Қайднома

Қидирув

Эътироф: Пулдан кечган метин жамоа

Эътироф: Пулдан кечган метин жамоа

  27.12.2021 06:46
  0
  245
Эътироф: Пулдан кечган метин жамоа

«Унион»нинг ўзига хослиги шундаки, клубда ҳеч ким ўзини беназир деб ҳисобламайди. Бошқалар ўзгарди. «Унион» эса йўқ. Натижа кўрсатиб турибдики, Бундеслиганинг энг митти клубларидан бири нафақат ўз маданиятини сақлаб қолди, балки уни ривожлантирди ҳам. FootballHD.ru пуллардан воз кечган метин жамоа ҳақида сўз юритади.

Дастлаб 2019 йили «метинлар» илк бор Бундеслига йўлланмасини қўлга киритишди. Сўнгра улар турнир жадвалининг юқори қисмига жойлашишди. Ҳозир эса еврокубокларда қатнашиш ҳуқуқига эгалар. Айни пайт бу жамоа Берлинда етакчи.

Кўпчилик мухлислар бундай янгиликларга мослашишга ҳам улгуришмади. Улар учун жамоа - ҳамон азалий аутсайдердек. 1961 йилда Берлин девори пайдо бўлганда, «Унион» муҳолифат клубига айланиб, истеблишментга қарши курашганди. Қолганлар ё армия ёки махфий полиция вакили бўлишган. «Унион» эса ишчиларга тегишли эди. Жарима зарбалари ижро этилаётган паллада трибуналарда тез-тез «деворни бузиб ташланг» дея қўшиқ куйлашади. Ушбу анъана ҳамон амалда, жамоада молиявий даромадлар эмас, мухлислар орасидаги обрў устун қўйилади.

«Бюджетимиз ёки стадионимизга қарасангиз, ҳаммасини кўрасиз, биз - аутсайдермиз, - дейди Кристиан Арбайт. - Тонгда беназир эканлигимиз ҳақидаги хаёллар билан уйғонмаймиз. Биз - бу биз. Қолганлар эса бошқачалар».

Арбайт нима деётганини яхши билади. У 2009 йилдан буён «Унион»да ишлайди, унинг лавозимини тушунтириш қийин. «Нима иш қилмаганимни айтиш осонроқ», - дейди ҳатто стадион сухандони вазифасини ҳам бажарадиган Арбайт. Микрофонни ҳуштак чалинишидан 20 дақиқа олдин ишлатади. «Жамоаларни кутиб олиб, футболчиларни таништираман». Шу, холос - қолган вақт фанатларга бағишланади.

Арбайтнинг айтишича, одамлар фақат футбол томоша қилгани келишади. Улар фахр ва ғурур билан мухлислик қилишади. Уларга ноўрин рекламалар ёки ҳомийлик келишувлари керак эмас.

«Ҳамма мухлисларни жалб қилиш учун футболга яна нимадир қўшиш кераклиги ҳақида ўйлайди. Бемаънилик. Биз эса, аксинча, ниманидир олиб ташлаш ҳақида ўйлаймиз. Масалан, биз Германияда гол урилганидан сўнг мусиқа ёқмайдиган ягона клубмиз. Жамоангизнинг гол уриши футболдаги энг ёрқин вазиятдир. Уни мусиқа билан ёпишнинг нима кераги бор? Одамлар ушбу воқеани ўзлари хоҳлагандек нишонлашлари мумкин. Қучоқлашишади, қўшиқ куйлашади. Биз қанча кўп аралашсак, ҳиссиётлардаги софлик шунча йўқолаверади».

Клуб кўплаб пуллик келишувлардан воз кечган. «Албатта, янада кўпроқ ишлаб топишимиз мумкин эди, аммо бу нарса бизни қизиқтирмайди». Тактика иш бермоқда. «Бавария» - 2021 йили Бундеслигада «Ан дер Альтен Ферстерай»да «Унион» устидан ғалаба қозонган ягона клуб, шу тариқа 15 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия якун топди. Арбайтнинг айтишича, бу тасодиф эмас: футболчилар аренадаги шовқинли мададнинг ўзгача эканлигини эътироф этишади.

«Болалар тестдан ўтолмай уйга қайтишганида, уларга танбеҳ бермай, қўллаб- қувватлайсиз. Бизнинг футболчилар - шунчаки, томошабинларни қувонтиргани учун пул оладиган миллионерлар эмас. Биз ўйинни бундай кўрмаймиз».

Арбайт яқинда бошқаларнинг ҳолати қандай эканлигини кўрди. «Кельнга бордим. Одамларни циркка мажбуран таклиф этсангиз, улар кўнгилларини хуш қилишларини кутиб ўтиришади. Футбол оддий кўнгилхушлик бўлиб бормоқда, жамоа ютмаса, мухлислар нима қилишни билмайди. Шу боис, улар шунчаки ўтиришади. «Кельн»га қарши ўйнаганимизда, трибуналардаги 50 мингга яқин мухлис кўп ҳолларда сукут сақлашди. Ҳатто мураббийнинг шогирдларига берган кўрсатмалари яққол эшитилиб турди. Кейин улар футболчиларни қўллаш ўрнига, уларга ҳуштакбозлик қилишди. Бизнинг стадионда мухлислар иштирокисиз ғалаба бўлмаслигини яхши тушунишади. Чиройли ўйинни кўрманг - унга ўзингиз жозиба киритинг».

«Унион»да стадионнинг ўзи мавжудлиги учун мухлислардан қарздор. 2009 йилда «Ан дер Альтер Фёрстерай»ни таъмирлашга пул топилмаганда, 2,5 мингга яқин мухлис ҳаётларининг 140 соатини реконструкцияга бағишлашганди. Арена ўшандан буён уларнинг аксариятига қисман тегишлидир.

«Унион» учун қон бер» акциясини ҳам унутмаслик керак. Германияда қон донорларига компенсация тўланади, баъзи пайтларда клуб шундай кампанияни йўлга қўяди. Клуб олган пуллар шу йўлда сарфланди. Мухлислари қон топширишга тайёр бўлган клуб ҳамма ерда ҳам борми? Энди бу маҳаллий фольклорнинг бир қисмидир.

«Бу тарихимизнинг муҳим бўлаги, бундай фанатлар эса ўзгача муҳитни вужудга келтиришади. 2500 киши аренани қурди, 5000 нафар шахс акцияларга эга. Бу уларнинг стадиони дейиш мумкин. Ушбу иншоот ҳақида қайғуришларига мотивация етарли».

Клуб ўсмоқда ва бу мураккаб жараён, аммо Арбайт, вакил сифатида ҳар доим бирдамлик туйғусини сақлашга интилади. «Агар мухлиснинг шикояти ёки ғояси бўлса, стадионга келиб, президент, мураббий, футболчилар - ҳамма билан кўришиши мумкин. Одамлар ҳар куни шундай қилишади. Бу оддий ҳол. Биз алоқани шу тариқа сақлаймиз».

Айни пайт клуб энг яхши йилларини бошдан кечирмоқда. Бундеслигага ўтиш «мўъжиза» бўлди, Макс Крузенинг голи эвазига еврокубок йўлланмаси қўлга киритилганига эса ҳамон ишониш қийин. Энди нима бўлади? Эҳтимол, бу энг юксак чўққидир. «Ажойиб даврда эканлигимизни, бошдан юқори сакрай олганимизни ҳамма тушуниб турибди. Еврокубокларнинг жамоага қандай таъсир кўрсатишидан хавотирда эдик, аммо йигитлар уддалашяпти. Бу биз учун энг яхши палладир».

Яқинда «Унион» Берлиннинг яна бир клуби - «Герта» устидан ғалаба қозонди. Принципиал рақиб, ваҳоланки, бу жамоалар 2010 йилгача ўзаро тўқнаш келишмаганди. Совуқ уруш сабаб «Унион» мухлислари «Герта»га ўзгача меҳр билан қарашади. Ўз вақтида чегара ортида ҳеч ким кўрмайдиган махфий клуб бўларди. Уни қўллаб-қувватлаш исён чиқаришга тенглаштириларди. Аммо кейинчалик шаклланган авлод вакиллари бу алоқаларни эслашмайди. «Ёшлар деворни ёддан чиқаришган. Улар учун бу шунчаки, кўк футболка кийган жамоа ҳисобланади. Одатий рақобат шу тариқа пайдо бўлган».

Ҳар икки клуб ҳам географик, ҳам турнир жадвали нуқтаи назаридан яқин бўлсаларда, Арбайт «Герта»ни «ўзгачалар» вакили сифатида кўради. «Унион» эса «Унион»лигича қолаверади. «Бизнинг футболга қарашларимиз турлича. У ерда фақат четдаги кузатувчи бўлишинг мумкин. Аммо биз барчасини ўзимиз хоҳлагандек амалга оширамиз. Таваккал қилишга тайёрман, деб ўйласангиз, «Унион»га келиб, ушбу жараёнга киришинг!»

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz