Қайднома

Қидирув

Шахс: Кичик Мбаппе - Итаниньо

Шахс: Кичик Мбаппе - Итаниньо

  28.12.2021 07:17
  0
  259
Шахс: Кичик Мбаппе - Итаниньо

Францияда декабрнинг иккинчи ҳафтаси мамлакатнинг U-16 термаси йиғини билан ҳам аҳамиятли бўлди. Клерфонтендаги элит тоифали академияда Жан-Люк Ваннуки бошчилидаги 35 нафар ўсмир тўпланишди. Аммо рўйхатдагилар орасида журналистлар эътиборини энг кўп тортган шахс Мбаппе бўлди. Гап кутилмаганда ўспиринлар билан суҳбатлашиб, уларга мотивация бериш мақсадида ташриф буюрган «ПСЖ» клуби ҳамда Франция терма жамоаси топ-форварди Килиан эмас, унинг 14 ёшли укаси Итан ҳақида бормоқда. У илк бор ўзидан ёши катта футболчилар билан бирга ишлагани чақирилганди.

Итан жорий йилнинг ёзидан «ПСЖ»нинг U-17 жамоасида ўйнашни бошлаганди. Бунга қадар эса кичик Мбаппе Париж клубининг болалар мактабида шуғулланганди. Аммо акасидан фарқли равишда қаҳрамонимиз мутлақо ўзгачадир. Итан ҳужумда ўйнаб, голлар ёғдиришга интилмайди, унга ярим ҳимояда тўп суриш кўпроқ ёқади, майдон марказида тўп билан муомала қилиш тарафдори, олдинги чизиқдаги шерикларига қулай вазиятлар яратишга уринади.

Итан билан бирга ишлаган шахсларнинг сўзларига кўра, бу 14 ёшли йигитчанинг футболга қарашлари катта ёшлиларга хос. Уни ҳатто аввалги йиллардаги плеймейкерлар - тўп билан тез ҳаракатланиш эмас, чиқарадиган қарорлари сифатига кўпроқ эътибор қаратадиганларга таққослашади. Итан - чапақай, бу ҳам ундаги ўзгачаликни оширади, зеро тадқиқотлардан маълумки, асосан чап оёғидан фойдаланадиган футболчиларда «ўнг оёқлилар»дан фарқли равишда креативлик юқори бўлади, майдонда кашфиётлар қилишга мойил бўлишади.

Килиан билан солиштирадиган бўлсак, Итан шу ёшида тўп билан муомала қилишга кўпроқ эътибор қаратади. Тўпни жуда яхши кўриши сабабли акаси уни бразилияликларга хос тарзда Итаниньо деб аташга одатланган.

Қизиғи, Итаннинг юлдуз акаси билан алоқалари ўта жиддий. Улар кўп вақтларини бирга ўтказишади, доимо мусобақалашишни хуш кўришади. Айтишларича, кичик Мбаппе PlayStation футбол симуляторида яхшироқ ўйнаркан. Сўнгги фактор Килианнинг урган голларини ўзгача тарзда нишонлашида катта роль ўйнаган. Хусусан, форвард «Монако»да ўйнаган пайтлари Чемпионлар Лигаси-2016Ғ2017 чорак финалида Дортмунднинг «Боруссия» клуби дарвозасини ишғол қилганда, қўлларини бир-бирининг устига қўйган, бу унинг одатий нишонлашига айланганди. Катта Мбаппе ушбу трюкни укасидан «ўғирлагани», Итан ҳар сафар PlayStation ўйнаётганда голларини шу тариқа нишонлаганини ҳамма ҳам билмайди.

Гарчи Итан Франция U-16 термасига чақирилган бўлсада, хавбек ушбу мамлакат ўсмирлар жамоасида ҳозирча бирорта ҳам ўйин ўтказмади. Кичик Мбаппенинг отаси - камерунлик, онаси - жазоирлик. Шу боис, келгусида Итан олдида қайси миллий терма шарафини ҳимоя қилиш бўйича ҳам танлов бўлади. Албатта, Мбаппе-жуниор Франция термасида тўп суришни орзу қилади, аммо Килиан сингари «учранглилар» эшигини дадил тақиллатиш учун салоҳиятини эртароқ намоён этиши керак бўлади.

Итан «ПСЖ» тизимига 2017 йили 11 ёшида келган. Унинг Франция пойтахтига трансфери ва Килианнинг Парижга ташрифи бир вақтга тўғри келди, аммо ҳамманинг эътибор форвардга қаратилгани боис, ёш йигитча ҳақида камчилик гапирди. 2019 йилда Итаннинг Клерфонтендаги Фернан Састра номидаги афсонавий Миллий техник марказда ўқиш учун саралашдан муваффақиятли ўтгани ҳақида ёзишди, лекин сўнгги паллада ота-онаси ўғилларини «ПСЖ»да қолдиришни маъқул кўришди. Шу тариқа акасининг ёнида бўлади, зарур пайтда ундан ёрдам олади, деб ҳисоблашди.

Жорий йилнинг 25 июнида «Пари Сен-Жермен» академияси раҳбарияти Итаннинг келгусида салоҳиятли хавбек бўлиб етишишини инобатга олиб, у билан 2024 йилнинг ўрталаригача давом этадиган истиқболли (ўсмирларга аталган) шартнома имзолади. Лекин энди бир савол туғилади: ўспирин бу муддатнинг охиригача Парижда қоладими, айниқса, акасининг «ПСЖ»даги келишуви 2022 йилнинг ёзида якунланишини инобатга олсак. Матбуотда ёзилишича, Килиан Францияда қолишга унчалик мойил эмас, «Реал»га ўтиш ниятида. Укаси Итан парижликлар ўсмирлари сафида ўйнашни давом эттирадими ёки у ҳам Пиренейга йўл оладими? Бу кейинги бир неча ойлар учун жумбоқлардан бири бўлиши шубҳасиз.

Уч-тўрт йилдан сўнг футбол олами бирданига икки Мбаппенинг ўйинларидан баҳраманд бўлади, дейишга ҳали эрта. Аммо Килиан укасининг футболда ўзи сингари юксак марраларга эришишини чин дилдан хоҳлайди.

Франция U-16 термасидан бўлган чақирув - Итан учун дастлабки рағбат, холос, келгусида топ-даражага чиқиши учун жуда кўп чиғириқлардан ўтиши кераклигини тушуниши лозим, шундагина босқичма-босқич ривожланаверади - мамлакатнинг ўсмирлар термасидан тортиб, то миллийгача.

Килиан 19 ёшида жаҳон чемпионлигини нишонлади, Итаннинг олдида эса ҳали бир неча йиллик «имтиёз» бор. «ПСЖ» топ-форвардининг укаси АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиш режалаштирилган ЖЧ-2026да акасидан ўзиб кетиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун, албатта, Килианнинг соясидан чиқиши, иккинчи Мбаппе эмас, Итан ёки Итаниньо сифатида футбол тарихига кириши керак.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz