Қайднома

Қидирув

Барчасини раҳбарият ва мураббийларга қўйиб берайлик!

Барчасини раҳбарият ва мураббийларга қўйиб берайлик!

  29.12.2021 06:36
  0
  237
Барчасини раҳбарият ва мураббийларга қўйиб берайлик!

Футбол - мухлислар учун, албатта! Лекин мухлисликнинг ҳам ўзига яраша одобию, қоидалари ва чегараси бор. «Навбаҳор» кўп йиллар давомида айнан мухлислар талабига мувофиқ, тезкор натижа таъминлаш учун турли йўлларни амалда синаб кўрди. Бу ҳаракатлар 2018 йили маълум даражада ўзини оқлагандек бўлди. Айнан ўша мавсум жамоа ОЧЛ йўлланмасини ютишга жуда яқин келди. Фақат бунинг учун «Пахтакор» Фарғонада бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финалида ўша пайт кучсизроқ кўринган АГМКни енгиши талаб этиларди. Бироқ афсуски, тошкентликлар «Навбаҳор»дан кўра, АГМКни ОЧЛда ўйнашини кўпроқ исташдими, олмалиқликларга кубокни «совға» қилишди.

Шундан сўнг мақсад сари бориш учун жамоа бош мураббийи лавозимига футболчилик фаолиятида катта обрў қозонган Андрей Канчельскис олиб келинди. Россиялик мутахассис гоҳ ижобий натижа берди, баъзан аксинча. Оқибатда биз - мухлислар озгина сабрсизлик билан мураббий истеъфосини талаб қила бошладик. Якунда Канчельскис кетди, ўрнига Деян Журжевич келди. Бу мураббийнинг ҳам кутилган натижа қайд этолмаслиги кундек равшан эди. Сабаби - Наманганда мухлислар босими жуда юқори. Бундай ҳолатни унча-мунча мураббий кўтаролмаслиги тайин (мухлислар босимига чидаган мураббийнинг қон босими кўтарилиб кетиши ҳақиқатга яқин).

Хуллас, Журжевичнинг иши ўхшамагач, мухлислар яна янги талаб билан чиқишди - Канчельскисни ортга қайтариш. Мана, бундан нимага эришдик, клубчи? Шунчаки, тушуниб бўлмас воқеаларга юз тутдик. Тан олайлик, жумбоқли ҳолатнинг юзага келишида мухлислар айби ёки аралашуви ҳам йўқ эмас. Хайриятки, барчага маълум можаро ниҳоят, тугади яхшими-ёмон.

Энди асосий мавзу: Биз - мухлислар Самвел Бабаяндан бошқаси орзуларимизни амалга оширолмаслигини бараварига таъкидлаб, фикрларимизни очиқ-ошкора билдирдик. Оддий айтганда, клуб раҳбария­ти яна мухлислар фикридан келиб чиқиб (эҳтимол, буни аввалдан режалаштиргандир - буниси бизга қоронғу), Бабаянни таклиф қилди. Хўш, бўлдими, кўнгиллар тўлдими? Йўқ! Демоқчиманки, ҳозир эски касалимиз яна хуруж қила бошлади. Ҳар ҳолда, Бабаян клубга таклиф этишни кўзлаётган футболчиларни танқид остига олиш авжига чиқмоқда, ҳеч нарса аниқ бўлиб улгурмай. «Бу футболчи бизга тўғри келмайди, ёши ўтиб қолган, буниси босимга дош беролмайди» қабилидаги гаплар. Ижтимоий тармоқларда «Навба­ҳор»га тааллуқли чиқишларни бош­қа жамоалар футболчилари ҳам кузатиб боришлари тайин. Улар мухлисларнинг клуб ишига бўлар-бўлмас аралашувларига салбий қарашмайдими? Албатта, салбий қарашади. Ўзи якунланган мавсум «Навбаҳор»нинг қайси футболчиси босимсиз ўйнади?

Ўринсиз ва меъёридан ортиқ танқид зарарга ишлайдики, асло фойда келтирмайди. Оддий мисол, «Навбаҳор»нинг Анзур Исмоиловга қизиқаётгани хақида хабар чиқиши билан кўпчилик дарҳол экспертга айланди-қўйди: «Йўқ, у бизга керак эмас, тўғри келмайди, «Пахтакор»да ўйнаган футболчи келмасин». Ие, садағангиз кетай, унда айтинг, кимлар келишсин? Ҳимоя марказида Голбан ва Цигер жуфтлиги бор. Улардан бири жароҳатланса ёки дисквалификацияга учраса, ўрнида ким ўйнайди? Айни пайт юртимизда Анзур Исмоиловдек тажрибали ҳимоя­чилар саноқли. Умуман, таркибга кимларни чорлаш раҳбарият ва мураббийлар штабининг иши. Сиз билан биз футболчиларни ҳафтада бир бора кўрсак, мураббийлар улар билан ҳар куни ишлашади, қандай фойда келтира олишларини яхшироқ билишади. Келинг, азизлар барчасини тушунган ҳолда, бир четда сабр билан кутайлик. Зеро, клуб мутасаддилари «Нав­баҳор»нинг юксалиши йўлида елиб-югуришмоқда. Уларнинг меҳнатларини қадрлайлик. Бўлар-бўлмас ҳақоратли сўзлар билан барчани кулгуга қўйиш, ҳеч қачон клуб ишига аралашмайдиган мухлислар кўнглига озор бериш ярамайди.

Илтимос! Аллоҳ томонидан берилган САБРдан озгина фойдаланайлик, шунда роҳатни ҳам кўрамиз. Бордию, аралашув давом этса, ҳеч қайси футболчининг юраги Наманганга келишга дов бермайди. Бирлашиш вақти келгани ҳақида бонг уряпмиз-у, амалда исбот йўқ. Бу сўзларим 1-2 киши эмас, барчамизга тегишли. Фикрларим кимларгадир ёқмаса, узр сўрайман. Якунда «Навбаҳор»га мақсад сари йўлда омад!

Акрамжон ҚОДИРОВ, navbahornews


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz