Қайднома

Қидирув

Жараён: Онана УЕФАдан зада

Жараён: Онана УЕФАдан зада

  11.01.2022 06:36
  0
  221
Жараён: Онана УЕФАдан зада

2021 йил «Аякс»нинг 25 ёшли дарвозабони Андре Онана учун энг қийин давр бўлди. Февраль ойи бошида қонида 40 миллиграмм фуросемид борлиги аниқлангани сабаб 12 ойлик дисквалификацияга учради. Кипер допинг тестини 2020 йилнинг октябрида топширган, текширувлар деярли уч ойга чўзилганди. Фуросемид - тез таъсир қиладиган сийдик ҳайдовчи препаратлардан бири ҳисобланади. Одатда, уни юрак билан боғлиқ муаммоси бор беморларга тавсия қилишади.

Ушбу дори воситаси ўз-ўзидан допинг саналмасада, тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган. Организмдан тақиқланган моддаларни чиқаришда ушбу препаратдан фойдаланишлари бунга сабаб бўлган. Сийдик миқдори ошгани сари ҳақиқий допинг концентрацияси пасаяди. Уни аниқлаш қийинлашади.

«Аякс» бош директори Эдвин ван дер Сар Андренинг ёнини олди. «Биз шартли жазо ёки нисбатан қисқароқ дисквалификацияга умид қилгандик, чунки ушбу препарат унинг танасини кучайтириш ва кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида ишлатилмаганди. Бу нотўғри», - деди собиқ дарвозабон. «Аякс» ФИФАга мурожаат этиш орқали чеклов муддатини камайтиришга эришди - фақат 9 ойга.

Ярим йилдан сўнг «Аякс» спорт директори Марк Овермарс Андрени сотмоқчилиги ҳақида хабар берди. Ноябрдан Онана яшил майдондаги фаолиятини давом эттирди - аммо «Бешиктош»га қарши кечган дебют ўйинидан сўнг келгуси ёзда Амстердам клубини тарк этишини билдирди: «Шунчаки, кетадиган вақтим бўлди - худди аввалроқ сафимизни тарк этган эски таркиб аъзолари сингари».

Яқинда Онана The Players` Tribune нашрига берган интервьюсида ҳолати ҳақида гапирди. У жумладан шундай деди: «Кўпчилик мени, ҳаётимда нималар содир бўлганини биламан, деб ўйлашади. «Онана? Ие, ахир у наркотик сабаб тақиққа учраган. У фирибгар ва гиёҳванд». Бу номимга тушган доғ. Буни оила аъзоларим ва фарзандларимга қандай тушунтираман? Лекин изоҳ бор. Ҳақиқатни билишни истасангиз, жойингизга яхшилаб ўрнашиб, мени тингланг. 2021 йил февралининг бир ҳафтасида ҳамма нарсамдан маҳрум бўлдим. Ўшанда Камерун термаси ихтиёрида эдим. «Аякс» шифокоридан қўнғироқ келди - қонимда оз миқдорда фуросемид борлиги аниқланган. Ҳайрон бўлиб сўрадим: «Қанақасига? Ҳазиллашяпсизми? Янглишганингиз аниқ. Бундай текширувлар қандай ўтишидан хабардорман. Уларда ҳеч қачон муаммога йўлиқмаганман». Танишларим билишади - ичмайман ва чекмайман. Наркотикларга эса умуман яқинлашмаганман. Ўшанда ҳатто фуросемид нималигини ҳам билмасдим. Фақат «Аякс» ёки терма жамоа шифокорлари ёзиб берган дориларни истеъмол қилганман.

«Аякс»дагилар билан гаплашганимдан кейин қаллиғим Меланига қўнғироқ қилдим. Бу ҳақда кулгу аралаш гапириб бердим. Бунинг шунчаки хато эканлигига ишонардим. Шунда Мелани «Андре, бу модда ҳомиладорлигимда шифокорлар ёзиб берган дорида бор эди», деди. Шундагина нима бўлганини тушундим. Қайтганимдан сўнг «Аякс» шифокори уйимга келиб, фаразимни текшириш учун шкафдаги барча препаратларни кўздан кечирди. Шу тариқа тахминимни тасдиқлади. Бош оғриғига қарши дори ичиш пайти қутиларни адаштириб юборган эканман. Бошқа препаратни қабул қилганман - қутилар деярли бир хил кўринишда эди. Ҳеч нимани ўйлаб топмадим, ҳеч кимни алдамоқчи эмасдим. Бу инсонга хос хато эди. Жин урсин. Кичкина таблетка. Атиги 40 мг. «Сариқ» кутгандим, менга эса «қизил» кўрсатишди. 12 ойни севимли ишимсиз ўтказишга маҳкум эдим. Футболсиз бир йил мисоли 10 йилга тенг.

Мавсум-2016|2017 арафасида мураббий Петер Бош билан учрашдим. У бошланғич таркибда тушишимга ҳали эрта эканлигини айтди: «Европанинг энг кучли клубларига қарагинда, қайси бирида 20 ёшли дарвозабон борлигини айт!». Жуда норози бўлдим, ижарага беришларини хоҳладим. Кетишни истадим, лекин мени оладиган жамоа топилмади. Қолишга мажбур бўлдим ва кейинроқ учта ўйинда майдонга тушиш имконияти туғилди. Жуда асабийлашдим, оқибатда 1:2 ҳисобида ютқаздик. Матбуотда одатий тан-қидларни ўқишимга тўғри келди. Захирада эса бор-йўғи иккита ўйин қолганди. Кейинги ўйин бошида дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Рақиб футболчиси йўллаган зарбани қайтардим. Қисқа муддатда Андре Онана асосий дарвозабонга айланиб, «Аякс» билан Чемпионлар Лигасида порлади. Буларнинг ҳаммаси ажойиб эди!

Айнан шу Онана препаратлар қабул қилгани учун дисквалификацияга учради. Бир зумда гиёҳвандга айланди-қолди. Ҳаммаси тезда йўқолди. Кун бўйи менга ёрдам берган футболчи ва мураббийлар номини тилга олишим мумкин. Шунга қарамай, ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилдим. Ўйинларга боролмадим, жамоа машғулотларида қатнашолмадим. Ғалабаларни йигитлар билан бирга нишонлашни маҳрум эдим - ваҳоланки, ўша мавсумнинг 60 фоиз ўйинида майдонга тушгандим. Ахир бу адолатданми? Қонунга амал қилиш керак. Лекин баъзан ўзимга савол бераман: «Бу билан нимага эришмоқчи эдилар? Улар инсонга жабр беришни ёқтиришадими?».

***

Кейинроқ Онана The Guardian нашрига берган интервьюсида ушбу мавзуга яна тўхталди: «Футбол - инсонийликка зид. Ғалати: 40 миллиграмм фаолиятингни барбод қилиши мумкин. УЕФА конкрет ҳолатни инобатга олмайди. Агар бир шиша сув олсам, кейинчалик унинг таркибига нимадир қўшилган бўлса, унда барча масъулият менинг зиммамга юкланади. Оддий инсоний хатолар учун ҳам жазо қўллайверишади».

 Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz