Қайднома

Қидирув

Ёввойи саргузашт: 48 соатда икки ўйин ва...

Ёввойи саргузашт: 48 соатда икки ўйин ва...

  28.01.2022 04:04
  0
  259
Ёввойи саргузашт: 48 соатда икки ўйин ва...

Гана миллий жамоаси Африка кубоги-2022да курашни муддатидан анча олдин, яна шармандали ҳолатда тўхтатди - Милован Раевац бошқарувидаги «қора юлдузлар» гуруҳ босқичи доирасидаги 3та ўйинда атиги 1 очко олишди. Айтиш ўринли, ганаликларни ЖЧ-2010 1|4 финалига айнан шу мутахассис етаклаган эди. Бу сафар ҳаммаси тескари тус олди. Аслида «қора юлдузлар» 3-турда Комор ороллари термасини енгишганида, курашни давом эттиришарди, бироқ жамоа сардори Андре Айюнинг 25-дақиқадаёқ майдондан четлатилиши оқибатида ўйин издан чиқди ва рақиб ҳақли равишда ғалаба қозонди.

Хуллас, Африканинг энг кучли терма жамоаларидан бири охирги 16 йил бадалига илк марта қитъа биринчилиги «плей-офф» босқичларидан четда қолди. Бугунги Гана термасининг асосий ижрочиларидан бири - «Арсенал» вакили Томас Партига алоҳида ачиниш мумкин. Айю қизил карточка олгач, сардорлик боғичи айнан Партига берилди. Умуман олганда, «Арсенал» таянч ярим ҳимоячиси АМК-2022 доирасидаги 3та ўйинда майдонга тушиб, 2та голга ассистентлик қилди, аммо бу натижаси камлик қилди.

Табиийки, Парти «Арсенал» ихтиёрига яхши кайфиятда қайтмади. Шунга қарамай, Микель Артета ганалик футболчини «Ливерпуль» билан бўлган Лига кубоги ярим финали такрорий ўйини қайдномасига киритди. Ваҳоланки, у атиги 48 соат олдин Комор ороллари термасига қарши баҳсда майдонга тушганди. Яна бир эътиборли томони, Парти АМК туфайли АПЛда бирор ўйинни ўтказиб юбормади. Аммо ганалик футболчи «қизиллар» билан баҳсда атиги 15 дақиқа ҳаракатланди, холос. Гап шундаки, захирадан сафга қўшилган Томас аввалига Неко Уилямс оёғини босиб олди, рефери Мартин Аткинсон бу ҳаракатини сариқ карточка билан «сийлади». Шундан атиги 3 дақиқа ўтиб, Фабиньога нисбатан қўполлик ишлатган Томас «сариқ»ни «қизил»га айлантириб олди. Шу тариқа Микель Артета даврида «Арсенал» футболчилари тўплаган «қизил»лар» сони 14тага етди. Таққослаш учун айтсак, «Ливерпуль» вакиллари Юрген Клопп бошқарувидаги 3,5 йил давомида атиги 8 марта қизил карточка ишлашган.

Артета ўйиндан кейин Партини танқид қилишдан тийилди, футболчининг ўзи эса барчасини тўғри англаган ҳолда, «Инстаграм» орқали жамоа ва мухлислардан узр сўради: «Масъулиятни ўз зиммамга олиб, танқидларни тўғри қабул қилишим керак. Бундай «подкат» ишлатмаслигим керак эди, боз устига, олдинроқ сариқ карточка олгандим. Демак, майдонда ақл билан ўйнашни ҳам ўрганишим керак. Лекин табиатим шунақа - ҳар бир тўп учун курашишни истайман. Клубимни ҳам, ватанимни ҳам яхши кўраман, албатта, бироқ баъзан ишлар сен хоҳлагандек тус олмайди...».

Умуман, якунланган ҳафта «Арсенал» ва Томас Парти учун эмас экан - Лондон клуби икки кубок турниридан чиқиб кетган бўлса, ганалик футболчи 3та мусобақадан четда қолди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz