Қайднома

Қидирув

Қатар-2022 довони: умумий ҳолат қандай?

Қатар-2022 довони: умумий ҳолат қандай?

  26.01.2022 14:34
  0
  306
Қатар-2022 довони: умумий ҳолат қандай?

Ўтаётган ҳар бир кун футбол оламини ҳар 4 йилликнинг бош турнири - ЖЧ-2022 стартига тобора яқинлаштирмоқда. Улкан Осиёда иккинчи марта, Араб дунёсида эса биринчи марта ташкиллаштириладиган мундиалда қайси миллий жамоалар иштирок этади? Ҳозирга келиб саралаш довонидаги умумий ҳолат қандай? Аввало айтиш керак, ҳозирча 32та қатнашчидан 13таси маълум. Хўш, қолган йўлланмалар учун кураш қандай давом этади?

ЕВРОПА (УЕФА)

Европа ҳудудидаги саралаш босқичида асосий масофа ортда қолди. Яъни 13та йўлланмадан 10тасининг эгаси тайин. Яна 3та чипта тақдирига март ойи охирига белгиланган «плей-офф» ўйинлари воситасида аниқлик киритилади. Янги форматга кўра, «плей-офф»га чиққан 12та жамоа 6та жуфтликка бўлинган - бу ярим финал ҳисобланади. Якунда 6та жамоа 3та финал ўйинида ўзаро куч синашади ва ғолиб жамоалар Қатар-2022 йўлланмасига эга чиқади.

«ПЛЕЙ-ОФФ» ЎЙИНЛАРИ

Ярим финал

24-25 март (пайшанба-жума)

1. ШОТЛАНДИЯ - УКРАИНА

2. УЭЛЬС - АВСТРИЯ

3. РОССИЯ - ПОЛЬША

4. ШВЕЦИЯ - ЧЕХИЯ

5. ИТАЛИЯ - Ш.МАКЕДОНИЯ

6. ПОРТУГАЛИЯ - ТУРКИЯ

Финал

28-29 март (душанба-сешанба)

2-жуфтлик ғолиби - 1-жуфтлик ғолиби

3-жуфтлик ғолиби - 4-жуфтлик ғолиби

6-жуфтлик ғолиби  - 5-жуфтлик ғолиби

 

ЖАНУБИЙ АМЕРИКА (КОНМЕБОЛ)

Жанубий Америкада саралаш турнири финишига 4та тур қолди. Ҳозирча фақат  Бразилия ва Аргентина миллий жамоалари асосий масалани ҳал этишга улгурди. Қолган иштирокчилар орасида йўлланмага энг яқини - Эквадор термаси. Бироқ бу жамоани олдинда Бразилия ва Аргентина термаларига қарши баҳслар кутмоқда. Маълумот учун, КОНМЕБОЛ зонасига 4,5та йўлланма ажратилган. Яъни кучли тўртликка кирган жамоа­лар тўғридан-тўғри чипта олса, 5-поғона соҳиби қитъалараро «плей-офф» босқичида ОФК (Осиё) вакилига қарши ўйнайди.

 

ШИМОЛИЙ ВА МАРКАЗИЙ АМЕРИКА (КОНКАКАФ)

КОНКАКАФ ҳудудидаги саралаш довонининг якуний босқичида 14та турдан 8таси ортда қолди. Жадвалнинг юқори қисми жуда зич: Канада, АҚШ, Мексика ва Панама термаларини атиги 2 очко ажратиб турибди. Бу зонадан 3та жамоа тўғридан-тўғри Қатарга йўл олади. Тўртинчи жамоа эса чипта масаласини «плей-офф» орқали ҳал қилишга уриниб кўради. Кўринишидан, Канада миллий жамоа­си ўз тарихида 2-марта ЖЧга чиқади, шекилли. Англиялик мураббий Жон Хердмэн бош­қараётган жамоа таркибида иқтидорлар кўп. Хусусан, Альфонсо Дэвис («Бавария») ва Жонатан Дэвид («Лилль»). Дарвоқе, қолган 6та тур баҳслари январь - март оралиғида ўтказилади.

 

ОСИЁ (ОФК)

Саралаш довонининг ҳал қилувчи раундида 12та жамоа икки гуруҳда кураш олиб бормоқда. Финишгача яна 4та тур бор. Якунда гуруҳларда 1-2-ўринни эгаллаган жамоалар чипта соҳибига айланади. 3-поғона соҳиблари эса ўзаро ўйинда қитъалараро «плей-офф»да ким ўйнашига ойдинлик киритишади. Айни пайт «A» гуруҳида деярли ҳаммаси маълум - Эрон ва Ж.Корея миллий жамоалари ўз таъқибчиларидан анча илгарилаб кетди. Лекин 3-ўрин масаласига келсак, ҳаттоки, охирги ўриндаги Сурия термасида ҳам имконият йўқ эмас. «B» олтилигида эса С.Арабистони термаси яққол етакчи. Кўринишидан 2-ўрин учун асосан Япония ва Австралия жамоалари ўртасида кураш боради.

 

АФРИКА (АФК)

Африкада саралаш довонининг асосий қисми ортда қолди. Хуллас, 10та гуруҳда ғолиб чиққан 10та жамоа «плей-офф» босқичига чиқди. Демак, энди 5та жуфтликда устун келган жамоалар ЖЧ-2022 йўлланмаси билан тақдирланади. Ҳал қилувчи ўйинлар март ойи­да бўлиб ўтади.

 

ОКЕАНИЯ (ОкФК)

Саралаш баҳслари ҳали бошлангани йўқ. Конфедерация раҳбарияти пандемия туфайли ўйинларни бир неча марта ортга сурди. Якунда 8та жамоани март ойида Қатарда тўплаб, тезкор турнир ташкил этиш режалаштирилди. Нима бўлишидан қатъий назар, Янги Зеландия термасининг қитъалараро «плей-офф»га чиқиши деярли маълум - бу жамоа мутлақ фаворит.

Қуръага кўра, қитъалараро «плей-офф» баҳсларида Осиё ва Ж.Американинг 5-жамоалари ўзаро куч синашади. Иккинчи жуфтлик - Шимолий ва Марказий Американинг 4-вакили - Океаниянинг 1-жамоаси. Ҳозирча бу ўйинлар санаси маълум эмас, лекин охирги 2та йўлланма соҳиби бетараф майдонда ўтказиладиган 2та ўйин орқали аниқланиши тайин. 

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz