Қайднома

Қидирув

Ракурс: «Роналду стайл» тарихи

Ракурс: «Роналду стайл» тарихи

  26.12.2021 12:12
  0
  281
Ракурс: «Роналду стайл» тарихи

Яқинда Криштиану Роналду фаолиятидаги 800та голли маррадан ўтди. Сўнгги саккиз йилдан буён португалиялик юлдуз голларини ўзига хос услубда нишонлаб келмоқда - катта тезлик олади, юқорига сакрайди, ҳавода айланади ва баланд овозда «Siii» (испанчада - «Ҳааа!») деб ҳайқиради.

Кришнинг бу нишонлаши катта шуҳрат қозонди. Уни кўпчилик футболчилар ва спортнинг бошқа тури вакиллари, шунингдек, болалар ҳам такрорлашади, фанатлар уни яхши кўришади. Тўғри, Роналдуга хос бу қилиқни такаббурлик деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳар ҳолда, бу Роналдиньонинг самба ва бармоқ ўйнатиши ва Бэйлнинг «юраги»дан машҳурроқ. Қу-йида Роналду ушбу ўзига хос ҳаракатни қандай ўйлаб топгани ҳақида маълумот оласиз.

Криштиану айни тарздаги гол нишонлашни илк бор «Реал»нинг АҚШдаги йиғини пайти қўллаганди. 2013 йилнинг августида мадридликлар океан ортида шуғулланишган, Халқаро чемпионлар кубогида қатнашишганди. Карло Анчелотти жамоаси финалгача етиб бориб, финалда «Челси»га тўқнаш келганди. Мазкур баҳс «Реал» учун осон кечди - 3:1. Барчасини Кришнинг «дубли» ҳал қилди ва у барчага «Роналду стайл»ни намойиш этди.

Ўшанда бу қилиқ бироз чалароқ кўриниш олганди. Криш ҳавода айланмади, сакраш эса камтарона бўлган. Вақт ўтгани сайин Роналду нишонлашга сайқал берди. 180 даража айланишдан ташқари, португалия-лик ерга оёқларини кенг қўйган ҳолда «қўниш»ни ҳам қўшди. Перформанс «Реал» фанатларига шу қадар ёқиб қолдики, тез орада улар Криш билан биргаликда «Siii» деб ҳайқиришга одатланишди. Фотографлар эффектли кадрни ушлашарди, стадиондаги мухлислар эса жараёндан роҳатланишарди.

Роналду гол нишонлашининг пайдо бўлиши ҳақида 2019 йилнинг декабрида гапирганди. «Мен «Реал»да ўйнаётганда шу тарзда ҳайқиришни бошладим. Ғалаба қозонилганда улар «Siiii!» деб бақиришарди. Негалигини билмадиму, мен ҳам шундай дейишга одатландим. Бу мен учун табиий ҳол эди. Мавсумолди тайёргарликни Лос-Анжелесда ўтказганимиз ёдимда. «Челси» билан ўйнагандик, гол ургач, (ҳаракатни намойиш этиб) шундай қилгандим. Одамлар мендан нега бундай қилганимни сўрашганида, «Билмадим», дея жавоб қайтардим. Барчаси ўз-ўзидан содир бўлди. Энг яхши нарсалар тасодифан рўй беришини ҳар доим айтганман», - деганди Роналду DAZNга берган интервьюсида.

Криштиану ушбу анъанасини дастлаб «Ювентус»да, кейин эса «Манчестер Юнайтед»­да ҳам давом эттирди. Дарвоқе, португалиялик юлдуз яқинда голни айни тарзда нишонлаётганда жароҳат олди. Marca газетаси маълумотига кўра, «Арсенал» (3:2) дарвозасига урилган голдан сўнг ерга ноқулай тушиш оқибатида тиззасини шикастлаган. Криш майдонда қолди, аммо ўйин охирида алмаштирилди. Хайриятки, учрашувдан сўнг жароҳат қайд этилмади - орадан уч кун ўтиб Роналду «Крис­тал Пэлас»га қарши баҳсда бошланғич таркибдан жой олди.

Бир неча йиллар аввал Мбаппе «Монако» сафидаги голларини португалия­лик ҳамкасбининг услубида нишонлаганини айтганди. 2019 йилда «Герта» аъзоси Марко Груич ҳам шу ҳаракатни такрорлади. «Шальке» билан ўйиндаги голини айни тарзда нишонлаган сербиялик ярим ҳимоячи бунга изоҳ ҳам берди. «Ҳаммаси тоза ҳиссиётлар сабабли. Вазиятни назорат қилолмадим, шундай бўлиб қолди. Роналдуни ҳурмат қиламан. У мен учун тақлид қилишга арзигулик шахс, чунки ривожланиш йўлида тинимсиз меҳнат қилади», - деди Груич Bild нашрига берган интервьюсида.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz