Қайднома

Қидирув

Эътироф: Левагол ва Шомуродовга реал рақобатчи!

Эътироф: Левагол ва Шомуродовга реал рақобатчи!

  01.01.2022 08:18
  0
  257
Эътироф: Левагол ва Шомуродовга реал рақобатчи!

Чехиялик бу футболчи хусусида қизғин баҳс-мунозаралар кети узилаётгани йўқ. Кимдир унинг энг ёрқин мавсумни ўтказаётганини эътироф этса, бошқа биров ҳамон ҳужумчини «бефойда тўнка»га қиёслайди. Қайси томон ҳақ ёки ноҳақ эканлиги юзасидан баҳслашиш ноўрин. Ундан кўра, Патрик Шик фаолиятига бағишланган мақола билан танишиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Чехиялик бўйдор ҳужумчи 1996 йилнинг 24 январь куни Прага шаҳрида туғилган. У кўплаб болакайлар каби жуда барвақт футболга меҳр қўйиб, пойтахтдаги «Спарта» академиясига йўл олди. Ўқув даргоҳидаги 7 йиллик таҳсилдан сўнг эса асосий жамоа таркибида майдонга тушди. Аниқроқ айтсак, Патрикнинг дебюти 2014 йили Чехия кубоги доирасидаги учрашувга тўғри келди. Ўшанда захирадан майдонга тушиб, атиги 16 дақиқа тўп сурган ёш ҳужумчида ҳаёжон яққол сезилди ва қандайдир самарали ҳаракатни амалга оширолмади. Кейинги йили Шикни «Богемия 1905»га жўнатишди - ижара сафари.

***

«Богемия 1905»даги «сургун» даври Патрик Шик фойдасига ишлади - у жамоанинг асосий таркибида 30 марта майдонга тушиб,  8та гол уришга муваффақ бўлди. Муҳими, Европанинг кўплаб клублари назарига тушди. Ҳужумчининг салоҳиятини вақтида тўғри баҳолаган «Сампдория» 4 млн. евро эвазига уни ўз сафига қўшиб олди. Бўйи 2 метрга тенг футболчи ҳар қандай рақиб учун жиддий хавф солиши аниқдек бўлсада, Марко Жампаоло чехиялик йигитни кўпинча захирада олиб қоларди. Бунинг сабабини сўрашганида, «денгизчилар» устози ҳазиломуз оҳангда жавоб берганди: «Тўғриси, Патрикни захирада ушлаб турмасам, уни тез орада сотиб юборишлари ҳеч гап эмас. Мен эса футболчи янги мавсумда ҳам жамоамда қолишини истайман».

***

Таажжубки, Патрик Шик Италияда рақиблар дарвозасини ишғол этишни «Ювентус» билан баҳсда бошлади. Умуман олганда, чехиялик ҳужумчининг асосан грандларни ранжитишни ёқтириши тез орада маълум бўлди - «Юве»дан кейин «Лацио», «Рома» ва «Интер» дарвозабонлари ҳам Шик зарбаси олдида ожиз қолишди. Патрик кўпинча ўнг қанотга ўтиш асносида чап оёғи билан кучли зарба йўллайди. У шу тариқа таран тои­фасидаги ҳужумчилар сирасига киришини исботлади. Чехиялик йигит «денгизчилар» сафида жами 13та гол урди. Гарчи мураббий янги ҳужумчини олиб қолишга роса уринган бўлсада, бу ишни уддалай олмади - Патрик тез орада «Сампа» билан хайрлашди, барибир.

***

Ёш ҳужумчига АПЛ, айниқса, «Арсенал» ва «Тоттенхэм»дан жиддий қизиқиш бўлди. Лекин Шикнинг ўзи бунга ўта хотиржам қаради ва интервьюларида ҳам шу маънода гапирди: «Албатта, сени бошқа жамоалар скаутлари кузатиб юришганини эшитиш ёқимли. Лекин клуб танлаш менинг вазифам эмас. Бу юмушни агентларга топширганман, ўзим «Сампдория»га наф келтириш ўйи билан банд­ман». Якунда Патрик Италияда қолди, фақат бошқа жамоа либосини кийди. Эксперт­лар уни Мауро Икардига қиёслаб, аргентиналик тажрибали амплуадоши ёнида янада кучайишини тахмин қилишганди. Шик эса «Интер» эмас, «Ювентус»га мойил кўринди. У айнан «кекса синьора» сафида ўйнаш ишқида «денгизчилар» билан шартномаси муддатини узайтиришдан бош тортди. Чунки ўзини Марио Манжукич ва Гонсало Игуаин каби аслар билан рақобатга тайёр сезди. Шик шунингдек, «А» сериядаги энг қимматбаҳо чехиялик футболчига айланишга яқин турганди. Бироқ тиббий кўрикда футболчининг юрак уришида беқарорлик аниқланди. Такрорий текширувда ҳам бу ташҳис тасдиқлангач, «Юве» унинг трансферидан воз кечди. Шикнинг агенти кейинчалик юзага келган муаммони оддий изоҳлади: «Арзимас ангина туфайли Патрикнинг юрагида яллиғланиш пайдо бўлган. Шифокорлар хасталик жиддий эмаслигини таъкидлашди. Лекин Патрикка Турин клуби кўригига ўта тушкун кайфиятда, яна чарчоқ ва стресс ҳолатида боргани панд берди».

***

Ҳужумчи ушбу омадсиз уринишдан кейин «Сампдория»га қайтишни истамади. Айни шу паллада «Рома» варианти юзага келди. Тўғри, «бўрилар» тўлиқ таваккал иш тутишга жазм этмай, Шикни ижара келишуви асосида таклиф қилишди. Шу тариқа футболчи қисқа муддатли тиббий муолажалардан сўнг 2018 йилнинг январида такрорий кўрикдан муваффақиятли ўтди. Бироқ кейинчалик футболчига тизза ва бел соҳасидаги оғриқлар тўлиқ куч билан ўйнаш имкониятини бермади. Бунга юрак тизимига боғлиқ ўша муаммо сабабми ёки йўқ - маълум эмас. Факт шуки, Патрик «бўрилар» услубига мослашолмади ва Римдаги фаолиятини атиги 8та гол билан якунлади.

***

Умумий ҳолатни тўғри баҳолаган «Рома» раҳбарияти бўйдор ҳужумчини «РБ Лейпциг»га ижара келишуви асосида юборди. Шундан кейин футболчи ҳам истиҳолани бир четга суриб, интервьюларидан бирида «ёрилди»: «Очиғи, Римда ўзимни бахтиёр ҳис этолмадим. Чиндан ҳам, муҳитни ўзгартиришга муҳтож эдим. «Рома» ўта суст суръатда ўйнайди, рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш жуда қийин. Лейпцигда ҳаммаси ўзгача, бу ерда тезкор ва тажовузкор футбол ҳукмрон». Хуллас, чехиялик ҳужумчи «РБ Лейпциг»нинг 22та ўйинида 10та гол уриб, ўзини анча ўнглаб олди ва яна скаутлар эътиборини тортди. Якунда барчадан илдамроқ қарорга келган «Байер» Кай Хаверц трансферидан тушган маблағнинг маълум қисмини Шикни сотиб олишга йўналтирди. Чехиялик футболчи янги жамоаси ҳақида ҳам ижобий фикр билдирди: «Байер»нинг ажойиб жамоа эканлигига «РБ Лейпциг»га қарши ўйинларида тўлиқ ишонч ҳосил қилганман». У яна «доришунослар»нинг тажовузкор услубларига юксак баҳо берганди. Шик барчасини амалда исботлади: Леверкузен клубидаги дебют мавсумида 8та гол ва 2та самарали узатма қайд этди. Қолаверса, Евро-2020да чинакам шедевр гол муаллифига айланди. Кўпчилик яхши эсласа керак, Патрик Шотландия термасига қарши ўйинда рақиб киперининг олдинга чиқиб кетганини вақтида пайқаб, тўпни марказий доира ҳудудидан дарвозага аниқ йўллади. Шу тариқа қитъа чемпионатида 1980 йилдан буён 45 метр узоқликдан гол урган биринчи футболчи бўлди.

***

Мана, Патрик Шик жорий мавсум Бундеслигада бош голеадор Роберт Левандовскининг асосий рақобатчиси сифатида ўта сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. У Германия чемпионатининг дастлабки 9та турида 8та гол урганди. Бироқ 27 октябрь оқшоми «Кёльн»га қарши кечган учрашувнинг 86-дақиқасида жароҳатланиб, майдондан чиқиб кетди ва кейинги 3та ўйинни четда кузатди. Шундан сўнг собиқ клуби - «РБ Лейпциг»га қарши баҳсда ҳам гол уролмади,  лекин бунинг аламини «Гройтер Фюрт»дан олди - 49-76-дақиқалар оралиғида аутсайдер дарвозасини нақ 4 марта ишғол қилди. Чехиялик тўп­урар бир-биридан чиройли голларидан 2тасини чап оёғи, кейинги 2тасини боши ва ўнг оёғи билан урди. У шу ажиб «покер» эвазига тўпурарлар пойгасида Эрлинг Холанддан ўзиб, Леваголга анча яқинлашди. Чехиялик мерган ке­йинги 2та учрашувда «дубл»га эришди. Шу тариқа Бундеслига биринчи даврасини 16та гол билан якунлади. Тўпурарлар пойгасида биргина Левандовски олдинда (19та гол). Демак, агар жароҳат ёки қандайдир бошқа муаммо халақит бермаса, Патрик жорий мавсум энг яхши тўпурарга аталган соврин учун курашда польшалик амплуадошига жиддий рақобат тақдим этиши мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz