Қайднома

Қидирув

Рейтинг: Элдор Шомуродов- мутлақ "элит" ва усиз самара йўқ экан....

Рейтинг: Элдор Шомуродов- мутлақ "элит" ва усиз самара йўқ экан....

  08.02.2022 10:10
  0
  457
Рейтинг: Элдор Шомуродов- мутлақ

Transfermarkt портали талқини бўйича Ўзбекистон футболининг энг қимматбаҳо легионерлари. Табиийки, хорижда тўп сураётган вакилларимиз орасида Европанинг кучли 5та лигасидаги ягона вакилимиз - Элдор Шомуродов мутлақ етакчи. Германия портали 2021 йил якуни бўйича «Рома» ҳужумчиси трансферини 12 миллион еврога баҳолади. Ҳозирда унинг таъқибчилари анча орқада...

1. 12 миллион евро - бу 26 ёшли Элдор Шомуродов учун чўққи ҳам, чегара ҳам эмас. Ҳар ҳолда, «Рома» вакилида ўз баҳосини ошириш имконияти етарли.

2. Анчадан буён БААда ризқ тераётган Отабек Шукуров бир қарашда, «Ал-Шаржа»да кўпроқ ушланиб қолди. Қанийди, 25 ёшли ярим ҳимоячи ҳам еврофутболга юзланса. Акс ҳолда, унинг трансфер баҳоси 3,5 миллион евродан ошиши қийин-ов...

3. Ишонамизки, Жалолиддин Машарипов Саудия Арабистони ва «Ал-Наср»даги фаолият билан чекланиб қолмайди. Яна 3 миллион еврога тенг баҳо билан ҳам.  4. 23 ёшли Азиз Ғаниев («Шабаб Ал-Аҳли») ҳар томонлама ўсиш имкониятига эга. Фақат энди жароҳатларни четлаб ўтса, бас. Унинг нархи ҳозирча 2 миллион евро.    

5. Игорь Сергеев (1,7 миллион евро) ўтган мавсум ўзини бир мунча ўнглаб олди. Энди «Тобол»да барқарор гол уришда давом этса, бас.

6. Жафокаш Остон Ўруновга нимадир етишмаётгани аниқ. Ажабмас, «Уфа» вакили янги мавсумда аслида кўп нарсага қодирлигини намойиш этиб, 1 миллион евро маррасидан ошса.

Кучли 10таликка кирган қолган футболчиларимиз трансфер баҳоси 1 миллион евродан кам. Улар орасида «Пахтакор»га қайтиб, яна араб футболига кетган Достон Ҳамдамов ва яқинда «шерлар» билан шартнома тузган Сардор Рашидов ҳам бор. Чунончи, бу рейтинг 2021 йил якунлари бўйича тузилган.

***
Атганча,
Элдорсиз самара йўқ экан...Жозе Моуриньо Италия чемпионати 24-туридан ўрин олган «Рома» - «Женоа» учрашувида ҳамюртимиз Элдор Шомуродовга имконият бергани йўқ. Ваҳоланки, ўйин давомида «бўрилар»нинг ҳужумда ишлари сира юришмади. Тўғри, охирида Николо Заньола гол урди, аммо у ҳисобга олинмади. «Рома»нинг маълум вақт сон жиҳатидан кўпчилик бўлиб ўйнаганини ҳам айтиш керак. Хуллас, якун ўхшамади - 0:0. Дарвоқе, Элдор Шомуродов «Рома»нинг январь ойидаги энг чиройли голи муаллифи сифатида тан олинди. «Рома» матбуот хизмати томонидан ўтказилган сўровда энг кўп овоз ҳамюртимизнинг «Лечче» дарвозасига урган голига берилди. Сўровда мухлислар ҳукмига Лоренцо Пеллегрини («Ювентус» дарвозасига), Тэмми Абрахам («Лечче» дарвозасига) ва Николо Заньоло («Эмполи» дарвозасига) голлари ҳам ҳавола қилинганди.

Эътиборлиси, «Кьево» ва «Пиза» клублари собиқ ҳужумчиси Давиде Москарделли «Рома» ҳужум чизиғига тўхталиб, Элдорда сифат борлигини алоҳида таъкидлади: «Ҳа, Шомуродов яхши бошламади, у катта мақсад сари интилиши керак. Ҳозирча ўзини тўлиқ кўрсатолмаяпти. Рим - нисбатан мураккаб ва ўзгача жой. Муҳими, Элдорда сифат бор, буни ўтган мавсум «Женоа»да намойиш этди. Баъзида қийин вазиятдан чиқиб кетиш учун катта ўйиндаги ижобий ҳаракат ёки гол зарур».Эслатма, аввалги ёз «Женоа»дан «Рома»га 17,5 млн. евро эвазига ўтган Элдор жорий мавсум жами 26та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол ва 5та самарали узатма муаллифига айланди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz