тахмин қилганди. Бироқ якун ўхшамади. Омадсизликка қарамай, жамоа сафида яхши таассурот қолдирган йигитлар бор. Жумладан, ҳимоячи Усмонали Исмоналиев айни пайт Суперлиганинг қатор клублари эътиборида турибди. Қизиқ, Усмоналининг ўзи бу ҳақда нима дейди?

- Усмонали, «Андижон» ҳарчанд уринмасин, элита билан яна хайрлашди. Сизнингча, жамоага нима етишмади?

- Жамоамизнинг якуний натижасини инобатга олмасак, мавсум аслида ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Бизга нима етишмади? Биринчи навбатда, барқарорлик. Ҳар ҳолда, бир қатор баҳсларда ҳеч ким кутмаган тарзда очколарни бой бердик. Яна омад ҳам юз ўгирди кўп ҳолларда. Чунончи, ўйин жиҳатидан бирор рақибдан қолишганимиз йўқ. Дейлик, «Пахтакор»ни бежиз мағлубиятга учратмадик. Бироқ оддийроқ учрашувларда шундай характерни кўрсата олмадик. Бор гап шу.

- Айтингчи, «Андижон»­нинг Суперлигада қолишига халақит берган қандайдир омиллар ҳам борми?

- Тажриба камлигидан оддий хатолар кўп учради. Хусусан, бир неча ўйинда ҳисобда олдинда бора туриб, натижани сақлаб қололмадик. Мисол учун, АГМКга қарши баҳсда 2та гол фарқи билан устунликка эга бўла туриб, якунда мағлубиятга учрадик...

- Энди режалар қандай - «Андижон»да қоласизми ёки...?

- Клуб билан тузган шартномам муддати якунланди. Ҳозирча янги келишув ҳақида гаплашганимиз йўқ. Барчасига яқин орада ойдинлик киритилади.

- Эшитимизча, Суперлиганинг бошқа жамоаларидан таклифлар олгансиз...

- Ҳа, жамоамиз элитадан тушиб кетганига қарамай, таклифлар йўқ эмас. Лекин ҳали бирор жамоа билан музокара бошламадим. Ҳозирда оилам даврасида ҳордиқ чиқаряпман. Таътил тугасин, кейин кўрамиз.

- Сир бўлмаса, қайси жамоалардан чорлов бор?

- Ҳозир клублар номини айтишдан маъно йўқ. Чунки ўзим ҳали бир тўхтамга келмадим. Озгина сабр қилиш керак.

- Сизнингча, «Андижон»­ни Суперлигага тезроқ қайтариш учун нима қилиш керак?

- Бу саволга раҳбарият ёки бош мураббий жавоб бергани маъқул. Фақат шуни айтишим мумкин, жамоада жонкуяр мухлислари кўп. Улар «Андижон» ҳамиша Суперлигада ўйнашини исташади. Муҳими, жамоада моддий томондан жиддий муаммо йўқ. Ҳа, бу йил маош борасида узилишлар бўлди, лекин барчаси қисқа вақтда ҳал қилинди. Демоқчиманки, раҳбарият имкон қадар яхши шароитлар яратмоқда. Энди камида 3-4 йиллик режа асосида жамоа шакллантирилса, бас. Ўйлайманки, «Андижон» яқин орада, эҳтимолки, кейинги мавсумдаёқ Суперлигага қайтади.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz