Қайднома

Қидирув

Осиё футболи юлдузлари: Такахиро - «тўпчилар» таянчи

Осиё футболи юлдузлари: Такахиро - «тўпчилар» таянчи

  16.12.2021 08:29
  0
  271
Осиё футболи юлдузлари: Такахиро - «тўпчилар» таянчи

«Арсенал» ёзги трансферлар бозорида омадли харидни амалга оширди - «тўпчилар» япониялик Такахиро Томиясу учун «Болонья»га 16 млн. фунт тўлашдан қочишмади. Мана, 23 ёшли ҳимоячининг баҳоси қисқа вақтда камида 2 баравар ошди. Асосийси, у «Арсенал» тарихида япон футболининг дастлабки жиддий намояндасига айланди. Ўзи япониялик мухлисларни назарда тутсак, «кунчиқар юрт» футболи - Европанинг ҳар қандай кучли клуби учун ўта манфаатли ва қизиқарли бозор. Бироқ меҳнаткаш японлар меҳрини қозониш осон эмас. Ҳар ҳолда, бу юртда клубнинг миллионлаб формасини пайдар-пай пуллаш учун таркибга биргина футболчини қўшиб олишнинг ўзи камлик қилади. Японлар ўз йигитларининг меҳнати қадрланиши ва кенг тан олишини истайдилар. Айни шу сабаб ўлароқ, улар «Арсенал»га жиддий қарашмасди. Бинобарин, «тўпчилар» бунга қадар 3 нафар япониялик футболчи - Юничи Инамото, Ре Мияити ва Такуму Асанони харид қилишган, лекин улар лондонликлар либосида жами атиги 11 марта майдонга тушишган, холос. Томиясунинг эффектли ўйини шу маънода ҳам жуда муҳим.

Мана, Такахиро Томиясунинг самарали ҳаракатлари ўлароқ, японияликларда «Арсенал»га нисбатан қизиқиш қайта жонланди. Лондонликлар уни 31 август куни ўз таркибларига қўшиб олишди. Шундан кейин жамоа қаторасига 10та ўйинда мағлубиятга учрамади - жиддий ва салмоқли ижобий ўзгариш. Такахиро Япониянинг шимолий соҳилидаги Кюсю оролида жойлашган Фукуока шаҳрида туғилган. Болалигидан спортга меҳр қўйган йигитча аввалига опалари билан бирга сузиш тўгарагига қатнайди. Лекин югуриш йўлакчасида йиқилиб, жағидан жароҳатланади ва сув спорти маш­ғулотларини тўхтатиб туришига тўғри келади. Мажбурий танаффусда зериккан Такахиро Фукуокадаги «Барселона» футбол мактабига боради. Қарангки, йигитча майдондаги ҳаракатлари билан тезда мураббийлар эътиборини тортади. Аввалига уни марказий ҳимоячи ролида ўйнатишади, ке­йинчалик эса ҳужумкорлик салоҳиятини пайқаб, ўнг қанотга ўтказишади. Томиясу шу тариқа керакли пайт ҳимояланиб, зарур паллада ҳужумга ўтиш кўникмасини ҳосил қилади.

Орадан бир неча йил ўтгач, Фукуока мактаби мутасаддилари Такахирони «Ла Масия»га тавсия этадилар. Бироқ унинг Каталонияга йўл олишига Испанияда мавжуд айрим бюрократик расмиятчиликлар имкон бермайди. Томиясу шундан сўнг маҳаллий «Ависпа Фукуока» клуби академиясига ўтади ва 12 ёшида U-15 жамоасидан жой олади. Яна 1 йилдан кейин эса, асосий жамоа таркибида Япония чемпионати Иккинчи дивизионида дебютини нишонлайди. Шунингдек, «Император кубоги» турнирида иштирок этади. Томия­су шу аснода 18 ёшидаёқ «Ависпа»нинг етакчи футболчилари қаторига киради. Японияда бундай ёшда жамоанинг асосий таркибидан жой олиш кам учрайди. Бинобарин, японлар аввал билим олиш, шундан кейин футболга вақт ажратишга одатланишган.

2018 йилнинг январида ҳали 20 ёшга тўлмаган ҳимоячи ўз савиясини ошириш учун Европага йўл олиши зарурлигини тушанади. Якунда Томиясу 800 минг евро эвазига Бельгиянинг «Сент-Трюйден» клуби таркибига қўшилади. Лекин йигитча «кўҳна қитъа»да тил билмаслик муаммосига дуч келади. Чунончи, жамоада француз ва нидерланд тиллари устувор эди. Натижада мутасаддилар Томиясу учун алоҳида инглиз тили ўқитувчиси ёллайдилар. Турган гапки, «Сент-Трюйден» раҳбарлари Такахиронинг юксак салоҳиятини тезда пайқашган ва кейинчалик унинг трансферидан катта фойда кўришни кўзлашган.

Вақтида инглиз тилини ўргангани Томиясуга энди анча қўл келмоқда. Дейлик, у «Арсенал» мухлисларига инглизчада салом йўлламоқда, аммо равон йўлга чиқишигача Бельгия­да анча тер тўкишига тўғри келганди. «Сент-Трюйден» футболчиларининг айтишларича, мураббийлар Томиясуга узатмалари талаб даражасида эмаслигини айтишгач, у ҳар куни машғулотлардан кейин қўшимча шуғуллана бошлаган. Буни кўрган мураббийлар япониялик меҳнаткаш йигитга меъёридан кўп ишламаслиги ва кучини тежаши ҳақида маслаҳат беришган. Томиясунинг меҳнатсевар ва тиришқоқлигига далил ўрнида бир воқеа: 2018 йилнинг ноябрида ҳимоячи Япония терма жамоаси йиғинидан кичик жароҳат билан қайтади. Ўша пайт «Сент-Трюйден»ни Бельгия миллий лигасида «Андерлехт»га қарши ўта муҳим учрашув кутиб турганди. Мураббийлар узоқ сафардан қайтган японияликка жисмоний ҳолати хусусида савол беришганида, у иккиланмай майдонга тушишга тўлиқ тайёр эканлигини айтади. Мураббийлар тиббий хулоса ва футболчининг жавоби бир-бирига тўғри келмаётганидан ҳайрон қолишади, лекин якунда уни бошланғич таркибга қўшишади, барибир. Эътиборли томони, ҳимоячи ўша ўйинда гол уриб, жамоасининг фаворитни 4:2 ҳисобида маҳв этишида муносиб роль ўйнаганди.

Муҳим факт: Томиясуга кучли клублар эътиборини тортиш учун Бельгия чемпионатидаги бир мавсум кифоя қилди. Аниқроқ айтсак, япониялик ҳимоячи 2019 йилнинг январида Германиядан таклифлар олди. Лекин «Трюйден» мутасаддилари уни ёзгача қўйиб юбормасликни маъқул топишди. Кейин Томиясу учун бошланган муросасиз курашда омад камтарин «Болонья»га кулиб боқди - Италия жамоаси Такахирони 7 млн. евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Айтишларича, ҳимоячи олдида ўша пайт ҳам АПЛ варианти бор эди, аммо унинг ўзи аввалига салоҳиятини «А» серияда синаб кўришга қарор қилган. Таъкидлаш жоиз, қитъадошимиз Италияда узоқ қолиб кетмади, 2 мавсум давомида «Болонья»да етакчи ҳимоячи сифатида гавдалангач, унга харидорлар анча кўпайди. Ваҳоланки, Томия­су саломатлигига боғлиқ муаммолар ортидан «А» серия доирасидаги 15та ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Асосийси, 61 марта майдонга тушиб, жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Томиясу Япониянинг барча ёш тоифасидаги терма жамоаларида майдонга тушишга улгурди. Унинг бу юриши мамлакатнинг U-15 жамоасида бошланган эди. «Арсенал» ҳимоячисининг Япония миллий жамоасидаги статистикаси ҳам зўр: 28та ўйинда 1та гол. Хуллас, у - Европага йўл олиб, савияли футболчи бўлишни орзу қиладиган япониялик ёш иқтидорларга чинакам намуна. Айнан Томиясунинг ўйинлари самараси ўлароқ, европалик скаутларда япон футбол бозорига қизиқиш янада кучайди. Масалан, биргина «Сент-Трюйден» сафида 7 нафар япониялик футболчи (!) тўп сурмоқда. Ахир қисқа вақт ичида АПЛнинг номдор жамоа­си сафидан жой олган Томиясу айнан шу жамоадан парвозга кўтарилган-да. Мана, у ҳозир «тўпчилар» тарихидаги япониялик дастлабки самарали футболчи бўлиб турибди.

 Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz