Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: АПЛ Американизацияси

Футбол ва бизнес: АПЛ Американизацияси

  15.01.2022 06:36
  0
  229
Футбол ва бизнес: АПЛ Американизацияси

АҚШ КОМПАНИЯСИ «ЛИДС» КЛУБИНИ СОТИБ ОЛМОҚЧИ. Охирги йилларда футбол бозорида Англия клубларига талаб кескин ошди. Хусусан, ўтган йилнинг октябрь ойида Саудия сармоя жамғармаси «Ньюкасл» соҳибига айланди. Шундан атиги бир ой ўтиб, чехиялик миллиардер Даниэль Кретински «Вест Хэм» акцияларидан 27 фоизини харид қилди. Энди навбатда - «Лидс». Бой тарихи ва катта мухлислар армияси билан мақтанишга ҳақли клуб АҚШ компанияси тасарруфига ўтиши мумкин. «Оқлар» қандай натижа қайд этишларидан қатъий назар, ҳамиша омма назарида туришади. Қолаверса, бош мураббий Марсело Бьелса ҳам қўшимча эътиборни таъминлайди. FootballHD сайтининг қўйидаги мақоласи айнан жамоа ҳаётида кузатилиши кутилаётган катта ўзгариш ҳақида.

Айни пайт «Лидс»нинг асосий акционери - италиялик бизнесмен Андреа Радриццани. У спорт, технология ва медиа лойиҳаларини молиялаштирувчи Aser Ventures компанияси бошқаруви раисидир. Радриццани 2017 йилнинг бошида «Лидс»нинг 50 фоиз акциясини ҳамюрти, ҳозирда «Брешия»ни бошқараётган Массимо Челлинодан сотиб олди. Андреа «оқлар»ни харид қилган ўша пайт Челлино 18 ой муддатга футболга дахлдор фаолият турларидан четлаштирилганди. Хуллас, италиялик бизнесмен «Лидс» учун 45 миллион фунт стерлинг тўлади. Бироқ у жамоанинг ягона эгаси сифатида кўп юргани йўқ. Бинобарин, 2018 йилиёқ ўз улушидан 10 фоизини АҚШнинг 49ers Enterprises компаниясига пуллади. Америкаликлар кейинчалик ҳам «Элланд Роуд»даги таъсир кучларини аста-секин ошириб бордилар. Оддий айтганда, бир неча келишувлар натижаси ўлароқ, 49ers Enterprises компаниясининг Англия клубидаги улуши 44 фоиз акция даражасига етди. Охирги маълумотларга қараганда, америкаликлар 2024 йилгача «товуслар»нинг тўлақонли эгаларига айланишни хоҳлашмоқда.

49ers Enterprises - АҚШда анча машҳур компания. Унинг штаб-квартираси Сан-Франциско (Калифорния штати)да жойлашган. Дейлик, Apple, Google ва Facebook каби кўплаб гуруҳларнинг бош офиси ҳам айни шу шаҳарда. 49ers Enterprises қурилиш магнати Эдвард Дебартолонинг қизи Дениз Дебартоло-Йорк­ка тегишли. 71 ёшли аёл 1977 йилдан буён ўз оиласи билан МФЛ (миллий футбол лигаси) иштирокчиси «Сан-Франциско Форти Найнерс»­га эгалик қилмоқда. Тўғрироғи, клубни 2001 йилдан эътиборан айнан Дениз хоним мустақил равишда бошқармоқда. Ҳозирда «Сан-Франциско Форти Найнерс» 3,5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Дебартоло-Йорк оиласининг бойлиги эса 4 миллиард долларга тенг.

Aser Ventures ва 49ers Enterprises маълум вақтдан буён ҳамкорликда турли ло­йиҳаларга сармоя киритмоқда. The Athletic нашри хабарига кўра, томонлар ўтган йилнинг январидаёқ ўзаро келишувга эришишган. Унга мувофиқ, америкаликлар 2024 йилгача Радриццанига 400 миллион фунт стерлинг тўлашади ва «Лидс»нинг мутлақ соҳибига айланишади. Ўртадаги шартлашувга биноан, клуб қайси йўналишда ривожланишига қараб, келишув суммаси 475 миллион фунтга кўтарилиши ҳам мумкин. Ҳозирча «товуслар»нинг АПЛдаги ишлари унча яхши эмас. Марсело Бьелса жамоаси кутилганидан анча паст натижа кўрсатмоқда. Шунга қарамай, Aser Ventures ва 49ers Enter-prises компаниялари «оқлар»ни моддий томондан қўллаб-қувватлашда давом этмоқчи. Радриццанининг ўзи ҳам ижтимоий тармоқлар орқали The Athletic маълумотига муносабат билдирди. Яъни италиялик тадбиркор моҳиятан «Лидс»ни 49ers Enterprises компаниясига сотиши ҳақидаги хабарни инкор этмади. У шунинг баробарида 2024 йилгача кўп нарса ўзгариб кетиши мумкинлигини ҳам алоҳида таъкидлади. Қисқаси, ўша вақтга қадар келишув бекор бўлиши ҳам ҳеч гап эмас экан. Муҳими, Радриццани ҳозир мутлақо хотиржам. У жумладан, охирги чиқишларида фақат Америка компанияси билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириши ҳақида гапирмоқда. Бу «Лидс»га ҳам, шахсий бизнесига ҳам боғлиқ.

Молиявий эксперт Киран Магуайрнинг фикрича, 49ers Enterprises компанияси таъсири ошгани сари «Лидс»нинг иқтисодий ҳолати яхшиланади. Америка гуруҳининг асосий мақсадларидан бири - «Элланд Роуд» сиғимини ошириш. «Лидс» айни ҳолатида телеҳуқуқлар ортидан кўп пул оладиган клублар қаторига кирмайди. Шунинг учун қўшимча даромад манбаларини излаш талаб этилади. Бу борада стадионни кенгайтириш - яхши фикр. Жамоа вингери Крисенсио Саммервилл яқинда берган интервьюсида ҳар бир уй ўйини учун чиқарилган чипталар тўлиқ сотилишини алоҳида айтди. Магуайрнинг фикрича, «Элланд Роуд»нинг кенгайиши натижасида клуб тижорат ҳамкорлар учун янада жозибадор бўлади. Унинг ишончи комил, «Лидс» ўта катта сармояни ҳам оқлаш имкониятига эга. 49ers Enterprises бошқарувида «оқлар» спорт нуқтаи назаридан қандай ривожланишади - бу бошқа масала. Бир томондан қарасак,  «Форти Найнерс» Дебартоло-Йорк қўл остида нақ 5 марта чемпионликни қўлга киритди. Бу лигадаги иккинчи яхши натижадир («Даллас Ковбойз» ҳам 5 марта ғолиб чиққан). Бошқа томондан, «Форти Найнерс» сўнгги 7 йилда атиги 2 марта МФЛ финалига чиқди. Боз устига, Супербоулда охирги марта 1995 йили ғалаба қозонганди.

Мухлислар ҳаддан ташқари талабчан Европада, хусусан, АПЛда америкаликларнинг ишлари қандай тус олишини айтиш қийин. Ҳа, «МЮ», «Арсенал» ва «Ливерпуль» ҳам америкалик хўжайинлар назоратида. Бироқ ҳозирча фақат «қизиллар» яхши менежментга эгалар. 49ers Enterprises компаниясида пул бўлса, яхши, лекин бу етарли эмас. Англияда футболни чинакамига севиш ҳам талаб этилади. АПЛда бунингсиз ҳеч иложи йўқ.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz