Қайднома

Қидирув

Артём Филипосян: «Олти ойдан кейин жамоа қидиришни хоҳламадим»

Артём Филипосян: «Олти ойдан кейин жамоа қидиришни хоҳламадим»

  22.01.2022 22:02
  0
  462
Артём Филипосян: «Олти ойдан кейин жамоа қидиришни хоҳламадим»

Cўнгги йилларда фаолиятини хорижда, аниқроғи, Таиланд ҳамда Индонезияда давом эттирган тажрибали ҳимоячи Артём Филипосян 2022 йилдан Ўзбекистон Суперлигасида тўп сурадиган бўлди. У дастлаб «Бунёдкор» машғулотларида кўриниш берди, сўнгра «Сўғдиёна» билан шартнома имзолади. Махсус мухбиримиз ушбу футболчи билан янги жамоаси ҳамда келгуси мақсадлари бўйича суҳбатлашди.

- «Сўғдиёна» билан келишув қай тариқа амалга ошди?

- Хабарингиз бор, бунга қадар «Бунёдкор» машғулотларида иштирок этиб, спорт формамни ушлаб тургандим. Орада «Сўғдиёна»дан таклиф бўлди. Улуғбек Бақоевнинг ўзи чақирди. У билан муносабатимиз яхши, илгари «Бухоро»да ушбу мутахассис қўл остида тўп сурганман. Натижада, жиззахликлар таклифига розилик билдирдим. Чунки жамоа янги мавсумда ҳам совринли ўринлар ва кубокни қўлга киритиш учун курашмоқчи.

- Шартнома муддати қанчага тузилди?

- Ҳозирча бир йиллик битим имзоладик.

- Мавсумни «Бунёдкор» таркибида бошлашингиз тахмин қилинганди. Нима, «қалдирғочлар»дан таклиф бўлмадими?

- Бўлди. Шуҳрат Мақсудов билан ҳам алоқаларимиз яхши, у ерда қолишим мумкин эди. Ҳар ҳолда, «Бунёдкор» менга бегона эмас, фаолиятимнинг яхши мавсумларини ўша ерда ўтказганман. Бироқ шартнома бўйича айрим жиҳатларини келиша олмадик. Шундай бўлса-да, уларга миннатдорчилик билдираман, янги мавсумда омад ёр бўлишини тилайман.

- «Бухоро»дан ҳам таклиф бўлгани ростми?

- Тўғриси, йўқ. Лекин «Қўқон-1912»дан чорлов бўлди, бунинг учун Бахтиёр Ашурматов ва унинг жамоасига раҳмат.

- «Сўғдиёна»да ҳам ўзига яраша рақобат бор. Бунга тайёрмисиз?

- Шу вақтга қадар рақобатдан асло чўчиган эмасман. Қайси жамоада ўйнаган бўлсам, ўзига яраша рақобатга дуч келганман. Жиззахда ҳам бунга тайёрман. Ёшимдан келиб чиқиб, ёшларга ўрнак бўлишни истайман.

- Янги мавсумда жамоангизни асосий мақсадлари қандай?

- Имкон қадар совринли ўринлардан бирини эгаллаш ва кубок баҳсларида зафар қучиш. Албатта, бу осон бўлмайди. Чунки кўриб турибмизки, қолган жамоалар ҳам таркибини сезиларли даражада кучайтирмоқда. Ўйлашимча, совринли ўрин учун курашадиганлар кўпчиликни ташкил қилади.

- Суперлиганинг бугунги ҳолати ҳақида қандай тасаввурдасиз?

- Уч йил хорижда тўп сурдим. Назаримда, бу вақт оралиғида Ўзбекистон Суперлигасида савия ортган. Ўтган йили ҳам кўрдикки, кураш қизғин кечди, муросасиз ўйинлар сони кўпайган. Шу зайл давом этилса, ички чемпионатимиз янада ўсишга эришади.

- Таиланд клуби билан келишувни бекор қилишингизга сабаб нима?

- У ерда пандемиянинг таъсири кучли бўлаётгани боис, «Муангкан Юнайтед» раҳбарияти легионерларнинг маошини 50 фоизгача қисқартирмоқчи бўлди. Тушунарлики, бунга розилик бермадик ва ўзаро келишувга кўра, шартномани бекор қилдик.

- Бошқа жамоалардан таклиф бўлмадими?

- Бир йўла икки клуб мени ўз таркибида кўриш истагини билдирди. Бироқ улар ҳам камроқ маош айтишди, қолаверса, шартнома муддатини олти ойга мўлжаллашаётганди. Охир-оқибат уйга қайтишни афзал билдим. Ахир, олти ой ўйнагандан кейин янги жамоа излашга тўғри келади.

- Келгусида яна легионер сифатида тўп суриш истаги борми?

- Ҳозирча бу борада бирор нима демоқчи эмасман. Чунки бор эътиборимни «Сўғдиёна»га қаратганман. Бу жамоа билан янги мавсумда совринли ўринлардан бирини қўлга киритишни истайман.

ИЗЗАТБЕК суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz