Қайднома

Қидирув

Дебютни нишонлашга тайёрмисиз?

Дебютни нишонлашга тайёрмисиз?

  09.01.2022 07:07
  0
  285
Дебютни нишонлашга тайёрмисиз?

Англия термаси Қатар мундиали йўлланмасини нақд қилгач, Гарет Саутгейт бор эътиборини финал босқичига йўл оладиган таркибга қаратмоқда. Маълумки, доимо навқирон ва жасур футболчиларга ишонч билдириши эвазига Аарон Рэмсдейл, Конор Галлахер ва Эмил Смит-Роулар яқинда миллий жамоа либосидаги илк учрашувларини ўтказишди. Бироқ юлдузларни четга суриш учун интилаётган иқтидорлар ҳам етарли. Келинг, улар билан танишиб олайлик.

ТИНО ЛИВРАМЕНТО («Саутгемптон», 19 ёш)

Агар Тино ҳозирги савиясини сақлаган ҳолда, жароҳатлардан йироқ юра олса, термага асосий номзод бўлади. Ўнг қанот ҳимоячиси «Челси»да бирор марта майдонга тушмаган, аммо ёзда «Саутгемптон»га ўтгач, том маънода очилди. Ҳозир у «авлиёлар»нинг муҳим ва тенгсиз ўйинчиси мақомида. Ливраменто 21 ёшгача бўлган терма таркибида 3 марта майдонга тушди. Саутгейт унинг ўйинларини диққат билан кузатаётгани аниқ.

МАРК ГЕХИ («Кристал Пэлас», 21 ёш)

Гарет Саутгейт «уч шерлар»нинг ноябрь ойидаги таркибидан четда қолган 3 нафар омадсизлар сифатида Смит-Роу, Галлахер ва Гехини тилга олганди. Улар орасида фақат Гехи ҳозирча терма жамоа либосида майдонга тушмаган. Марк 17 ёшгача бўлган терма билан жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган. У ҳам «Челси»дан чиққан иқтидор сифатида жадал ривожланмоқда, «Кристал Пэлас» эса Гехи учун сарфланган 18 млн. фунт беҳуда кетмагани ой сайин аён бўлаётганидан мамнун. Ўтган мавсум футболчи «Суонси»да самарали тўп суриб, жамоанинг «плей-офф» босқичига етиб боришига муносиб улуш қўшганди.

АЙВЕН ТОУНИ («Брентфорд», 25 ёш)

АПЛнинг 11 учрашувида 2 гол ва 2 ассист - мақтовга арзийдиган савияга далолат бўла олмайди. Лекин Айвеннинг «Брентфорд»да намойиш этаётган ўйинларидан хабардор мухлис тез орада бу футболчи юлдуз мақомига кўтарилишига амин бўлади. Тоуни рақиб ўйинчиларини ўзига жалб этиб, жамоадошларига бўш ҳудудларни яратади. Брайан Мбеумо ана шу имкониятдан мунтазам равишда фойдаланади. Шундай экан, Айвеннинг Маркус Рэшфорд, Раҳим Стерлинг ёки  Букайо Сака билан сермаҳсул дуэт ташкил этишини тасаввур қилиш қийин эмас.

ТАРИҚ ЛЭМПТИ («Брайтон», 21 ёш)

Эҳтимол, бу кулгилидир, лекин навбатдаги қаҳрамонимиз ҳам «Челси» «заводи»дан. Айни паллада унинг спорт формаси Бен Уайтникидан кам эмас. «Арсенал»га ўтиш арафасида Уайт Евро-2020 турнирида жароҳат олган Александер-Арнольднинг ўрнини тўлдириш учун Саутгейтдан шошилинч чорлов олганди. Тиззасидаги жароҳат туфайли 9 ой ишсиз қолган Лэмпти эса ҳеч кимнинг эсига келмаганди. Аммо ҳозир у ҳар қандай жанговар топшириқни адо этишга шай. Саутгейтнинг ишончига сазовор бўлиш учун Тариқда ҳам етарли вақт бор.

КЕРТИС ЖОНС («Ливерпуль», 20 ёш)

«Уч шерлар»нинг сўнгги икки йирик турнир - ЖЧ-2018даги Хорватияга қарши ярим финали ва Евро-2020нинг Италияга қарши ҳал қилувчи баҳсида имкониятни бой беришига майдон марказида назоратни йўқотиб қўйганлиги сабаб бўлди. Гарет Саутгейт шу камчиликни бартараф этиш мақсадида бўлса, айнан Кертис Жонсни Қатар мундиалига олиб кетиши шарт. Тўғри, ҳозирча Жонс барқарорлик борасида мақтана олмайди, аммо иқтидори шубҳадан холи. У марказда ҳукмронликни ўрната олади, тўпга дастлабки тегиниши билан ўйин суръатини меъёрга мослай олади. Кертисдаги хотиржамлик тез-тез саросимага тушиб турувчи «уч шерлар» учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Жонс доимо ўз имкониятларидан унумли фойдаланишга интилади, босимдан чўчимайди. Демак, у пенальтилар сериясида ҳам ортиқчалик қилмайди.

ЖЕЙМС ЖАСТИН («Лестер», 23 ёш)

Агар жароҳат олмаганида, Жеймс ҳозир Англия терма жамоасидан жой олган бўларди. У 2020|2021 йиллар мавсумининг биринчи ярмида «Лестер»даги ажойиб ўйинлари билан Саутгейт эътиборини қозонганди. Жастиндаги ҳар икки қанотда ҳам, учинчи марказий ҳимоячи позициясида ҳам ишончли тўп суриш қобилияти замонавий футболда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур универсализм ҳар қандай жамоага сезиларли устунлик бериши аниқ. Лекин ҳимоячи спорт формасини тўлиқ тиклаб олиши учун вақт талаб этилади. Рикардо Перейра ҳам айнан шу муаммо туфайли жабр кўрганди.

ЖАРРОД БОУЭН («Вест Хэм», 24 ёш)

Жеррод Боуэн - нуфузи тобора кўтарилиб бораётган вингер. «Вест Хэм» каби у ҳам турдан-турга ривожланиб бормоқда, аммо сайқалга муҳтож жиҳатлари ҳам етарли. Унга Жек Грилиш ва Жейдон Санчодаги нафислик етишмаяпти, маҳсулдорлиги ҳам сал пастроқ. Лекин уни номзодлар сафидан четлатишдан олдин бир муҳим жиҳатни унутмаслик керак. Ўсмирлик чоғида «Херефорд Юнайтед»да ўйнаган ёш иқтидор соҳиби кейин «Халл Сити» билан тараққиёт сари интилганди. Шу йўсин чўққини забт этиш ҳаммага насиб этавермайди.

ОЛИВЕР СКИПП («Тоттенхэм», 21 ёш)

Евро-2020 турнирида Англия термасининг қайсидир чизиғи нисбатан заифроқ кўринган дейилса, марказий ярим ҳимоя чизиғини айтган бўлардик. Албатта, Райс ва Филлипсда имкониятлар бўлди, кейинчалик Жордан Хендерсоннинг қайтгани сезиларли ёрдам берди, аммо бу позиция мукаммалликдан анча йироқ. Назаримизда, Скипп айнан шу чизиққа қўшимча куч бера олади. «Тоттенхэм» мухлисларидан сўрасангиз, улар академия битирувчиси ҳақида фақат ижобий фикр билдирадилар. Оливер АПЛнинг деярли барча учрашувларида бошланғич таркибда майдонга тушмоқда. У - нафис узатмалар, юқори тезлик соҳиби бўлган марказий ярим ҳимоячи. Доимо сабоқ олишга, тараққий этишга интилгани учун мураббийлар уни ҳурмат қиладилар. Жумладан, 21 ёшгача бўлган терма жамоаси устозлари ва Антонио Конте унинг юксак салоҳиятидан ҳайратдалар.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz