Қайднома

Қидирув

Эътироф: Ёрқин ижрочи, фақат термадан четда...

Эътироф: Ёрқин ижрочи, фақат термадан четда...

  17.12.2021 03:33
  0
  251
Эътироф: Ёрқин ижрочи, фақат термадан четда...

Жорий мавсум Бундеслигада энг ёрқин ўйинчилар қаторида бораётган Кристофер Н`Кунку «РБ Лейпциг»даги кўплаб жамоадошларидан фарқли ўлароқ, ҳамон миллий жамоалар футболидан четда. Франция термаси бош мураббийи Дидье Дешам уни охирги йиғинга ҳам жалб этмади негадир. Ваҳоланки, «ПСЖ»нинг собиқ аъзоси айни пайт мукаммал даражада тўп сурмоқда. Умуман, франциялик футболчи яқин орада хўроз тасвири туширилган либосни кийса керак, барибир.

«РБ Лейпциг»нинг ҳужумкор услуби - айни муддао

Н`Кунку охирги вақтлар майдонда чиндан ҳам, ажо­йиб ҳаракатланмоқда. Мисол учун, Кристофер яқинда Дорт­мунд «Боруссия»сига қарши кечган муҳим баҳсда 1та гол уришдан ташқари, ҳақиқий футбол «санъат асари»дан бир парча кўрсатди - рақиб жарима майдони ичида устма-уст икки марта намойиш этилган «Зидан финти»га бошқача таъриф камлик қилади. Ҳам жозибадор, ҳам самарали ҳаракат. Тўғри, унинг зарбасига озгина аниқлик етишмади. Айни шу лавҳа Н`Кункунинг сўнгги ойларда тобора яққолроқ кўринаётган фазилати - ўзига нисбатан кучли ишонч ҳиссини тасдиқлайди. Буни дадиллик сифатида таърифлаш ҳам мумкин. «РБ Лейп­циг»­нинг собиқ бош мураббийи Жесси Марш октябрь ойида Крисни алоҳида мақтаб, қисқа ва лўнда гапирганди: «Очиғи, унда заиф жиҳатлар йўқ». Франциялик футболчи шундан буён «қизил буқалар» ҳужумига янада кучлироқ таъсир кўрсатмоқда. Кристофер «РБ Лейпциг» сафига 2019 йилнинг ёзида қўшилди ва дарҳол муҳим ижрочилардан бирига айланди. Рақамларда айтсак, у дастлабки 2 мавсумда нақ 84 марта майдонга тушди. Жамоа­да бошқа бирор майдон ўйинчиси бунчалик кўп ўйинда қатнашмаганини алоҳида айтиш жоиз.

Жорий мавсум Н`Кункунинг ҳужумкорликка таъсири янада кучайди. Футболчи Германияда аввалига аниқ узатмалари билан эътиборга тушганди. Дейлик, 2019 йилдан буён Бундеслигада голга ассистентлик қилиш бобида фақат Томас Мюллер (75 марта), Филип Костич (30 марта) ва Жейдон Санчо (27 марта) ундан яхшироқ натижа қайд этишди. Муҳими, ортда қолган вақтда 23та самарали узатма муаллифига айланган креатив футболчи энди снайперлик бобида ҳам ажралиб турибди.

 

Тўпурарлик бобида ижобий ўзгариш

Кристофер Н`Кунку жорий мавсум барча мусобақалар ҳисобидан «РБ Лейпциг»нинг етакчи тўпурари бўлиб турибди - 14та гол. Унинг ҳисобида яна 9та самарали узатма ҳам бор. Жамоанинг иккинчи сермаҳсул аъзоси - Доминик Собослаи «Гол+пас» тизими бўйича францияликдан нақ 13 балл ортда қолмоқда (9 декабрь кунги ҳолат бўйича). Хуллас, аввалги 2 мавсум дои­расидаги 84та ўйинда 12та гол урган Крис энди 20та учрашувдаёқ бу маррадан ўзиб кетди. Франциялик футболчи айниқса, уй учрашувларида шоу кўрсатишни ёқтиради. У «Ред-Булл Арена»да мухлисларга 7та гол улашишга улгурди. Кучли чемпионатлар вакилларидан фақат Роберт Левандовски («Альянц-Арена»да 12та гол) ва Карим Бензема («Сантьяго Бернабеу»да 10та гол) ўз клубларининг уй учрашувларида яхшироқ натижага эгалар.

 

Ҳимоячилар учун тунги ваҳима

Н`Кунку тезкор рейдлар натижасида дарвозани ишғол этиш бобида (12та гол) «Бавария» вакили Лерой Сане билан бирга етакчилик қилмоқда. Жесси Марш даврида жамоа услубининг ўзгаргани Н`Кунку ўйинига ижобий таъсир кўрсатди. Чунончи, у Юлиан Нагельсманндан фарқ­ли равишда, «қизил буқалар»ни вертикал футболга қайтарди. Натижада Крис бевосита рақиб дарвозаси олдида тўп билан нисбатан кўпроқ муомала қилиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, футболчининг қулай вазиятлардан фойдаланиш кўрсаткичи 13дан 31 фоизга кўтарилди. Крис яна яратувчанлик маҳоратини ҳам ошириб бормоқда. У ҳозирга қадар Бундеслига баҳсларида 19 марта қулай вазият юзага келтирди. Бу лигадаги 4-юқори кўрсаткичдир.

 

ЕЧЛда ҳам дадиллик

ЕЧЛ - навқирон, иззатталаб ва ижобий маънода дангалчи футболчилар учун ажойиб синов. Ички мусобақаларда ажойиб натижаларга эришаётган футболчининг халқаро аренада довдираб қолиши - тез-тез учрайдиган ҳолат. Бунинг сабаблари турлича, албатта. Н`Кунку эса нуфузли турнирда ҳам «РБ» учун муҳим ижрочи эканлигини тўлиқ исботлади. 7та гол ургани барчасини кўрсатиб турибди. Тўғри, «қизил буқалар» турнирнинг «плей-офф» раундига ўтолмадилар, лекин чакки таассурот уйғотмадилар. Жамоа вакиллари «Манчестер Сити»дан қабул қилинган аламли мағлубият (1-турда - 3:6)ни тезроқ унутишни хоҳлаган бўлсалар, Крис ўша учрашувни мудом ёдда сақласа керак. Ахир у «РБ Лейпциг» учун ЕЧЛда «хет-трик» қайд этган тарихдаги биринчи футболчи бўлди. Бундан таш­қари, дастлабки 4та учрашувда 5та гол уриш билан жамоа рекордини ўрнатди - ундан аввал ҳеч қайси футболчи ЧЛ мавсумида бундай сермаҳсулликка эришмаганди.

 

Алло, Дидье Дешам?

Крис учун ягона армон - Франция терма жамоасидаги дебют. Шунчалик ишончли ўйин­лар ҳам футболчининг мамлакат бош жамоаси сафига қўшилишига кифоя қилгани йўқ. Бош мураббий Дидье Дешам ҳозирча жим. Ахир унинг ихтиёрида Килиан Мбаппе, Кингсли Коман, Антуан Гризманн ва Карим Бенземадек ҳужумкор ижрочилар бор. Ҳа, Франция футболи савияли ҳужумчиларга тўла эканлигига шубҳа йўқ. Аммо тан олиш керак, айни ҳолатда кўплаб ҳужумчилар спорт формаси бобида Н`Кункудан ортдалар. Дейлик, Мусса Диабининг охирги вақтлар термадан мунтазам чорлов олгани айримларни роса ажаблантирди. Ҳеч қандай шахсий адоват йўқ, лекин...

Диққат қилинг, жорий мавсум франциялик футболчилардан биргина Бензема қаҳрамонимиздан кўпроқ гол урди. Икки футболчи ўртасидаги фарқ шуки, Карим марказий ҳужумчи позициясида тўп суради. Нима бўлганда ҳам, баралла тахмин қилиш мумкин: Крис яқин орада Франция терма жамоасидан таклиф олади, барибир. Ҳар ҳолда, Дидье Дешам «РБ Лейпциг» вакили ўйинидаги ижобий ўзгаришлардан хабардор эканлигини таъкидлаб, илиқ фикрлар билдирди: «Н`Кунку доимий эътиборимизда. Унда терма жамоага кириш учун имконият етарли, чунки чиндан ҳам, қизиқарли ўйин намойиш этмоқда. Хуллас, Крисни ҳозиргача йиғинга чақирмаган бўлсакда, футболчига жиддий номзод сифатида қараяпмиз. Фақат шундай кўтаринки кайфият билан сермаҳсул тўп суришда давом этса, бас». Демак, воқеалар ривожини кузатамиз, барчасини вақт кўрсатади, албатта.

МУҲАМАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz