Қайднома

Қидирув

Константинос МАВРОПАНОС: «Роналдиньо ўзгача эди-да, барибир...»

Константинос МАВРОПАНОС: «Роналдиньо ўзгача эди-да, барибир...»

  24.12.2021 09:49
  0
  277
Константинос МАВРОПАНОС: «Роналдиньо ўзгача эди-да, барибир...»

Греция миллий жамоаси ва «Штутгарт» клуби ҳимоячиси Константинос Мавропанос ҳамон бразилиялик Роналдиньони тарихдаги ўзгача футболчи сифатида таърифлайди. У яна «Арсенал»даги фаолиятини тез-тез эсга олади. Грециялик футболчи Goal ва Spox нашрларига берган интервьюсида шулар ҳақида гапирди ва Германия клубига нисбатан муҳаббати сабабини ҳам тушунтирди 

Кумирлари

- Ота-онамнинг айтишларича, энди юра бошлаганим билан тўпга талпинган эканман. Аслида баскетболга ҳам қаттиқ қизиқаман, лекин бошиданоқ футболга муҳаббатим кучли қилган. Бу ўйинга шу даражада меҳр қўйганманки, энг оддий ўйинлар трансляциясини ҳам қолдирмасдим. Умуман, болалигимда қоронғи тушгунча кўчада тўп тепардик. Илк футболкамни ҳалигича яхши эслайман. Биринчи буюк қаҳрамоним - Роналдиньо. Унинг футболкасини биринчи марта кийганимда, осмон узра учгандим, гўё. Роналдиньо «Барса»да чиндан ҳам, ақл бовар қилмас ҳаракатларни амалга оширарди. Айнан у туфайли «Барса»га мухлислик қилардим. Қандай ажойиб давр... Ҳимоячиларга келсак, Паоло Мальдинига ҳавас ва ҳурмат билан қарардим. У ҳақиқий жангчи эди. Лекин Роналдиньо ўзгача эди-да, барибир. Агар менга қайсидир машҳур инсон билан учрашиш ва суҳбатлашиш имконияти тақдим этилса, ҳеч иккиланмай, айнан Роналдиньони танлардим. Шунингдек, Леброн Жеймс ва Яннис Адетокунбо билан ҳам суҳбатлашишдан асло қайтмасдим.

 

Болалиги

- Ота-онамнинг ёрдамисиз ҳозирги даражага чиқолмасдим. Кўплаб футболчилар асосан спортчилар оиласидан чиқишган. Яъни уларнинг онаси ёки отаси спорт билан шуғулланган, лекин менда бундай эмас. Ота-онам профессионал спортдан узоқдалар, шунинг учун улар бу борада ўз тажрибалари билан ёрдам беролмадилар. Лекин тўғри йўналиш олишимда катта роль ўйнашди, барибир. Яъни спорт фао­лиятида ҳам муҳим саналган муҳим маслаҳатлар-сабоқлар беришди. Уларга ҳамиша қалбан амал қиламан. Дейлик, ота-онам миямга машаққатли меҳнатсиз бирор нарсага эришиб бўлмаслигини сингдиришган. Яна ҳар қандай вазиятга тайёр туришни ўргатишди. Зеро, ҳаётда ёмон кунлар содир бўлади, бунда бошингизни тик кўтариб, ўзингизга ишонишингиз муҳим. Акс ҳолда, тўғри йўлдан четга чиқиб кетишингиз ҳеч гап эмас.

 

«Арсенал»га ўтиши

- Оҳ, ақл бовар қилмайдиган кун. Барчасини жуда яхши эслайман. Лондонга йўл олишга қадар Грецияда «ПАС Яннина» сафида 6 ой муваффақиятли ўйнагандим. Янги йил арафасида, аниқроғи, 31 декабрь куни клубдан қўнғироқ қилиб, «Арсенал» мени сотиб олмоқчи эканлигини айтишди. 1 январь куни эса шартнома тузиш учун Лондонга парвоз қилдим. Эсимда, ўта асабий эдим. Ахир «Арсенал»дек катта клуб тўсатдан қизиқиш билдирганидан бироз довдираб қолгандим. Бу мен учун - алоҳида саргузашт. Хуллас, илк марта ватандан ташқарига чиқдим ва Лондондек космополит шаҳарга, яна катта клубга тушиб қолдим. Тасаввур қилинг, кийиниш хонасига кирасиз ва у ерда сиз аввал фақат телевизорда кўрган Пьер-Эмерик Обамеянг каби юлдузларни кўрасиз. Фантастик ҳолат. Кейинги мавсум Сократиснинг «Арсенал» сафига қўшилиши мен учун олтинга тенг бўлди. У ҳақиқий устоз эди - нафақат майдон, балки ташқарида ҳам. Масалан, ҳимоявий ўйинни тушуниш борасида ҳам катта ёрдам берди.

Албатта, дебют ўйинимни ҳеч қачон унутмайман: «Олд Траффорд»да «МЮ»га қарши! Ўшанда кимсан Ромелу Лукакуни қўриқлашим талаб этилганди. Шу кунгача ҳеч қачон ундан кучлироқ ҳужумчига қарши ўйнамаганман. Ҳа, Бундеслигада «Бавария» ва «Боруссия» Д. каби рақиблар бор, лекин мен майдонда дейлик, Роберт Левандовски ёки Эрлинг Холанд билан бирор марта тўқнаш келмаганман. Шундай экан, Лукаку ҳозиргача энг кучли ва мураккаб рақибим бўлиб қолмоқда. Унинг жисмоний ҳолати жуда зўр, техник салоҳияти ҳам.

 

«Гладиатор» лақаби

- «Гладиатор» лақабини менга Пеллегрино Матараццо берган. Лекин бу ҳақда гапиришни унча ёқтирмайман. Чунки ўзимга баҳо беришим ножоиз. Аслида қандайдир таққослашларга қарши эмасман. Биламан, айрим мутахассислар мени машҳур Траянос Деллас билан солиштиришади. Бу катта шараф, албатта. Ахир Деллас Греция қаҳрамони. 2004 йили расмийлаштирилган Европа чемпионлигида унинг хизмати беқиёс. Шундай экан, мени Деллас билан қандайдир боғлиқ ҳолда тилга олишларидан фақат қувонаман. Ундан кўпроқ гол ура оламанми? Ўзи менда рақиблар дарвозасини нишонга олиш иштиёқи жуда кучли. Болаликда позициянгиздан қатъий назар, олдинга югурасиз ва гол уришни хоҳлайсиз. Ҳеч қачон ҳужумга қўшилишни пайсалга солмасдим. Тўғри, ҳимоячи сифатидаги энг муҳим вазифам рақиб ҳужумларини бузиш ҳисобланади. Аммо ҳужумчи ролини бажариш имконияти туғилса, айниқса, стандарт вазиятлар пайти олдинга интилавераман, албатта.

Ҳали ўз устимда кўп ишлашим керак, яхшиланиши зарур жиҳатлар етарли. Муайян бир элемент ҳақида гапириш тўғри эмас. Ҳар жабҳада мукаммалликка интилиш талаб этилади. Дейлик, тактик жиҳатдан тўп ва тўпсиз ҳаракатланиш борасида ҳали энг юқори нуқтага кўтарилганимча йўқ. Шунингдек, жамоамиз психологи билан алоҳида ишлайман, у айниқса, тикланиш бўйича катта ёрдам беради. Жисмоний ҳолат муҳим, барибир. Зеро, орада жароҳат туфайли оғир кунларни бошдан кечиришимга тўғри келди, ёқимсиз ва мураккаб жараён. Асосийси, аччиқ тажрибалар асносида танамни теранроқ тушуна бошладим. Танангизга нима керак ва нима ортиқча? Умуман, танангизни тинглашнинг энг яхши усули қандай? Яхшики, энди бу йўналишда ҳам маълум тушунчага эгаман.

 

«Штутгарт» мухлислари

- Жамоамизнинг барча мухлисларини ишонтириб айтаманки, бизнинг муҳаббатимиз ўзгача. Шахсан мен фанатлар билан алоҳида алоқа борлигини яққол ҳис қиламан. Бу жуда кўп нарсани англатади. Мухлисларнинг жамоани қўллаб-қувватлашлари ҳайратланарли. Умумий манзара футболчига майдонда ҳақиқий туртки беради. Келажакда мени нима кутаётганини билмайман, лекин биламанки, «Штутгарт»да ўзимни ниҳоятда эркин сез­япман. Оддий айтганда, бу ерда роҳатланяпман, муҳит ажойиб. Албатта, клубда узоқ вақт қолишни хоҳлайман.

 

Мақсади

- Асосий мақсадлардан бири - Греция миллий жамоа­си таркибида ўз ўрнимни топиш ва йирик турнирларда иштирок этиш. Афсуски, Қатар-2022 мундиали йўлланмасини қўлга киритолмадик. Лекин ишонаманки, биз тўғри йўлдамиз, Грецияда иқтидорли йигитлар етарли, фақат бизга бироз вақт керак.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz